Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Учтепа тумани суди 16 январдаги қарори билан ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати йўқлиги сабабли Nuz.uz («Ўзбекистон янгиликлари») интернет-нашри журналисти Михаил Довлатовга нисбатан маъмурий ишни тугатди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.

Хабарда ёзилишича, иш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, 14 январь куни маҳаллалардан бирида аҳоли вакиллари билан учрашишни режалаштирган Михаил Довлатов ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган эди. У тахминан 5 соат давомида қўйиб юборилмаган ва жамоат жойида чеккани учун жаримага тортилган.

У ишлайдиган таҳририят «Ўзбекистоннинг бир нечта қонунлари» қўпол равишда бузилганини таъкидлаган. «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида», «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар, шунингдек, қамоқда сақлаш тартиби ва қоидалари шулар жумласидандир.

Журналист, шунингдек, у билан учрашмоқчи бўлган аҳоли узоқ муддат ушлаб турилгани ҳақида хабар берган. Унинг сўзларига кўра, қўлга олиш чоғида унга рухсат этилмаган митинг уюштиргани айтилган. Режалаштирилган учрашув жойида одамларни полиция ходимлари ва автозак кутиб турган.

Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси Михаил Довлатовга нисбатан жамоат жойида чекканлик айби билан баённома тузилгани ҳақида хабар берди. Ишда бошқа айбловлар бор ёки йўқлиги маълум эмас. Ички ишлар вазирлиги икки кундан бери содир бўлган воқеа, шунингдек, аҳолининг ушлаб турилгани ҳақидаги маълумотга изоҳ бергани йўқ.

Сешанба куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан расмий тушунтириш олиш ва келгусида бундай ҳолатларга чек қўйиш чораларини кўриш учун Бош прокуратурага сўров юборганини маълум қилди.