Ўзбекистонда 3 ойда 665 нафар инсон йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида маълум қилинди.

Қайд этилишича, 2023 йилнинг 11 ойида эса 8693 та ЙТҲ содир этилиб, уларда 2 080 нафар инсон ҳалок бўлган ва 8 055 киши жароҳатланган.

Аввалроқ Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов январь-июль ойларида 1115 киши ЙТҲ оқибатида вафот этгани, кейинроқ 8 ойда 1415 нафар инсон вафот этгани ҳақида хабар қилганди. Агар 8 ойда 1415 нафар, 11 ойда эса 2080 нафар инсон ЙТҲдан вафот этган бўлса, бундан келиб чиқадики, сентябрь, октябрь ва ноябрь ойларида жами 665 нафар киши ЙТҲ сабаб вафот этган.

«Ушбу йўл-транспорт ҳодисаларининг юз беришига асосан фуқаролар томонидан қонунчиликда белгиланган жавобгарликни менсимаслиги ва амалдаги йўл ҳаракати қоидаларини билмаслиги сабаб бўлмоқда», — дейилади қўмита хабарида.

Қўмита 2023 йилнинг 7 ойи бўйича берган маълумотларида ҳодисаларнинг фақат 51,4 фоизи субъектив сабабларга кўра юз берганини қайд этганди.

Ички ишлар вазирлиги 2022 йилда 9902 та ЙТҲ қайд этилганини, ундан 48,1 фоизи объектив сабабларга кўра, яъни пиёдалар ўтиш жойи ташкил этилмагани, йўлни иккига ажратувчи тўсиқлар ўрнатилмагани, пиёдалар ҳаракатини чекловчи тўсиқлар ўрнатилмагани, йўл қопламаси носозлиги, велойўлаклар ташкил этилмагани ва светофор ёки йўл белгиси ўрнатилмагани сабаб содир бўлганини маълум қилганди.