«Газета.uz» нашрига бир қанча ота-оналар мурожаат қилиб, уларнинг фарзандларига Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 230-сонли мактабгача таълим ташкилоти директорининг 11- ёки 9-синфда ўқувчи ўғли тегажоғлик қилганини айтишди. Уларнинг сўзларига кўра, воқеа 2 май куни тушдан кейин 6 ёшли болалар гуруҳи ухлашга кирганида содир бўлган ва гумонланувчи бола 4 нафар қизчага тегажоғлик қилган.

Мухбир билан суҳбатда директор бу туҳмат эканини таъкидлади, бошқа болаларнинг ота-оналари эса ушбу ҳолат ростдан ҳам бўлганини, уларнинг фарзандлари сўзлаб беришганини айтди. Мазкур ҳолат юзасидан «Газета.uz» суриштирув ўтказиб, томонларнинг фикрини ўрганди. Директор боғчага киришга ва суратга олишга, қолаверса, боғча ҳамшираси ва психологи билан суҳбатлашишга қаршилик кўрсатди.

Мавзу ўта нозик бўлгани боис суҳбатдошлар ва жабрланувчиларнинг исм-шарифи ёки сурати кўрсатилмайди. Таҳририятда шахсларнинг маълумотлари, суратлари, ҳолатга тегишли видео ва аудио фактлар мавжуд.

Жабрланувчи томон фикри

Мухбир билан суҳбатда бир жабрланувчи қизчанинг бувиси таъкидлашича, қизларга директорнинг Ҳ1-Ҳ2 (эгизак) ўғилларидан бири тегажоғлик қилган бўлиши мумкин.

«Директорнинг икки ўғли Ҳ1-Ҳ2 ҳар доим боғчада юради. Қизчалар [хонага] Ҳ1 кирган деб айтишяпти. Суҳбатда кирганини айтиб қўймасин деб, кирмаган болани [Ҳ2ни терговга] киргизишяпти. Унинг дадаси ҳам ўғлимни чақириб, „ота-оналардан узр сўраймиз, биздан ўтди“, деган гапларни айтган. Ўғлим шуларни диктофонига ёзиб олган», — деди у.

Тўрт нафар қизчанинг бари бир хил кетма-кетликда — аввалига А. исмли қизчага, кейин Б. исмлига, кейин С. ва Д. исмли қизчаларга 15 ёшли йигит келиб тегингани, «уларнинг иштони ва ич кийимини ечиб, номақбул ҳаракатларни» амалга оширганини сўзлаб берган. «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда қизчалардан бири содир бўлган воқеани худди шундай тасвирлаб берди.

Дам олиш вақтида кузатилган ушбу ҳолатга бир неча бола гувоҳ бўлиб қолган.

«Боғча ҳамширасининг қизи М. „Ҳ1 акамни кўргандим, келиб шу ишни қилдилар, иштонини ечдилар“ [М. ҳам ушбу гуруҳ тарбияланувчиси — таҳр.] деб гапириб берганди бизга. Онаси ва тарбиячиси келганидан сўнг „қандай кўрасан, сен йўқ эдинг-ку, ташқарингда юргандинг-ку“, деб пўписа қилганидан кейин қиз „мен ёлғон гапирдим“ деб қолди. Уни ҳам психологга чақиришганди, лекин онаси олиб келмади, ҳозир боғчага ҳам келмаяпти. Директор билан ҳамширанинг тили бир. Лекин Аллоҳдан қўрқмаяпти улар», — дейди жабрланувчининг бувиси.

Суҳбатдошнинг айтишича, уларнинг фарзанди болага қаршилик кўрсатган, бироқ у куч ишлатиб, «кўзингни юмиб ол» дея, ўз ишида давом этган. «Ечманг десам, кучим етмади. Овози ҳам йўғон эди, қўрқма, кўзингни юмиб ёт, ҳеч ким кўрмаяпти, ҳамма ухлаяпти деб айтди», деди қизча. Унинг бувиси эса «Бола шундай гапларни ўйлаб топа оладими?» — дея савол билан юзланди.

«Бир ўғил — О. деган бола кўрган. Унга кўзингни юм деб бақирган ва у кўзини юмиб ўтирган. Кўп болалар мен кўрдим деяпти. Кеча ҳам биттасининг онаси ёзди, қизининг исми Ф. экан. У ҳам шундай қилганини кўрибди, кўплар кўрган. Албатта, улар (директор ва бошқалар — таҳр.) жойини йўқотишдан қўрқади. Бу бола стресс олмадими, психикасига таъсир қилмадими?» — дея ўкинади аёл.

болалар боғчаси, суриштирув, тегажоғлик

Воқеа содир бўлган вақтда Людмила исмли боғча опаси иш жойида бўлмаган. Унинг ўзи бунга «бу ерда фақат тушлик вақтигача ишлашини» сабаб қилиб кўрсатди. Қолаверса, унинг фикрича, «болачалар алдашни, айниқса, бундай гапларни тўқиб чиқаришни билмайди». Унинг ёрдамчиси эса болаларни ухлатишга киргизиб, ўзи иккинчи тушлик олиб келиш учун чиқиб кетган бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган материал бўйича Чилонзор тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан текширув ўтказилмоқда. Телефон орқали суҳбат давомида терговчи маълумот бера олмаслигини, бунинг учун пойтахт ИИББдан рухсат олиш зарурлигини таъкидлади.

Воқеа доирасида текширув бошлангач, болалар экспертизага олиб борилган. Бироқ, ота-оналарнинг сўзларига кўра, уларни фақат оғзаки сўроқ қилишган, холос. Психолог билан суҳбат эса ота-оналар ва уларсиз амалга оширилган. Суҳбат якунида эса психолог чиқиб, «бола қизларга тегинган, хулосам шу», — деб тасдиқлаган.

Бошқа бир тарбияланувчи психолог билан суҳбатга олиб борилаётган вақтда машина ичида гумонланувчи унга нисбатан қандай ҳаракатлар қилганини кўрсатиб ҳам берган.

Суҳбатдошларнинг фикрича, «ишни ёпти-ёпти қилиб юборишмоқчи».

«Ўғил бола ундай иш қилмаган, деган гапни айтишяпти. Майли, лекин 4 қизча бир хил туш кўрмайди-ку. Набирам кийимини ҳам айтди — „бир эркак қизил футболка, жинси шимда келди“, деди. Жим юришимиз ҳам мумкин эди, қизларимиз яқинда мактабга чиқиб кетади. Лекин бу директор шу боғчада ишласа, ўғиллари киради ва бошқаларга ҳам тегинаверади», — дейди аёл.

Унинг сўзларига кўра, аввал бундай ҳолат ҳақида эшитмаган. «Лекин директор байрамларда бизни боғчага киргизгани қўймайди, 2 ўғли эса қачон қараса, шу ерда юради. Ҳамма ота-она гапиради. Ўша куни ишлаб турган камерани ҳам улар бузиб қўйишди, менимча. Чунки камера ўша боланинг гуруҳга киргани ва чиққанини олганди», — дейди у.

«Қариган чоғимда шуларни ўйлаб топиб, менга ҳам нима керак? Директор ўғилларим беш маҳал намоз ўқийди деди, сизлар ёлғон гапиряпсизлар деди. Ёш бола ёлғон гапирадими? Бундай гуноҳни қилиш жуда ҳам ёмон», — дея ўкинади аёл.

Терговчилар унинг ўғлига «бу ҳолатни исботлай олишмаслигини» уқтиришган. «Ўғлимга ҳеч ким буни исбот қила олмайди, дейишибди. Уйга кайфияти тушиб келди. Унда замон пули борларники экан-да, бу қанақаси, дедим. Қолаверса, президентимиз, уларнинг қизлари [зўравонликка қарши] чиқиш қилиб юрибдилар, аёлларни ҳимоя қилишяпти-ку», — деди у.

«Шу ишни қилган болани қаманглар, демоқчи эмасман, лекин унга ёки онасига қандайдир жазо бўлиши керак-ку… Тўғри, унгаям қийин, у ҳам она. Айбини тан олса, болага нимадир бўлади, синади. Унга ҳам ёмонлигим йўқ. Лекин шу аёл бу боғчада ишлашига қаршилигим бор. Орадан бир ой, бир йил ўтар, лекин яна такрорланаверади», — деди жабрланувчининг бувиси.

Унинг қўшимча қилишича, директор ва уларнинг ўртасида бирор келишмовчилик бўлмаган, «бирор марта уларга эътироз билдирмаган, сан-манга ҳам бормаган».

Ота-оналарнинг айтишича, «жабрланувчи қизлар кўпроқ ҳам бўлиши мумкин, лекин буни боладан бошқа ҳеч ким билмайди».

«Бу — туҳмат». Боғча директорининг фикри

Исм-фамилиясини кўрсатмасликни илтимос қилган 230-сонли МТТ директори ўғли ММА билан шуғулланиши, ҳозирда 9-синфда ўқиётгани ва 15 ёшдалигини айтди.

Қолаверса, у юқоридаги айбловни рад этиб, «бунинг барчаси туҳмат эканини» таъкидлади. Бироқ ўғлининг тарбияланувчилар ухлаётган хонага кирганини рад этмади. Унинг сўзларига кўра, ўғли хонага 3:30 ларда кириб, 3:40 ларда чиқиб кетган, яъни ичкарида 10 дақиқа бўлган.

Нима сабабдан у хонага кирганини сўраганимизда эса она кичкина фарзандига овқат едириш учун ўша хонага борганини айтди. «Кичкинамнинг овқатини едириб бергин, дегандим. Гуруҳга кирсанг, яхши деб айтгандим. „Уф, кеч қоляпман дарсимга, шуни ўзингиз қилсангиз бўлади-ку, деб минғиллаб“ зўрға кирганди», — деди директор.

У хоналарда камера йўқлиги, йўлаклардаги эса айнан ўша куни ишламай қолганини таъкидлади. Бироқ фарзанди соат айнан нечада кириб-чиққанини ишонч билан айтди.

«Ўғлимнинг ақли-ҳуши жойида. Мақтаниш эмас, боламни 5 маҳал намозга солганман. Дадаси бомдодни жамоат билан ўқиш керак дейди, бирга намоз ўқишади… Бу — ўсаётган болани синдириш!» — деди у.

Боғча психологи суҳбат ўтказгани, болалар билан ишлаганини сўрашга уринганимизда эса директор ишга бунчалик чуқур ёндашишмаганини айтиб, қаршилик кўрсатди. У буни унчалик «эътибор бериб, ёритишга арзимайдиган мавзу» деди ва умуман ёритмасликни сўради.

Директорнинг сўзларига кўра, ўша куни тарбиячи Людмила опа (ўзи эса тушликкача ишлашини айтди) тиззалари лат еб, шишиб кетгани учун тушликдан сўнг уйига кетган. Унинг ёрдамчиси (нянка) эса иккинчи тушлик учун булочкаларни олиб келишга чиққан бўлган.

Унинг сўзларига кўра, қизчаларнинг тарбияси яхши эмас. «Шунақанги бардак, тарбияси бузуқ гуруҳ бўлади-ку, худди шунақа. Қилмаган ишингизни қилди, урмаса урди, дейди. Сийиб, чичиб қўйса, уни ювиб, устини алмаштириб берворсак ҳам, боласи шиптирда [сийдик ҳолича] қолиб кетган бўлади… Яна-чи, 4−5 таси деяпти, жиннилик-ку бу. Билмадим, худо бор-ку», — деди у.

Директорнинг сўзларига кўра, тиббий экспертизанинг жавоби «тоза» чиққан, орган ходимлари ҳозирча бу ҳақда ота-оналарни хабардор қилмаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари индамай туриш ва орадан 3−4 кун ўтиб, ҳаммаси унутилиб кетишини айтишган.

Гувоҳлар нима дейди?

Мазкур ҳолатни ўз кўзи билан кўрган бир қизча кечки пайт воқеани онасига сўзлаб берган. Унинг айтишича, қизчаларга Ҳ1 тегинган. Онаси фарзанди Ҳ1 ва Ҳ2ларни яхши ажрата олиши ва улар боғчага келиб турганини қайд этган.

«Қизим шамоллаганди, ўша пайт гуруҳда роса йўталган. Соат 14:25 да энагаси телефон қилди. Қизингиз ухламаяпти, йўталиб, болаларни ҳам ухлатмаяпти, деди. Туғуруқхонадан чиққандим, чақалоғим бор, хўжайиним ҳам йўқ эди. Нима қилай, уйдагилар қизимни бориб олиб келишсинми десам, йўқ, 1 соатдан кейин уйғонишади ўзи, эртадан олиб келмасангиз бўлади, деб айтди. Бу воқеа шундан кейин бўлган», — дейди гувоҳнинг онаси.

«Хуллас, қизим йўталиб ухлолмаган. Уйғоқ ҳолда ҳаммасини кўриб ётдим, деяпти. Биринчи айтишга қўрқди, дадам ва бувимга айтмасангиз, айтаман деди. Майли дедим. Секин алдаб-сулдаб сўрасам, ўша бола ростдан ҳам кирганини, ҳаммани ухлатганини, энагаси чиқиб кетганини, ҳатто энагаси бирпас ухлаб олганини, болаларга ўша бола қараб турганини айтди. Ёш бола алдамаса керак», — дейди у.

«Кейин Диля опам булочка олиб келгани чиқиб кетган пайтда Ҳ1 ака қизларнинг иштони ва ички кийимини ечиб, мана шунақа қилди, деди. Сенга тегмадими десам, ёнимгача келди, исмимни сўради, айтдим, деди. Менга тегмади, лекин бошқа қизларни шунақа қилди, деди. Ўша куни бу воқеаларни кечаси билдим», — деди у.

Аёл шундан сўнг бошқа ота-оналарга ҳам қўнғироқ қилиб, ўзининг қизига Ҳ1 тегингани ёки йўқлигини суриштирган.

«Унга ҳеч ким ўргатмади, боғчага ҳам чиқармадим. Биринчи ва иккинчи жабрланувчи қизчаларнинг ота-оналарига ҳам телефон қилдим. Фарзандларингиздан сўраб кўринглар-чи, балки мениям қизимга тегганмикин, балки бу уялиб, айтмаётгандир ёки буни қўрқитгандир, сўраб беринглар, дедим. Улар болаларидан сўрашганида қизимга тегмади дебди. Лекин қизим уларга тегганини кўрган», — дейди у.

«Лекин мен бемалол гувоҳлик бероламан. Чунки менинг ҳам 3 та қизим бор, кичиги ҳалиям ўша боғчага боради. Бу иш ёпти-ёпти бўлиб кетгандан кейин у бола яна келмайди, деб ким кафолат беради? Онаси ўша ерда директор бўлса. Балки 2−3 ой келмас, лекин яна онасининг олдига келади-ку. Ёш бола эмас у.

Гувоҳ қизча ҳам юқоридаги қизчалар сингари гумондор кетма-кетликда кимларга яқинлашгани ва тегинганини айтиб берган. «Биринчи А.га, кейин тепамда ётган Б.га тегинди. Тепада бўлгани учун нималар қилганини кўролмадим, чунки Ҳ1 акани бўйлари узун», деб қизининг сўзларидан иқтибос келтирди аёл.

«Мен шу директор ишдан олиниши тарафдориман. Чунки мен қизим бундай боғчага боришини хоҳламайман», — дейди гувоҳ қизчанинг онаси.

Бундан ташқари, мухбирлар билан суҳбатлашган ота-оналарнинг барчаси боғча улар учун ёпиқлиги, 2−3 йилдан бери байрамларда ўтказиладиган тадбирларда уларнинг иштирок этиши тақиқлангани, ҳаттоки фарзандларини хоналарига кузатиб қўйишларига ҳам рухсат берилмаслигини таъкидлашди.

«Газета.uz» мазкур ҳолатни назоратга олиш ва фуқароларнинг важларини холис ва шаффоф ўрганиб чиқишни сўраб, Ўзбекистон Бош прокуратураси, Тошкент шаҳри ИИББ ҳамда болалар омбудсманига мурожаат қилади.

Пойтахт ИИББнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, мазкур ҳолат назоратга олинган ва текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Болалар омбудсмани «Газета.uz»га вазият назоратга олингани ва ўрганилаётганини маълум қилди.