17 январь, чоршанба куни соат 17:16 да Тошкент шаҳри Фавқулодда вазиятлар бошқармасига Бектемир тумани Порлоқ кўчасида жойлашган контейнер ичидаги қурилиш материаллари ёнаётгани ҳақида хабар келиб тушди, деб хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Соат 17:27 да воқеа жойига тўртта ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган, соат 17:44 да ёнғин ҳудуди ўраб олиниб, 17:54 да тўлиқ ўчирилган.

Ёнғин оқибатида ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар йўқ, ҳозирда ҳолат сабаблари ва етказилган зарар миқдори аниқланмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Uzum Market маркетплейсининг Қўйлиқ бозори ҳудудидаги омборхонаси ёниб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Uzum Market маълумотни рад этди.

«Ёнғин қурилиш майдончасига туташ ҳудудда содир бўлган, — дея маълум қилди компания «Газета.uz»га. — Uzum Market омбори одатдагидек ишламоқда, барча ходимларимиз ва сотувчиларимиз хавфсиз, соғлом, товарларимиз эса бузилмаган ҳолатда».

Uzum Market барча буюртмалар харидорларга ўз вақтида етиб боришини таъкидлади.