Ўзбекистонда 2023 йилнинг январь-августь ойлари давомида 1415 нафар фуқаро йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, сенатор Толибжон Мадумаров маълум қилди.

Унинг қайд этишича, 2023 йилнинг ўтган 8 ойида мамлакатда 9 миллиондан ортиқ йўл ҳаракати қоидабузарлиги, жумладан, 8 миллионга яқин қўпол қоидабузарликлар, 26 мингга яқин транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, 161 мингдан ортиқ пиёдалар қоидабузарлиги қайд этилган. Оқибатда ушбу даврда 5772 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Уларда 5448 нафар одам жароҳатланган, 1415 нафар фуқаро вафот этган.

Аввалроқ Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов январь-июль ойларида 1115 киши ЙТҲ оқибатида вафот этганини маълум қилганди. Ушбу маълумотлардан келиб чиқадики, август ойида 300 нафар фуқаро ЙТҲ сабаб вафот этган.

Шунингдек, Толибжон Мадумаровнинг маълум қилишича, республика бўйлаб тахминан 11 мингга яқин пиёдалар ўтиш жойи мавжуд. Уларнинг 1834 тасида светофор ёки пиёдаларнинг хавфсизлигини таъминловчи бошқа йўл белгилари қўйилган. «Бу умумий рақамнинг 30 фоизини ҳам ташкил этмайди», — дейди сенатор.

«Аксарият тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида ҳайдовчиларни мазкур объект тўғрисида ўз вақтида огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилмаган ва йўл чизиқлари чизилмаган», — дея қайд этди сенатор.

Унинг таъкидлашича, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида сутканинг қоронғи вақтида тегишли сунъий ёритиш чироқлари билан таъминланмагани боис ЙТҲнинг аксарияти кечки пайтга тўғри келмоқда. 2021−2023 йиллар давомида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида 2784 ЙТҲ содир этилган бўлса, уларнинг 1007 таси сутканинг қоронғи вақтида содир этилган.

Толибжон Мадумаров ҳайдовчилар томонидан тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида пиёдаларга йўл бермаслик ҳам ЙТҲларни кўпайишига сабаб бўляпганини айтди. Унинг қайд этишича, бундай ҳолатлар йилдан йилга ортиб бормоқда. Жумладан, 2021 йил давомида 101 796 та ҳайдовчиларнинг пиёдаларга йўл бермаслик ҳолати қайд этилган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилда 142 967 та, 2023 йилнинг 8 ойида 90 811 тани ташкил этмоқда. Сенатор нутқининг якунида ушбу муаммолар ҳал қилиниши бўйича қандай чоралар кўрилаётгани ҳақида савол берди.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи ўринбосари полковник Эрали Бозоров ушбу масала юзасидан президент томонидан 28 июль куни Фарғона шаҳридаги йиғилишда топшириқлар берилганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, Ички ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Автомобиль йўллари қўмитаси билан биргаликда ишчи гуруҳлар тузилган.

«Ишчи гуруҳлар ЙТҲларнинг асосий сабаблари, йўлларнинг ҳолати, йўл инфратузилмасидаги камчиликларни аниқлаш бўйича жойларга чиққан ҳолда бевосита ишлар олиб бормоқда. Бугунги кунга қадар Андижон, Фарғона, Наманган, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида ўрганишлар якунланган. Қорақалпоғистон Республикасида бугунги кунда ўрганишлар давом этмоқда. Бу ҳақда Президент администрациясига ахборот бериб борилмоқда», — деди Бозоров.

Унинг маълум қилишича, 2030 йилгача оғир оқибатли ЙТҲларни 50 фоизгача камайтириш мақсад қилинган. Шунингдек, у «Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилганини маълум қилди.

«Бу лойиҳа бўйича ҳамма вазирлик ва идоралар билан келишилди. Ҳозирда лойиҳа Президент администрацияси томонидан кўриб чиқилмоқда. Қонун лойиҳасида йўл инфратузилмасини ривожлантириш бўйича йўл харитаси, автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар рўйхати, 2023−2026 йилларда кўприк иншоотларини тиклаш дастури, шунингдек, йўл қурилиш реконструкция қилиш ва таъмирлаш дастури ўрин олган», — деди Эрали Бозоров.

Аввалроқ «Транскасб» корхоналар уюшмаси бошқарув раиси ўринбосари, эксперт Носиржон Зокиров пиёдалар ўтиш жойи яқинига ҳайдовчилар учун 1.20 (Пиёдалар ўтиш жойи) огоҳлантирувчи белгисини қўйиш кераклигини айтганди. Унинг таъкидлашича, ҳозирда ушбу белги Тошкент шаҳрида жуда кам.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорида 2024 йил 1 январдан бошлаб аҳоли пунктларида барча янги қурилаётган икки ва ундан ортиқ полосали автомобиль йўлларида пиёдалар ўтиш йўлакларини светофорлар билан тўлиқ жиҳозлаш мажбурий бўлиши белгиланган.