27 октябрь куни «Док-1 Макс» иши бўйича бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Маматқул Азизов кўрсатма берди. Бу ҳақда судда иштирок этган «Газета.uz» мухбири хабар қилди.

Маматқул Азизов «Док-1 Макс» сиропини қабул қилиб вафот этган болалар ҳақида биринчи бўлиб хабар берган шифокор саналади. У 2022 йил 15 декабрда Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзовга хат ёзиб, унда «Док-1 Макс» таблеткалари ва сиропини қабул қилган беморларда асоратлар юзага келгани ва ўлим ҳолати кузатилгани қайд этилган. Аммо Азизов ўша йилнинг 26 декабрида ишдан олинган, сўнг 2023 йил 13 январда лавозимига қайта тикланган.

Маматқул Азизовнинг кўрсатмаси

2022 йил 15 декабргача «Док-1 Макс»нинг заҳарли таъсири борлигини билмасдик. Болалар ўткир буйрак етишмовчилиги билан мурожаат қила бошлади. Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида болалар гемодиализи маркази бўлгани учун қўшни вилоятлар — Сурхондарё, Қашқадарё, Навоий ва Жиззах вилоятларидан ҳам ўткир буйрак етишмовчилиги билан касаллар кела бошлади. Бу ўткир буйрак етишмовчилиги олдин ҳам ҳар ойда битта-иккита учраб турарди. Лекин сентябрдан кейин бу ҳолатларнинг кўпайгани бизни безовта қилди ва бу нарса билан шуғуллана бошладик. Бу болаларда қаердан ўткир буйрак етишмовчилиги кўпайяпти, дея. Сентябрь, октябрь ойларида шуғулландик.

Бизнинг юқори турадиган ташкилотимиз бор: Болалар миллий маркази. Улардан сўрадик. Уларда ҳам бунақа касаллар кўплиги ва бу COVID-19 оқибатида бўлиб тургани тўғрисида ахборот олдик. Ковидга текширдик, 10 тасидан 1 та, 2 тасида чиқди, қолганида чиқмади. Биз яна безовта бўлдик. Ноябрь ойида ишчи гуруҳ тузиб, болалар реанимация бўлими, болалар реаниматологи ва гемодиализ бўлими мудирини 10 кунга Миллий марказга жўнатдик. Улар кўриб келиб айтишдики, бунинг ковид билан боғлиқлиги аниқланган, шунинг оқибатида ўткир буйрак етишмовчилиги бўлган. Бу [жавоб] бизни қониқтирмади. Ундан кейин биз декабрнинг биринчи декадасида (биринчи ўнкунлик — таҳр.) ретроспектив таҳлил ўтказдик.

Ретроспектив таҳлил — бугунги ҳолатни ундан олдинги ҳолатлар билан таққослаб, унинг мазмунига етиш. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, 18 та, 19 та бола — ўлганлар, тирик қолганларнинг онасига шу дорини («Док-1 Макс» — таҳр.) кўрсатсак, ҳаммаси таниди. Болалар 4 кун, 5 кун температура қилгандан кейин дорилар истеъмол қилган. Одамлар ҳамма вақт ҳам дорини танийвермайди. Берилган дорини келтириб ишлатади.

Шундан кейин — 14 декабрь куни кечқурун бу ўша «Док-1 Макс» дори воситасининг ишлатилиши натижасида болаларда ўткир буйрак етишмовчилиги бўлган бўлиши мумкин экан, деган хулосага келдик. Бу нафақат менинг, балки бирга ишлаган тажрибали шифокорлар хулосаси эди…

15 декабрда биз вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасига хат ёздик. «Шунақа ҳолатлар кузатиляпти, сиздан илтимос, мана шу „Док-1 Макс“ дориси ҳаракатини тўхтатиш керак. Тўхтатса, кўрамиз ҳолат қандай бўлар экан. Мана шу дорини ўрганиш керак», деган маънода хат чиқардик. Хатимизни 20 ёки 21 декабрда интернетда кўрдик, деди биров. Ким чиқарган, қандай чиқарган — бундан бизнинг хабаримиз йўқ. Кейин 22 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир нечта ходимлардан иборат ишчи гуруҳ ташкил қилиб, келиб, ҳолатни ўрганди. Бу бир неча кун давомида бўлганди. Дори воситасини лаборатор текширувлардан ўтказди. Текширишлар натижасида «Док-1 Макс» воситаси таркибида этиленгликоль ва диэтиленгликоль борлиги аниқланди.

Заҳар борлиги тасдиғини топгандан кейин яна адабиётларни қидирдик. Бу олдин бир-иккита мамлакатларда бўлган, ана шундай асоратлар кузатилган экан…

Кейин вазирлик бутун Ўзбекистон ҳудудида «Док-1 Макс» дори воситасини ишлатишни тўхтатиш тўғрисида кўрсатма хат чиқарди. Дорилар барча дорихоналардан йиғиштирилиб олинди. Шундан кейин — 2023 йил январидан то ҳозирги кунгача нафақат бизда, балки бутун Ўзбекистонда бирорта бола ўткир буйрак етишмовчилигига чалинмади.

Савол-жавоб

Унинг кўрсатмаси тинглангач, адвокатлар Маматқул Азизовга савол бера бошлади.

док-1 макс, маматқул азизов, суд

— Вилоят ССБга [болалар ўлими бўйича] хат билан чиққанингиздан кейин қандай чоралар кўрилди?

— Ҳеч қандай чора кўрилмади. Хатимга жавоб олганим йўқ. Ҳеч ким мен билан боғланмаган.

— 10 нафар атрофида болани ковидга текширдик, 1−2 тасида чиқди, қолганларида ковид таъсири йўқ, дедингиз, уларга қандай ташхис қўйдингиз?

 — Қолган болаларга интестинал нефрит ташхиси қўйилган.

— Бемор Н. Кўчимов 29 сентябрда вафот этган. Яна иккита қизимиз 1 ноябргача вафот этган. Ўзингиз айтдингизки, биз [болаларда оммавий ўлим кузатилганда] буйруқ бўйича хат ёзишимиз керак, деб. Нега ёзмагансиз?

Гап Соғлиқни сақлаш вазирлиги собиқ раҳбари Алишер Шодмоновнинг 2018 йил 16 апрелдаги 3000-сонли буйруғи ҳақида кетмоқда. Унда бола дорининг ножўя таъсири остида вафот этса, бу ҳақда ССВга хабар бериш кераклиги кўрсатилган.

— Бу ҳолатлар барчаси «Док-1 Макс» дориси билан боғлиқ эканига иқрор бўлмаган эдик.

— Буйруқда «Док-1 Макс» дорисига боғлиқ бўлиши керак деган гап йўқ-ку! Бола ўлими кузатилдими, ССВга мурожаат қиласиз, деган гап бор.

— Биз вазирликка, бошқармага — ҳаммага ўлган болалар рўйхатини электрон шаклда ҳар ой бериб борганмиз.

— Доридан заҳарланганига 14 декабрда иқрор бўлиб, эртаси куни хат чиқардик, дедингиз. Заҳарланиш бўйича биринчи шубҳаланиш қачон бўлган?

— Декабрь ойининг биринчи декадаси — 9−10 декабрда — таҳлиллар тугагани [жавоби чиққани]дан кейин.

— Сардор Воҳидов Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази қабул бўлими педиатри экан. Шу врачингиз 21 октябрь куни Д.Ўлмасовага бирламчи ташхис қўйилганда дори воситасининг ножўя таъсири («Нолгрипп» ва «Док-1 Макс»), интестинал нефрит, ўткир буйрак етишмовчиги, дея қайд этган ва бемор реанимацияга ўтказилган экан-ку?

— Дори воситаларининг ножўя таъсири деган тушунча бор… Бу ёзувни ўқиганим йўқ. Бизда дори билан боғлиқмикан, деган шубҳа бўлган.

— «Дори билан заҳарланиш» дейилса, врач сизга ўшанда ахборот бериши керак эдими?

— Керак эди. Биз октябрь ойида ҳам дори билан боғлиқмикан, деб қидирганмиз. Лекин буни қидириб, то ишонч ҳосил қилгунча анча вақт ўтган. Бизда унгача асосий ташхис интестинал нефрит бўлган.

— «Амбронол» дорисидан ҳам ўлим кузатилганми?

— «Амбронол»дан ҳам бор. Январь ойида… Оқдарёда бола температура қилган, кейин йўталган. Дорихонага борган, у ерда «Амбронол» берилган. Уйда 3 кун шу дори берилгач, болада сийдик тўхтаган, яъни анурия пайдо бўлган. Бир кун туман марказий шифохонасида даволанган, кейин бизга олиб келинган.

— Сизнинг кўрсатмангизда 66-ўлим (расмий статистика бўйича 65 та — таҳр.) ҳақида маълумот бор. 2022 йил 3 ноябрда Шокиров Д. вафот этгани бўйича. Бу ҳақиқатан ҳам борми ёки адашиб қўшиб қўйилганми?

— Бизнинг рўйхатда бўлса, бор.

Адвокатлардан сўнг судья Маматқул Азизовга савол бериб, ўткир буйрак етишмовчилиги билан касалланиш 2023 йилда ҳам қайд этилгани ёки йўқлигини сўради. Бунга жавобан шифокор Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бирорта ҳам ҳолат кузатилмаганини билдирди.

Суддан сўнг «Газета.uz» мухбири Маматқул Азизов билан боғланиб, рақамларга ойдинлик киритишни сўради. «Ўлган 65 нафар боланинг рўйхати билан таниш эмасман. Мен фақат ўзимизнинг шифохонамизда ўлганларни биламан, холос. Биз хатда марказимизда вафот этган 18 нафар бемор тўғрисида ёзганмиз», — деди у.

Маълумот ўрнида, мазкур иддаони текшириш имконсиз бўлиб, ССВ томонидан «Док-1 Макс» сиропи ортидан вафот этганларнинг исм шарифлари ҳануз очиқ эълон қилинмади.

Аввалроқ судда шифокор этиленгликолнинг болалар организмига таъсири ҳамда шифохонага эртароқ ётқизиш соғайиш имкониятларини қандай оширгани ҳақида кўрсатма берганини хабар қилгандик.