Шавкат Мирзиёев 16 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида кредит фоиз ставкаларини тушириш масаласига тўхталиб, бозор механизмлари асосида кредит ставкаларини камида 2−3 фоизга пасайтириш муҳимлигини қайд этди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

«Банклар ресурс йўқлиги сабабли кредит фоизи юқори, дейишга ўрганиб олган. Ваҳоланки, муаммоли кредитларни ундиришнинг ўзидан 25 триллион сўмлик кредитга ресурс топса бўлади», — дея таъкидлади президент.

Масалан, Жиззах, Сурхондарё ва Сирдарёда муаммоли кредитлар улуши 10 фоизга етган. Президент тармоқ раҳбарлари, ҳокимлар 9 трлн сўм кредитлар ҳисобига ишга тушган 2 минг 342 та лойиҳа паст қувватда ишлаётганини таҳлил қилиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилишда кўмаклашмаётганини танқид қилди.

Эндиликда Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсман кредит олган корхоналарнинг тўлиқ қувватда ишлаб кетишига кўмаклашади. Ҳокимлар, банклар кредит беришдан олдин лойиҳа қанча иш ўрин яратиши, бюджетга қанча тушум бўлишини ҳисоб-китоб қилиш тизимига ўтади ва самарасига шахсан жавоб беради.

Йиғилишда, шунингдек, 2023 йилда иқтисодий ўсиш 6 фоизни ташкил қилгани маълум қилинди. «Замонга муносиб фикрлаш, қарор қабул қилишда тезкорлик етишмаётгани» сабаб ҳукуматнинг иқтисодий комплексдаги ўринбосарлар сонини 15 фоизга (ҳозир улар 40 нафар) қисқартириш тўғрисида топшириқ берилди.

Бундан ташқари, иқтисодий комплекс раҳбарларига ойлик, чораклик ва йиллик самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) жорий этилиши маълум қилинди. Иш ҳақи ҳам уларнинг ижросига боғланади.

Шавкат Мирзиёев 2024 йил иқтисодий комплекс раҳбарлари ва барча давлат корхоналари учун таннархни қисқартириш ва самарадорлик йили бўлишини таъкидлади.