Шавкат Мирзиёев 16 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида солиқ тизими ва солиқчилар фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш вақти келганини таъкидлади.

Эндиликда 40 мингта бюджет ташкилоти билан ишлаш вазифаси тумандан Солиқ қўмитасида янги ташкил қилинадиган Бюджет ташкилотлари инспекциясига ўтказилади. Бу инспекция тўлиқ рақамлашган бўлади ва Ғазначилик электрон тизимига интеграция қилинади.

Солиқ қарздорлиги билан ишлаш бўйича ҳам қўмита қошида Солиқ қарзини ундириш инспекцияси ташкил этилади. Унга Мажбурий ижро бюросида мавжуд ваколатлар берилади. Бунинг ҳисобига, туманлардаги қўшимча 200 нафар солиқчини «маҳаллабай» ишлаш тизимига ўтказиш имкони бўлади.

Республика солиқ тушумининг 50 фоизини берадиган 80 та энг йирик корхона ва 35 та тижорат банки билан ишлайдиган алоҳида тизим бўлади. Бунинг учун Йирик солиқ тўловчилар бўйича инспекция таркибида янги тузилма ташкил қилиниб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан бевосита ишлайди.

Йиғилишда, шунингдек, 2023 йилда иқтисодий ўсиш 6 фоизни ташкил қилгани маълум қилинди. «Замонга муносиб фикрлаш, қарор қабул қилишда тезкорлик етишмаётгани» сабаб ҳукуматнинг иқтисодий комплексдаги ўринбосарлар сонини 15 фоизга (ҳозир улар 40 нафар) қисқартириш тўғрисида топшириқ берилди.

Бундан ташқари, иқтисодий комплекс раҳбарларига ойлик, чораклик ва йиллик самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) жорий этилиши маълум қилинди. Иш ҳақи ҳам уларнинг ижросига боғланади.

Шавкат Мирзиёев 2024 йил иқтисодий комплекс раҳбарлари ва барча давлат корхоналари учун таннархни қисқартириш ва самарадорлик йили бўлишини таъкидлади.