13 январь куни Самарқанд вилояти «Зарафшон» миллий табиат боғининг Олмазор маҳалласи ҳудудида жойлашган қисмида ёнғин келиб чиқди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.

Воқеа ҳудудига ёнғин-қутқарув экипажлари жалб этилиб, ёнғин тўлиқ бартараф этилган. Унинг нима сабабдан келиб чиққанина аниқлик киритилмаган. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар аниқланмаган.

Дастлабки маълумотларга кўра, табиатга етказилган зарар миқдори 120,7 миллион сўмни ташкил этмоқда. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, Бош прокуратура назоратида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси таркибида бўлган «Зарафшон» миллий табиат боғи 2022 йилнинг августида Давлат экология қўмитаси (ҳозирги Экология вазирлиги) тизимига ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, мазкур боғда аввал ҳам бир неча маротаба ёнғин содир бўлган. Хусусан, 2021 йилнинг июль ойида боғнинг 1,5 гектар майдонида ёнғин келиб чиққан. У олти соатдан кўпроқ вақт давомида ўчирилган.

2022 йилнинг июнь ойида мазкур боғга қарашли ўрмонда ёнғин рўй берган. Уни 6 та ёнғин-қутқарув экипажи 2 соатдан кўпроқ вақтда бартараф этган. Иккала ҳодисада ҳам тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар бўлмаган.