Ўзбекистон кетма-кет иккинчи ой дунёда энг кўп олтин сотган мамлакат бўлиб қолмоқда, дея хабар берди Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Council).

Жаҳон бўйлаб марказий банклар ноябрь ойида 44 тонна соф ҳажмда олтин сотиб олган. Харидларнинг умумий ҳажми 60 тонна бўлиб, октябрь ойига нисбатан 4 фоизга камайган. Бироқ бу ўтган йилдаги ўртача ойлик кўрсаткич — 36 тоннага нисбатан сезиларли даражада юқори, деб ёзади Spot.

Ноябрь ойида мазкур қимматбаҳо металлнинг асосий харидори Туркия бўлди. Мамлакат 25 тонна харидни амалга оширган. Иккинчи ўринни 19 тонна харид билан Польша эгаллаган. Бешликка Хитой (12 тонна), Чехия (3 тонна) ва Қирғизистон (1 тонна) кирган.

Ўзбекистон ноябрь ойида 11 тонна олтин сотган, бу эса кейинги ўринда турган Қозоғистондан (3 тонна) деярли тўрт баробар кўп.

2023 йил якунларига кўра, Ўзбекистон қимматбаҳо металларни сотиш бўйича Қозоғистондан бироз ортда қолиб, иккинчи ўринни эгаллади. Хитой соф харидлар бўйича етакчи бўлди, ундан кейинги ўринларни Польша ва Сингапур эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида ҳам Ўзбекистон 11 тонна олтинни хорижга сотган ҳолда дунёдаги энг кўп олтин сотган мамлакатга айланганди. Шунингдек, 2023 йилнинг 11 ойидаги ташқи савдо айланмасига кўра, Ўзбекистоннинг олтин экспорти 2,3 баравар кўпайиб, рекорд даража — 8,1 млрд долларни ташкил этган.

Ноябрь ойи охирида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари олтин нархи кескин ошганига қарамай, бироз қисқариб, 32,89 миллиард долларни ташкил қилган. Мазкур ойда захирадаги ушбу қимматбаҳо металлнинг жисмоний ҳажми 12,4 тоннага камайган.