«Газета.uz» Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари, туман ва шаҳарлар бўлимларига эга Маҳаллалар уюшмаси ташкил этилиши ҳақида хабар берганди.

Президентнинг 21 декабрдаги қарори билан уюшма штати, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳалла еттилиги» фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўлими (5 киши) Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 667 штат бирлигини қисқартириш ҳисобига ташкил этилаётгани белгиланди.

Уюшманинг яна 320 та штат бирлиги «Маҳалла» хайрия жамоат фонди бўлинмалари штатлари қисқартирилиши ҳисобига ташкил этилган.

Уюшманинг марказий аппарати, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармаларининг ҳамда туман (шаҳар) бўлимларининг тузилмалари 982 штат бирликлари доирасида уюшма раиси томонидан мустақил тасдиқланади.

Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши маҳаллаларни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгиловчи, уларнинг даромадлари, харажатлари ва дастурларини тасдиқловчи олий органга айланади. Мазкур кенгаш, шунингдек, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ва туманлар (шаҳарлар) кенгашлари ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширади. Республика кенгашига бош вазир Абдулла Арипов раислик қилади.

Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси конференцияси уюшманинг юқори органи бўлиб, камида уч йилда бир марта чақирилади.

Уюшма раиси республика кенгашининг уюшма конференциясидаги тақдимномасига асосан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Уюшмага зарур бино ва иншоотлар ҳамда зарур техникалар, шунингдек, автотранспорт воситалари Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳhb ҳокимликлари томонидан ажратилади. Ажратилган биноларда капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш лойиҳалари 2024−2026 йилларда амалга оширилади.

«Маҳалла» уюшмаси ҳар йили Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига ўзининг марказий аппарати ва ҳудудий бўлинмаларини ҳамда тизим ташкилотларини сақлаш, маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини жорий таъминлаш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун зарур бўлган маблағлар ҳажми бўйича Республика кенгаши томонидан тасдиқланган буюртмани тақдим этади. Жамоат фонди томонидан буюртмага мувофиқ субсидия ажратилади.

Маҳаллалар фаолиятини жорий таъминлаш (маҳалла раисининг иш ҳақи, коммунал тўловлар, канцелярия моллари ва бошқалар) ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш республика бюджети ҳисобидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги Mahalla телерадиоканали ДУК масъулияти чекланган жамият сифатида қайта ташкил этилади ва уюшма унинг ягона таъсисчиси этиб белгиланади.

Аввалроқ «Газета.uz» мамлакатдаги 9300 дан ортиқ маҳаллани бирлаштирган уюшма олдига қўйилган асосий вазифалар ҳақида ёзганди.

Президент фармони билан «маҳалла еттилиги» (собиқ «бешлик») ҳар бир аъзосининг вазифалари белгилаб берилгани ҳақида ҳам ёзганмиз. Уларнинг фаолияти асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳоланади. Ҳукуматда «еттилик»ни қўллаб-қувватлаш бўлими ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев сентабрь ойида маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш бўйича республика, вилоят ва туман (шаҳар) кенгашлари ташкил этилишини эълон қилар экан, «Маҳаллалар — давлатимизнинг энг катта замини», деганди. «Маҳаллани жойларда муаммоларни чинакам ҳал қиладиган институтга айлантиришимиз зарур», — деди у.