Ўзбекистонда ҳудудлар, шаҳар ва туман кенгашларига эга Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгаши, шунингдек, Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари, туман ва шаҳарлар бўлимларига эга Маҳаллалар уюшмаси ташкил этилмоқда.

Бу Шавкат Мирзиёевнинг 21 декабрдаги «Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида назарда тутилган.

Фармонда мамлакатдаги 9300 дан ортиқ маҳаллани бирлаштирган янги уюшманинг асосий вазифалари белгилаб берилган:

  • маҳалланинг халқ билан давлат ўртасидаги «кўприк» вазифасини амалга оширувчи мустақил ва халқчил тузилмага айланишига кўмаклашиш;
  • маҳаллани жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, унинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, маҳалла бошқарувида аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш;
  • ҳар бир фуқаро ўзи ва оиласининг келажаги, молиявий аҳволи ва фаровонлигини таъминлашда масъулиятни сезиши, боқимандаликка ўрганмаслик ҳиссини янада кучайтириш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини амалга ошириш;
  • фуқароларни ўз уйи ва кўчасини озода сақлашга, миллий қадрият ва урф-одатларни ҳурмат қилишга чақириш, маънавий ва маърифий ишларда маҳалланинг ўрнини кучайтириш, аҳоли ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш чораларини кўриш;
  • «маҳалла еттилиги» томонидан маҳалланинг ички ресурсларини аниқлаш ҳамда уларни ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш учун сафарбар этишда кўмаклашиш;
  • маҳаллалардаги муаммоларнинг ўз вақтида ва самарали ечилишида давлат органлари ва ташкилотларининг маҳаллалардаги вакилларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, мувофиқлаштириш ва йўналтириш;
  • маҳалланинг молиявий имкониятларини ошириш, камбағал оилаларга ажратилаётган бюджет маблағлари ва бошқа маблағларнинг мақсадли ва манзилли йўналтирилишини таъминлаш;
  • маҳаллаларнинг моддий-техника таъминотини яхшилаш, уларга ажратиладиган маблағларни марказлашган тарзда тақсимлаш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;
  • маҳалла масъулларининг малакасини ошириш, уларда замонавий бошқарув кўникмалари шаклланишига кўмаклашиш.

Республика маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашига бош вазир, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашларига тегишлича Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси ва ҳокимлар раислик қилади.

Уюшма раиси мақоми, тиббий, транспорт ва маиший таъминот шароитлари бўйича бош вазир ўринбосарига тенглаштирилади. Уюшманинг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари мақоми, тиббий, транспорт ва маиший таъминот шароитлари бўйича тегишлича Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосарига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) ҳокими ўринбосарига тенглаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев сентабрь ойида маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш бўйича республика, вилоят ва туман (шаҳар) кенгашлари ташкил этилишини эълон қилар экан, «Маҳаллалар — давлатимизнинг энг катта замини», деганди. «Маҳаллани жойларда муаммоларни чинакам ҳал қиладиган институтга айлантиришимиз зарур», — деди у.

Фармонда 2024 йил 1 январдан Ўзбекистоннинг барча вилоят ва шаҳарларида «Маҳалла бюджети» тизими жорий этилиши белгиланди. У илк бор 2023 йилда ҳудудларнинг биттадан туманида жорий этилган.

Янги тизим доирасида ҳар бир маҳаллада мавжуд бўлган «Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси»га қуйидаги маблағлар ажратилади:

  • жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ундирилган маблағларнинг (нотурар жойлар бўйича ундириладиган мол-мулк солиғи ва ер солиғи бундан мустасно) 10 фоизи;
  • маҳалла идоралари орқали кўрсатилган давлат хизматлари учун ундирилган йиғимнинг 10 фоизи;
  • маҳалладаги ҳудуди 2000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини ҳокими ёрдамчиси онлайн-буюртманомасига асосан тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотишдан тушадиган маблағлар, баҳолаш ва сотиш харажатлари чегирилган ҳолда;
  • маҳалланинг мол-мулкини белгиланган тартибда ижарага беришдан олинадиган маблағлар;
  • Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси тўғрисидаги низомда белгиланадиган бошқа маблағлар.

Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллани қўллаб-қувватлаш кенгашлари Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси маблағларини қайта тақсимлаган ҳолда иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда ортда қолаётган маҳаллаларга йўналтириши мумкин.

Аввалроқ худди шу фармонда «маҳалла еттилиги» (аввалги «бешлик») аъзоларининг ҳар бирининг вазифалари белгилаб берилгани ҳақида ёзгандик. Уларнинг фаолияти асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича баҳоланади. Ҳукуматда «еттилик»ни қўллаб-қувватлаш бўлими ташкил этилади.