Тошкентнинг Чилонзор туманидаги 230-сонли мактабгача таълим ташкилотида директорнинг 15 ёшли ўғли 4 нафар тарбияланувчи қизчага улар ухлашга ётган вақтида тегажоғлик қилганликда гумонланаётгани ҳамда Ички ишлар вазирлиги ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатгани маълум қилинганди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг билдиришича, боғча раҳбари хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашиб, болалар ҳаётини хавф остига қўйгани учун лавозимидан озод қилинди.

«Директор боғча ҳудудига бегона шахснинг киришига йўл қўйиб бергани, тарбияланувчи болалар ҳаётини хавф остига қўйгани, ички меҳнат тартиб-қоидаларини бузгани ва ўз хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашгани сабабли у билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 161-моддаси иккинчи қисми 5-бандига асосан бекор қилинди», — дейилади хабарда.

Аввалроқ Мактабгача таълим агентлиги ушбу ҳолат назоратга олинганини, судга оид тиббиёт ва психологик экспертизалари тайинланиб, суриштирув ишлари олиб борилаётганини билдирганди. Бош прокуратура ҳам ҳолат қатъий назоратга олинганини қайд этганди.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» нашрига бир қанча ота-оналар мурожаат қилиб, уларнинг фарзандларига таълим ташкилоти директорининг 11- ёки 9-синфда ўқувчи ўғли тегажоғлик қилганини айтишганди. Уларнинг сўзларига кўра, воқеа 2 май куни тушдан кейин 6 ёшли болалар гуруҳи ухлашга кирганида содир бўлган ва гумонланувчи бола 4 нафар қизчага тегажоғлик қилган.

Мухбир билан суҳбатда директор бу туҳмат эканини таъкидлади, бошқа болаларнинг ота-оналари эса ушбу ҳолат ростдан ҳам бўлганини, уларнинг фарзандлари сўзлаб беришганини айтди. Ҳолат юзасидан «Газета.uz» суриштирув ўтказиб, томонлар фикрини ўрганди. Директор боғчага киришга ва суратга олишга, қолаверса, боғча ҳамшираси ва психологи билан суҳбатлашишга қаршилик кўрсатди.

Воқеа ҳақида батафсил ушбу ҳаволада ўқиш мумкин.