2023 йилнинг дастлабки 7 ойида Ўзбекистон ҳудудида 4772 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳоновнинг «Халқ сўзи» газетасининг 5 сентябрда чоп этилган мақоласида айтиб ўтилган.

ЙТҲларнинг 2 453 таси ёки 51,4 фоизи субъектив сабабларга кўра юз берган, яъни ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига эътибор бермаслиги оқибатида келиб чиққан.

Ўтган етти ойда Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 1115 киши вафот этган, 4564 нафари турли тан жароҳатлари олган. Йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлганларнинг 1078 нафари ёки 96,7 фоизи хавфсизлик камарини тақмагани аниқланган.

Мақолада қайд этилишича, Тошкент шаҳрининг ўзида 2023 йилнинг ўтган етти ойида 675 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Ушбу ҳодисалар оқибатида 71 киши ҳалок бўлган, 787 киши турли тан жароҳатлари олган. Ҳодисаларнинг 199 тасига тезликни ошириш сабаб бўлган. Ҳайдовчилар томонидан 90 та ҳолатда тақиқловчи светофор ишорасига эътибор берилмаган, маст ҳолатдаги ҳайдовчилар иштирокида 8 та ЙТҲ содир этилган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг дастлабки 6 ойида Ўзбекистонда 3559 та ЙТҲ содир бўлганди, уларда 2775 киши жароҳат олган, 784 киши эса ҳалок бўлганди.

2022 йил давомида эса республика ҳудудида жами 9902 ЙТҲ содир этилган бўлиб, уларда 2356 нафар фуқаролар вафот этган, 9606 нафари эса жароҳатланганди.