Шавкат Мирзиёевнинг 21 декабрдаги фармони билан «маҳалла еттилиги» аъзоларининг вазифалари белгилаб берилди. Сентябрь ойида давлат раҳбари «маҳалла бешлиги» «еттилик»ка айлантирилишини эълон қилар экан, бу тизим «эшитувчи давлат» концепциясини амалга ошириш мақсадида яратилганини таъкидлаганди.

Фармонга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси ижро аппаратида беш штат бирлигидан иборат «маҳалла еттилиги» фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўлими ташкил этилади.

«Еттилик» таркибига маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори киради.

«Еттилик» аъзоларининг вазифалари

Маҳалла раиси

  1. Маҳалла ободлигини таъминлаш, шу жумладан, «Обод маҳалла», «Обод кўча», «Обод хонадон» мезонларини жорий этишда аҳолининг фаол иштироки ва масъулиятини ошириш, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт ва бута кўчатлари экиш бўйича тарғибот ишларини амалга ошириш (ҳар ойда бир маротаба маҳалладаги барча кўчаларда оммавий ҳашар уюштиради, камида 2 та эҳтиёжманд оиланинг таъмирталаб хонадонида қўни-қўшниларни жалб этган ҳолда ҳашар ташкил этади).
  2. Миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни тарғиб қилиш, соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни сақлаш, тўй-маросимлар исрофгарчиликларсиз, ихчам ўтказилишини таъминлаш (ҳар чоракда бир маротаба маданият ходимлари, ёзувчи ва шоирларнинг аҳоли билан миллий қадриятлар ва урф-одатларни сақлаш, тўй-маросимларни ихчам ўтказиш бўйича учрашувлари ташкил этилишини таъминлайди).
  3. Маҳаллага бириктирилган давлат органлари вакилларини аҳоли муаммоларини ҳал этишга сафарбар этиш ва муаммоларга ечим топишини таъминлаш (фуқаролар йиғинининг кенгашида ҳар ойда камида 5 та маҳаллага бириктирилган давлат органлари вакилларининг маҳаллада амалга оширган ишлари юзасидан ахборотини эшитиб, муаммоларни ҳал этишда кўмаклашади).
  4. Маҳаллада фаолият юритувчи ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика ва солиқ инспекторлари, ижтимоий ходим фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш, маҳаллани ҳар томонлама ривожлантиришда уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш (ҳар ҳафтада маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика ва солиқ инспекторлари, ижтимоий ходимлар ҳисоботини эшитади ва уларнинг ҳар бири ҳар ойда камида 10 тадан муаммоли масалалар ҳал этишини назоратга олади).
  5. Маҳалла ҳудудида қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, шу жумладан, таълим, тиббий хизмат, спорт, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш (ҳар ҳафтада бир маротаба маҳалла ҳудудидаги таълим ташкилотида ўқувчиларнинг давомати, оилавий поликлиникаларда (қишлоқ врачлик пунктларида) аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат ва патронаж ҳамшираларининг оилаларга ташрифи, спорт ташкилотларининг аҳоли учун очиқлиги, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари атрофининг тозалиги ҳамда дарахтларни парваришлаш ҳолатини ўрганади).

Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси

  1. Доимий даромад манбаига эга бўлмаган ишсиз аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ҳамда бандлигини таъминлаш чораларини кўриш (ҳар ойда камида 10 нафар ишсизнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш чорасини кўради).
  2. Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кредит ва субсидиялар ажратилишида кўмаклашиш (ҳар чоракда бир маротаба кредит ёки субсидия ажратилган фуқароларнинг уйига бориб, тадбиркорлик ва даромад топишга қаратилган фаолиятини юриб кетишига кўмаклашади).
  3. Ўзини ўзи банд қилган ҳамда ташаббускор фуқароларнинг тадбиркорликка қизиқишларини аниқлаш, уларнинг кичик бизнес субъектига айланишига ёрдам бериш (ҳар чоракда камида 5 нафар ўзини ўзи банд қилган ҳамда ташаббускор фуқароларни якка тартибдаги тадбиркор ёки оилавий корхона сифатида иш бошлашига ёрдам беради).
  4. Аҳолига ижара ҳуқуқи асосида ажратилган ер майдонлари ва томорқалардаги экинлар ва етиштирилган маҳсулотлар ҳисобини юритади, шунингдек, деҳқон хўжаликлари билан экспортёр, брокер ва қайта ишловчи корхоналарнинг ҳамкорлигини ташкил этади.
  5. Маҳаллаларда кичик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш бўйича микролойиҳалар манзилли дастурини шакллантиради ва лойиҳаларни амалга оширишга тўсиқ бўлаётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашади.
  6. Маҳалладаги бўш турган бино-иншоотлар ва ер майдонларини аниқлаб, уларни белгиланган тартибда аукцион савдоларига чиқариш чораларини кўради.
  7. Маҳалладаги камбағал оилаларнинг ҳар бири учун «индивидуал дастур» ишлаб чиқади ва уларнинг даромадини ошириш чора-тадбирларини белгилайди.

Ёшлар етакчиси

  1. Маҳаллаларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, жумладан, уларни «Беш ташаббус олимпиадаси»да иштирок этишга жалб этиш (ҳар ойда камида 20 нафар ёшларни спорт, мусиқа ва фан тўгаракларига жалб этади. Ҳафтада бир маротаба спорт мусобақалари, мусиқа ва рақс танловларини ташкил этади).
  2. Ишсиз ёшлар ва мактаб битирувчилари бандлигига кўмаклашиш, жумладан, «Ёшлар бандлиги дастури»ни маҳаллада амалга ошириш (маҳаллада ишсиз ёшлар ва мактаб битирувчиларининг рўйхатини шакллантиради ва ҳоким ёрдамчиси билан биргаликда уларнинг бандлигини таъминлайди. Ҳар ойда бир маротаба мактабнинг битирувчи синф ўқувчилари билан учрашиб, олий таълим муассасаси ва мутахассислик йўналишини танлаш ҳамда кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўришга ёрдам беради).
  3. Давлат кўмагига муҳтож «оғир» тоифадаги ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш (маҳаллада «оғир» тоифадаги ёшларнинг яшаш манзили ва иш жойига ҳар ойда камида бир маротаба бориб, бириктирилган раҳбарлар билан биргаликда ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашади).
  4. Ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар билан, шунингдек, профилактика инспектори билан биргаликда ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган вояга етмаганлар билан тизимли ишлаш (ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги бўлган ёшлар ва вояга етмаганларни ҳар бири билан индивидуал ишлайди).
  5. «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, жумладан, ёшларга кўрсатиладиган 30 та ёрдам турларидан самарали фойдаланиш (ҳар чоракда бир маротаба ёрдам кўрсатилган ёшларнинг уйига бориб, лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашади).
  6. Хориждаги ватандош ёшлар билан ишлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш (ҳар ойда камида бир маротаба хориждаги ёш ватандошлар билан мулоқот қилиш орқали уларнинг фаолиятини ўрганади ҳамда Ватанга қайтиб фаолиятини юритиши учун «маҳалла еттилиги» билан зарур чораларни кўради).
  7. Иқтидорли ёшларни излаб топиш, истеъдодини рўёбга чиқариш ва уларни қўллаб-қувватлашга кўмаклашиш (ҳар ойда камида 1 нафар иқтидорли ёшларни аниқлайди, истеъдодини рўёбга чиқариш бўйича улар билан индивидуал ишлайди, мавжуд ёрдам турлари орқали уларни қўллаб-қувватлаш чораларини кўради).
  8. Ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, жумладан, ёшлар етакчисининг ўзи ҳар ойда камида битта китоб мутолаа қилиш орқали шахсий намуна кўрсатиши (ҳар чоракда камида бир маротаба маънавият, маданият ходимлари, ёзувчи ва шоирларни жалб қилган ҳолда ёшлар ўртасида китобхонликка оид тадбирларни ташкил этади).
  9. Шахсий ривожланиш мақсадида, жумладан, «Ибрат фарзандлари» лойиҳаси доирасида камида битта хорижий тилни мукаммал ўрганиш (маҳалла ёшларини хорижий тилларни ўрганишга доимий қизиқтириб боради).

Хотин-қизлар фаоли

  1. «Соғлом оила — соғлом жамият» тамойилларини тарғиб қилиш, хусусан, яқин қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳнинг олдини олиш, репродуктив саломатликни яхшилаш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш (ҳар ойда камида 20 та оилага кириб, оилавий қадриятларни тарғиб этади ва никоҳларнинг қонунийлигини таъминлайди. Маҳаллада ҳар ойда ажрим ёқасига келиб қолган ва низоли оилаларнинг 5 тасини соғлом турмуш тарзига қайтаради).
  2. Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, таълим имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашиш (ҳар ойда бир маротаба мактабдаги ўқувчи қизлар билан учрашиб, уларнинг таълим олишга қизиқишини оширади. Ҳар ойда камида 5 нафар маҳалладаги хотин-қизларни тадбиркорлик, касаначилик ва ҳунармандчиликка жалб қилади).
  3. Хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ушбу муаммолар юзасидан давлат органлари ва ташкилотларга мурожаат қилиш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатишни ижтимоий ходим билан биргаликда ташкил этиш (ҳар ойда камида 10 нафар оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатишни ташкил этади).
  4. Хотин-қизлар ўртасида ижтимоий профилактика ва мослаштириш ишларида ҳамкорлик қилиш, тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратишда иштирок этиш (ҳар ойда бир маротаба жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган ва профилактик ҳисобда турган хотин-қизлар хонадонига бориб, муаммосини ўрганади. Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини аниқлайди ва профилактика инспекторига хабар беради).

Профилактика инспектори

Маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ва хавфсиз муҳитни таъминлаш, фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишда кўмаклашишга масъул бўлади.

Ижтимоий ходим

Оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ва оилаларни аниқлаш, уларнинг эҳтиёжларига қараб, комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизмат кўрсатиш ва ёрдамларни ташкил этишга масъул бўлади.

Солиқ инспектори

Тадбиркорларга солиқ хизматларини кўрсатиш, солиқ базасини кенгайтириш, солиқларни ундириш ва маҳалла бюджетининг даромадини шакллантиришга масъул бўлади.

2024 йил 1 январдан бошлаб «маҳалла еттилиги» аъзоларининг иш ҳақини асосий иш жойидан бериш тартиби сақлаб қолинган ҳолда KPI асосида баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, улар моддий рағбатлантириб борилади.

«Маҳалла еттилиги»нинг фаолияти асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) бўйича алоҳида баҳоланади. Бунда кўрсаткичлар мазкур ходимларнинг иш берувчилари томонидан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади. Маҳалла раислари ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторлари фаолиятини KPI асосида баҳолашда 20 фоиз балл бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Фармон билан 2024 йил 1 мартдан бошлаб «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратишда бюрократиядан холи ва маҳалланинг ҳамжиҳатлигини акс эттирувчи янги тартиб жорий этилиши белгиланди.

Жисмоний шахсларни дафтарларга киритиш, шунингдек, дафтарлар ҳамда Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳамда Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ҳамда субсидиялар ажратиш «маҳалла еттилиги»нинг коллегиал қарори асосида амалга оширилади.

Ҳар ойнинг 5-санасигача дафтарлар учун маблағларни тақсимловчи масъул ташкилотлар томонидан жамғармаларда шаклланган маблағлар дафтарларга киритилган фуқаролар сонига мутаносиб равишда тегишлилиги бўйича ҳар бир маҳалла кесимида тақсимланади.

Ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва ижтимоий ходим уларга юклатилган вазифалар юзасидан жисмоний шахсларни тегишли дафтарларга киритиш ва чиқариш ҳамда ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратиш бўйича ҳужжатларни шакллантириб, маҳалла «еттилиги»нинг бошқа барча аъзоларига кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритади.

«Темир дафтар» Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан юритилади.

«Саховат ва кўмак» жамғармаси томонидан кўрсатиладиган ёрдамлар фуқароларнинг оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш ва шундай вазиятга тушганларни оғир вазиятдан чиқариш мақсадида ижтимоий ходим томонидан маҳалла «еттилиги»га кўриб чиқиш учун киритилган ҳолда кўрсатилади.

Ижтимоий ёрдам ва субсидиялар аҳолининг камбағалликдан чиқишини таъминлаш учун мақсадли ва манзилли йўналтирилиши ҳамда қарорлар қабул қилинишида очиқлик, ҳаққонийлик, ижтимоий адолат ва шаффофлик тамойилларига риоя қилиниши учун «маҳалла еттилиги» масъул ва жавобгар бўлади.