Президент 18 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда инвестиция соҳасидаги устувор вазифаларни белгилаб, янги цемент заводлари қуришни таклиф қилаётган мутасаддилар ҳақида гапирди.

«Мамлакатимизда цементга йиллик эҳтиёжни ортиғи билан қоплай оладиган ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилган. Лекин мутасаддилар цементдан юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни кўпайтириш, экологияга зарарли таъсирни камайтирувчи технологияларни жорий қилиш ўрнига яна 22 та цемент заводи қуриш таклифини бераётгани ажабланарли», — дея таъкидлади президент.

Сўнгги олти йилда саноатга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 7 баробар ошган. Президент, шунга қарамай, комплекс, тармоқ ва ҳудуд раҳбарларида ҳар бир доллар инвестиция қанча иш ўрни яратгани, қўшилган қиймат ва экспорт қанчага ошгани борасида таҳлил етарли эмаслигини қайд этди.

Сўнгги уч йилда четдан 14,2 млрд долларлик асбоб-ускуналар олиб келинган. Лекин, шунча технология киритилаётгани билан ҳудудларнинг саноат экспорти шунга мутаносиб ошмаган.

«Шунча маблағ ҳисобига саноат ва экспорт ўсмаяптими, демак, ё лойиҳа „шиширилган“, ё кераксиз ускуна олиб келинган, ёки бу технологияларни ишлатишни биладиган мутахассис йўқ», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари Бош прокуратурага четдан каррасига қиммат нархда кираётган ускуналарни аниқлаш ва бунга чек қўйиш бўйича назорат тизимини яратиш топшириғини берди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ цемент ишлаб чиқарувчилар учун ер қаъридан фойдаланганлик солиғи миқдори режа қилингани каби 2 баравар эмас, 4 бараварга пасайтирилганди. Қарор иқтисодий рағбатлантириш дея изоҳланди, аммо бу рағбатнинг атроф-муҳит ва инсон соғлиғига таъсири атрофлича муҳокама қилинмади. «Газета.uz» масалани ўрганиб, бу бўйича батафсил материал тайёрлаганди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 35 та цемент заводи («Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси маълумотларига кўра, 37 та) фаолият юритади ва уларнинг ишлаб чиқариш қуввати 26,7 млн тоннани ташкил этади (32,7 миллион). Расмий маълумотларга кўра, мамлакат корхоналари цементга бўлган ички талабнинг 92 фоизини қоплайди (2019 йилда бу кўрсаткич 79 фоиз эди).

Октябрь ойида Экология вазирлиги Ўзбекистон атмосферасини ифлослантирувчи асосий саноат тармоқлари иссиқлик электр станциялари ва цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар эканлигини қайд этганди.