Ўзбекистон-Қирғизистон қўшма автомобиль заводини ишга тушириш об-ҳаво шароити туфайли кейинга сурилмоқда. Бу ҳақда 24.kg нашрига Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазири Данияр Амангельдиев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, икки давлат президентлари томонидан келишилган «йўл харитаси»га кўра, корхонани жорий йил бошида ишга тушириш режалаштирилганди. Олдинроқ эса автомобилларни йиғиш июль ойида бошланиши ҳақида хабар берилганди.

«Об-ҳаво шароити туфайли бу муддат 2024 йилнинг биринчи ярмига кўчирилди. Аммо иш шу билан тугамайди. Ўйлайманки, Сокулук тумани аҳолиси қурилишнинг жадал суръатларда бораётганини кўрмоқда. Биринчи яримйиллик охирига қадар илк маҳсулотларни тақдим этамиз, деб ўйламан», — деди Данияр Амангельдиев.

«Ўзавтосаноат» компанияси 2023 йил 27 январь куни икки давлат ўртасидаги бизнес-форум чоғида Қирғизистонда автомобиль ишлаб чиқаришни ташкил этишга келишиб олган. Концерннинг қўшма корхонадаги ҳамкорлари «ДТ Техник» ва «Нур» бўлади.

ОАВ маълумотларига кўра, олти йил ичида завод 30 мингта автомобиль ишлаб чиқариш ва 1000 та иш ўрни яратишни режалаштирмоқда. Заводда Chevrolet, Daewoo ва Isuzu маркали 19 та моделдаги автомобилларни йиғиш режалаштирилган. Умумий инвестициялар 50 миллион долларга баҳоланган.

Завод қурилиши ўтган йилнинг май ойи ўрталарида бошланган. Қирғизистон бош вазири Акилбек Жапаров лойиҳани «ҳар икки давлат учун стратегик аҳамиятга эга» деб атаган.