Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида 23 январь куни 230-сонли болалар боғчасида қизларга тегажоғлик қилишда гумонланаётган шахсга оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланди, деб хабар бермоқда Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Абидов.

Вояга етмаган Х.Ш. (2008 йилда Тошкент шаҳрида туғилган) шу мактабгача таълим ташкилоти собиқ директорининг ўғли ҳисобланиб, боғчадаги 4 нафар тарбияланувчи қизчага улар ухлашга ётган вақтида тегажоғлик қилганликда айбланган.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг судьяси Ж. Курбанов раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (Судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ Х.Ш. Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисмида (Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 85-моддаси (Озодликдан маҳрум қилиш) 2-қисми «в» бандига асосан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони тарбия колонияларда ўташ белгиланди.

Олий суд биринчи инстанция судининг ҳукмидан норози тарафлар Тошкент шаҳар судига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли эканини эслатиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил май ойида «Газета.uz» нашрига бир қанча ота-оналар мурожаат қилиб, уларнинг фарзандларига таълим ташкилоти директорининг мактабда ўқийдиган ўғли тегажоғлик қилганини айтганди. Уларнинг сўзларига кўра, воқеа 2 май куни тушдан кейин 6 ёшли болалар гуруҳи ухлашга кирганида содир бўлган ва гумонланувчи бола 4 нафар қизчага тегажоғлик қилган. Директор эса буни «туҳмат» деб атаганди (воқеа ҳақида батафсил ушбу ҳаволада ўқиш мумкин).

«Газета.uz» суриштирувидан сўнг ҳолат юзасидан жиноят иши очилган. ИИВ тергов давом этаётганини, Бош прокуратура ва Мактабгача таълим агентлиги ҳолат қатъий назоратга олинганини билдирган. Шунингдек, боғча директори «хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашиб, болалар ҳаётини хавф остига қўйгани учун» ишдан бўшатилган.