16 январь куни халқ депутатлари Бўка тумани кенгашининг қарори билан Бегматов Бахтиёр Пахриддинович туман ҳокими этиб тайинланди, дея хабар бермоқда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Бахтиёр Бегматов 1976 йили Тошкент вилояти Паркент туманида туғилган. 1998 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университети, 2001 йилда Президент ҳузуридаги давлат ва жамоат қурилиши академияларини тамомлаган.

У фаолияти давомида Нурафшон шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Тошкент вилояти Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.

Тайинловга қадар Бегматов вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари-маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

У мазкур лавозимда 2020 йилнинг февралидан ишлаб келаётган Низомиддин Аббосовнинг ўрнини эгаллади.