Ўзбекистонда чет элда ишлаб чиқарилган пивони, табиий ва кўпикланадиган виноларни реклама қилиш юзасидан чеклов бекор қилиниши мумкин. Сенат ушбу норма кўзда тутилган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни маъқуллади.

Қонунга кўра, «Реклама тўғрисида»ги миллий қонун Жаҳон савдо ташкилотининг Хизматлар савдоси бўйича бош битимида назарда тутилган меъёрлар билан ўзаро мувофиқлаштирилиб, эркин рақобат муҳитини яратилиши таъминланади.

Ўзбекистонда аввал ушбу маҳсулотларини реклама қилиш тақиқланганди. 2022 йил 9 сентябрь куни кучга кирган «Реклама тўғрисида»ги қонунга кўра алкоголь маҳсулотлари рекламасига йўл қўйилмайди, аммо Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пиво, табиий ва кўпикланадиган виноларни реклама қилишга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:

  • Меҳмонхоналарда, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарининг савдо залларида, шунингдек бундай маҳсулотларни намойиш қилиш ва татиб кўриш жойларида;
  • поездлар ва самолётларда;
  • телевидение ва радиода — соат 23:00 дан 07:00 гача;
  • ёш таснифини кўрсатган ҳолда — ичимликларни ишлаб чиқарувчилар ва сотувчиларнинг расмий веб-сайтларида.

Қонунга кўра, реклама материаллари спиртли ичимликларни ҳаддан ташқари истеъмол қилиш хавфи ҳақида огоҳлантириш билан чиқиши керак:

  • Бунда ичимликни ичиш тавсия этилмайдиган одамлар тоифасини ҳам қайд этиш;
  • Бундай маҳсулотларни истеъмол қилиш жараёнларини намойиш этмаслик, бу жараёнлар ижтимоий ва спортга оид муваффақиятга эришиш ёки жисмоний ва руҳий ҳолатни яхшилаш учун муҳим аҳамиятга эга деган таассуротни юзага келтирмаслиги;
  • шахсда уларни истеъмол қилишнинг зарарсизлиги ҳақидаги тасаввурни шакллантирувчи ғоялар, қарашлар ва бадиий образларни очиқ ёки яширин шаклда тарқатишга қаратилган ҳаракатлардан иборат бўлмаслиги;
  • Унда инсон образидан фойдаланилмаган бўлиши керак.

Шунингдек, қонунда бу турдаги ичимликларни реклама қилишда:

  • рағбатлантирувчи акциялар ёки шунга ўхшаш бошқа тадбирлар ўтказишга;
  • маданий-кўнгилочар, оммавий ва спорт тадбирларига ҳомийлик қилишга йўл қўйилмайди.