Тошкентнинг Чилонзор туманидаги 230-сонли мактабгача таълим ташкилотида директорнинг 15 ёшли ўғли 4 нафар тарбияланувчи қизчага улар ухлашга ётган вақтида тегажоғлик қилгани хабар қилинганди. Ички ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.

Вазирликнинг қайд этишича, 2 май куни 4 нафар фуқаро Чилонзор тумани ИИОга ариза билан мурожаат қилган. Улар вояга етмаган, 2008 йилда туғилган Х.Ш.ни фарзандлари (6 ёшли қизлар)нинг танасини турли қисмларини қўли билан ушлаб, уятсиз бузуқ ҳаракатлар содир этганини маълум қилишган ва Х.Ш.га нисбатан қонуний чора кўришни сўрашган.

Ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО томонидан Жиноят кодексининг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 119-моддаси (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

«Тергов давом этмоқда. Жиноят иши доирасида барча ҳолатлар батафсил ўрганилиб, зарурий тергов ҳаракатлари ўтказилиши ва натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Мактабгача таълим агентлиги ушбу ҳолат назоратга олинганини, судга оид тиббиёт ва психологик экспертизалари тайинланиб, суриштирув ишлари олиб борилаётганини билдирганди. Бош прокуратура ҳам қатъий назоратга олинганини қайд этганди.

Маълумот ўрнида, юқоридаги моддада назарда тутилган ҳаракатлар ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, гумонланувчи ўн беш йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» нашрига бир қанча ота-оналар мурожаат қилиб, уларнинг фарзандларига Тошкентнинг Чилонзор туманидаги 230-сонли мактабгача таълим ташкилоти директорининг 11- ёки 9-синфда ўқувчи ўғли тегажоғлик қилганини айтишганди. Уларнинг сўзларига кўра, воқеа 2 май куни тушдан кейин 6 ёшли болалар гуруҳи ухлашга кирганида содир бўлган ва гумонланувчи бола 4 нафар қизчага тегажоғлик қилган.

Мухбир билан суҳбатда директор бу туҳмат эканини таъкидлади, бошқа болаларнинг ота-оналари эса ушбу ҳолат ростдан ҳам бўлганини, уларнинг фарзандлари сўзлаб беришганини айтди. Мазкур ҳолат юзасидан «Газета.uz» суриштирув ўтказиб, томонларнинг фикрини ўрганди. Директор боғчага киришга ва суратга олишга, қолаверса, боғча ҳамшираси ва психологи билан суҳбатлашишга қаршилик кўрсатди.

Воқеа ҳақида батафсил ушбу ҳаволада ўқиш мумкин.