11 май куни «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Улуғбек Розуқулов ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Акилбек Жапаров иштирокида Қирғизистоннинг Чуй вилоятидаги «Алтин тулпар унаа курулуш» автомобиль ҳамда тижорат ускуналарини йиғиш ва ишлаб чиқариш заводининг қурилиши бошланди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳукумати сайтида хабар берилди.
Январь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи чоғида автомобиль ва тижорат техникаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро битим имзоланганди.
Март ойида эса Акилбек Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси ва Қирғизистоннинг «ДТ Течник» МЧЖ ҳамда «НУР» АЖ ўртасида автомобиль ва тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш (SDK) бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланган.
«Завод қурилиши „ҳар икки давлат учун ҳам стратегик муҳим лойиҳадир“», — деди Акилбек Жапаров маросимда.
Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.
Дастлабки босқичда заводнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 10 минг дона автомобилни ташкил этади, шунингдек, мингдан ортиқ доимий иш ўрни яратилади, дейилади хабарда.