Президент 16 январь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида бюджет маблағларининг сарфланиши ҳақида гапириб, иқтисод қилиш иш ҳажмини қисқартириш эмас, лойиҳани тўғри қилиш, «шиширилган» харажат ва ортиқча ҳашаматни кесиш ҳисобидан бўлиши кераклигини таъкидлади.

Қайд этилишича, соғлиқни сақлаш тизимига компьютер олиш учун ажратилган 20 млрд сўм 2 йилдан бери ишлатилмаган. Фермер, деҳқон ва томорқа ер эгаларига 51 турдаги субсидиялар учун сўнгги икки йилда 5,4 трлн сўм ажратилган, лекин талаблар мураккаб бўлгани учун 15 турдаги субсидия икки йил давомида ҳеч кимга берилмаган.

Президент қурилишда харажатларни 30−40 фоизга қисқартириш лозимлигига ҳам тўхталиб ўтган. Бу борада лойиҳа институтлари фаолияти, ёндашувлари ва масъулиятини тубдан ўзгартириш кераклиги қайд этилиб, Вазирлар Маҳкамасига етакчи давлат лойиҳа ташкилотларини такомиллаштириш бўйича қарор киритиш топшириғи берилди.

Йиғилишда, шунингдек, 2023 йилда иқтисодий ўсиш 6 фоизни ташкил қилгани маълум қилинди. «Замонга муносиб фикрлаш, қарор қабул қилишда тезкорлик етишмаётгани» сабаб ҳукуматнинг иқтисодий комплексдаги ўринбосарлар сонини 15 фоизга (ҳозир улар 40 нафар) қисқартириш тўғрисида топшириқ берилди.

Бундан ташқари, иқтисодий комплекс раҳбарларига ойлик, чораклик ва йиллик самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) жорий этилиши маълум қилинди. Иш ҳақи ҳам уларнинг ижросига боғланади.

Шавкат Мирзиёев 2024 йил иқтисодий комплекс раҳбарлари ва барча давлат корхоналари учун таннархни қисқартириш ва самарадорлик йили бўлишини таъкидлади.