Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг расмий захира активлари 2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, декабрь ойида 1,67 млрд долларга ошган ҳолда 34,56 млрд долларни ташкил қилди.

Ўтган ойда хорижий валютадаги захиралар 751,3 млн долларга ошган. Олтиннинг физик ҳажми 11,6 млн трой унциядан 11,9 млн троя унциясига (+9,3 тонна), олтин захиралари қиймати эса 906,3 млн долларга ошган.

Шу билан бирга, 2023 йил якунига кўра, мамлакатнинг «молиявий хавфсизлик ёстиқчаси» 1,2 млрд долларга — 35,77 млрд доллардан 34,56 млрд долларгача қисқарди. Хорижий валютадаги захиралар 2,27 млрд долларга қисқариб, 9,37 млрд долларни ташкил қилди.

Олтин захираларининг қиймати 1,57 млрд долларга ошиб, 23,06 млрд долларни ташкил этди, аммо қимматбаҳо металнинг физик ҳажми 0,8 млн троя унцияга (-24,8 тонна) — 11,9 млн троя унциясигача (370,1 тонна) камайди. Бу йил давомида олтиннинг унцияси тахминан 1815 доллардан 2066 долларгача (+13,8 фоиз) қимматлашгани билан боғлиқ.

Эслатиб ўтамиз, мамлакат олтин-валюта захиралари 2018 йилдан бери (ўшанда йил якунига кўра 1,55 млрд долларга (27,2 млрд долларгача камайиш кузатилган) биринчи марта камаймоқда. Бу йилдан бошлаб захиралар фақат ошиб келаётганди (2019 йилда +2,7 млрд доллар, 2020 йилда +4,38 млрд доллар, 2021 йилда +105,5 млн доллар, 2022 йилда +1,5 млрд доллар).

Октябр ва ноябр ойларида Ўзбекистон жами 22 тонна олтин сотган ҳолда жаҳонда олтин савдоси бўйича биринчи ўринни эгаллади.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг 11 ойи давомида Ўзбекистон рекорд даражадаги 8,15 млрд долларлик олтин экспорт қилган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 баробар кўп. Бу сумманинг 1,28 млрд доллари ноябр ойига тўғри келган.