Ўзбекистонда Eltech Industrial технопарки ташкил этилмоқда. Мақсад — «янги турдаги юқори технологияга асосланган электротехника маҳсулотлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ўзлаштириш». Бу президентнинг 10 январдаги қарорида кўзда тутилган.

Технопарк Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги Ohangaron Tech Industrial технопарки негизида ташкил этилмоқда. Ҳозирда бу технопарк турдош тармоқларда юқори қўшимча қийматга эга бўлган мис маҳсулотлари ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича илмий-техник кластери ҳисобланади.

Технопарк ҳудуди доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида қўшимча 214 гектарга — 352 гектаргача кенгайтирилмоқда. Иншоот мис маҳсулотлари етказиб берувчи корхона — Олмалиқ кон-металлургия комбинатидан 23,3 км узоқликда жойлашган.

Шунингдек, Eltech Industrial технопарки бошқаруви дирекциясига Урганч шаҳридаги «Ал-Хоразмий» мажмуаси ҳудудидан 4 гектар, Фарғона шаҳридаги «Эко шаҳар» ҳудудидан 10 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонлари ҳам берилади.

Технопаркни бошқариш учун соҳада илғор тажрибага эга халқаро консалтинг компаниясини жалб этиш кўзда тутилган.

Технопаркни ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари (етказиб бериш, кўчириш ҳамда зарур инфратузилмани яратиш) билан таъминлаш бўйича ишлар 2024 йилга мўлжалланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилади.

Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги тупроқ бонитети 64,1 балл бўлган 2 гектар суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари саноат ва бошқа мақсадлардаги ерлар тоифасига ошхона ҳаво тортиш қурилмалари ишлаб чиқариш учун ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари ва дирекциялари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган айрим солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар технопарк иштирокчиларига ҳам тегишли. Жумладан, киритилган инвестициялар ҳажмига қараб мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, шунингдек, республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва импорт қилинадиган қурилиш материаллари учун божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари), инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг белгиланган тартибига, технологик асбоб-ускуналарни олиб кириш учун божхона тўловлари ва бошқалардан озод қилиш киради.

Бугунги кунда Оҳангарон вилоятидаги технопаркнинг резидентлари сифатида иккита компания — ENCO Group ва United Cable-Co кўрсатилган.

Аввалроқ президент қарори билан Ўзбекистонда электр жиҳозлари ишлаб чиқарувчиларга йиллик 7 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар ва 2027 йилгача солиқ имтиёзлари, маркетинг тадқиқотлари харажатларининг бир қисмини қоплайдиган давлат харидларида имтиёзлар ва бошқалар белгилангани ҳақида хабар қилгандик.

Бундан ташқари, 1 февралдан бошлаб музлатгичлар, радиаторлар, чангютгичлар, кир ювиш машиналари, телевизорлар ва бошқа жиҳозларни Ўзбекистонга олиб киришда ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакиллари ёки расмий дилерлари талаб қилинади. Улар, шунингдек, хизмат кўрсатишлари ҳам керак бўлади.