Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Экологик партия фракцияси аъзолари Экология вазирлигининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан дарахтларни кесишга берилган рухсатномаларнинг қонунийлиги юзасидан бош прокурорга депутатлик сўрови юборди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.

Партия Чирчиқ шаҳри «Шодлик» маҳалласи Амир Темур кўчаси 192-уйда рўйхатдан ўтган Arena Cybersport масъулияти чекланган жамияти учун бошқарма томонидан берилган 27 туп дарахт — 9 дона Шарқ чинори, 2 туп сохта каштан, 3 туп Андросов қайрағочи, 3 туп айланта, 3 туп терак ва 7 туп Зарафшон арчасини кесиш рухсатномасини эълон қилди. Рухсатнома 2023 йил 22 ноябрда берилган ва 2023 йил 31 декабргача амал қилган.

Мурожаатда вазирликнинг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан 2022−2023 йилларда 600 дан ортиқ дарахт, шу жумладан қимматбаҳо дарахт турларини кесиш учун рухсатномалар берилгани алоҳида таъкидланган.

Бу ҳақдаги маълумот аввалроқ «Макаренко эффекти» Telegram каналида эълон қилинганди. Шунингдек, постга Экология вазирлигининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан «4 стройуправление» МЧЖга 528 туп, Discovery Invest МЧЖга 41 туп, «Ахангаранцемент»га 63 туп дарахт кесиш учун берилган рухсатномалар илова қилинган.