Чуй вилоятининг Ак-Суу қишлоғидаги Ўзбекистон ва Қирғизистон қўшма заводида автомобиль ишлаб чиқариш июль ойида бошланиши режалаштирилган. Бу ҳақда Kaktus.media Қирғизистон иқтисодиёт вазири ўринбосари Айнура Усенбековага таяниб хабар берди.

14 март куни Қирғизистон парламентининг ёқилғи-энергетика комплекси, ер қаъридан фойдаланиш ва саноат сиёсати қўмитаси икки давлат ўртасида автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битимни кўриб чиқди.

Лойиҳани тақдим этган Айнура Усенбекованинг айтишича, икки давлат президентлари аввалроқ «июль ойида завод ишлай бошлайди» деган келишувга эришган. Шу муносабат билан бўлим шошилинч равишда келишувни қўмитага кўриб чиқиш учун тақдим этади.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, 10 июлдаги жадвалга кўра, биринчи автомобиль йиғилиши рўйхатга олиниши кутилмоқда. Заводнинг ўзи, ер ва бошқа инфратузилмани ҳисобга олмаганда, 2,5 млн дан 5 млн долларгача баҳоланмоқда.

Усенбекованинг таъкидлашича, биринчи босқичда йирик ва ўрта узелли йиғиш йўлга қўйилади. Келажакда электромобилларни кичик узелли йиғиш ҳам бошланиши мумкин.

ОАВ маълумотларига кўра, 2023 йилда Сокулук туманида қирғиз-ўзбек автомобиль заводи ишлай бошлайди. Олти йил ичида 30 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш, 2 минг иш ўрни яратиш режалаштирилган. Заводда 19 русумдаги Chevrolet, Daewoo ва Isuzu автомобилларини йиғиш мўлжалланган.

Қирғизистон иқтисодиёт вазири ўринбосари Канат Абдраҳмоновнинг қайд этишича, қўшма енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича келишув Қирғизистон томонидан «ДТ Техник» ва «Нур», Ўзбекистон томонидан эса «Ўзавтосаноат» АЖ томонидан имзоланади. «Жами сармоя 50 млн долларга баҳоланди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил сентябрь ойида Гаджигабул (Озарбайжон) шаҳрида UzAuto Motors ва «СамАвто» ишлаб чиқариш линияси очилган эди. General Motors билан иттифоқ доирасида UzAuto Motors Озарбайжонда Chevrolet автомобиллари сотуви бошланганини эълон қилди. Озарбайжоннинг ишлаб чиқариш ҳамкори Боку шаҳри яқинида жойлашган Гаджигабул саноат тумани таркибига кирувчи «Азермаш СР» заводи эди.

Ўзбекистон Туркманистонда ҳам автомобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирмоқда.