Тошкент шаҳар судида 15 ноябрь куни «Док-1 Макс» иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтган эди. Унда гувоҳлар Улуғбек Эгамов, Маҳфуза Амирова, эксперт Элеонора Пак, судланувчи С.С., шунингдек, жабрланувчи Ардашой Нўъмонова, Дадахон Болтаев, Дилшоджон Йўлдошев, Фазлиддин Миршоҳидов, Жавлон Қиржигитов, Муножот Ураимова кўрсатмалари тингланди. Шунингдек, адвокатлар бир неча илтимосномалар билан судьяга мурожаат қилди.

Мажлис аввалида судья Мусо Юсупов жабрланувчиларнинг узоқ ҳудудлардан келганлигини ҳисобга олиб, агар шошилаётган бўлишса, дастлаб улардан кўрсатма олишини, бўлмаса аввалига гувоҳларнинг кўрсатмаларини тинглашни таклиф қилди. Жабрланувчилар эса дастлаб гувоҳларнинг кўрсатмаларини тинглашни маъқул топди.

Гувоҳ Улуғбек Эгамов кўрсатмаси

Гувоҳ Улуғбек Эгамов кўрсатмаси унинг «Кураракс» дори воситасини инспекцион текширувдан олиб ташлаш ишида иштирок этган-этмагани ҳақида бўлди.

Гувоҳ Улуғбек Эгамов 1984 йил Жиззах шаҳрида туғилган. Ҳозирда ишсиз. Жиноят ишига сабаб бўлган ҳодисалар юз берган пайтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари, кейинчалик эса агентлик раҳбари лавозимида ишлаган.

Судья: Марҳамат, кўрсатмаларингизни бериб ўтишингиз мумкин. Сиз тергов жараёнида «Кураракс» дори воситасини инспекцион текширувдан олиб ташлаш бўйича тергов жараёнида сўроқ қилингансиз. Шу бўйича ҳам кўрсатмаларингиз бор.

Гувоҳ: Агентликда 2022 йил апрелидан иш бошлаганман. Фаолиятим давомида йўналишлар бўйича корхоналар, мурожаатчилар томонидан мурожаатлар келиб тушарди. [Улар] шу йўналишлар бўйича тегишли ташкилотлар, корхоналар, мутасаддиларга юбориларди. Тергов давомида ҳам айтилганидек, корхоналар мурожаатлари кўриб чиқиш учун «Фармкомитет» (ҳозирги ССВ ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази)га юборилган. Баъзида мурожаатчилар агентликка келиб ҳам ўз масалалари бўйича мурожаат қилишарди. Шу мурожаатлар ҳам кўриб чиқиш учун «Фармкомитет»га юбориларди. Асосий масалалар шулар.

Судья: Мурожаатлар бўйича эмас, «Кураракс» бўйича гапирайлик, марҳамат.

Гувоҳ: Фаолиятим давомида «Кураракс» бўйича дуч келмаганман. Бу бўйича хабарим ҳам йўқ.

Судья: Тергов жараёнида сўроқ қилингансиз. Бу бўйича ҳам сизга билдирилган. Иш жараёнида айнан сиз билан боғлиқ ҳолат бўйича, яъни судланувчи А.А. тергов жараёнида сўроқ қилинган вақтда, 2022 йил июль-август ойларида «Айнан Эгамов мени хизмат хонасига чақириб, «Кураракс» дори воситасини инспекцион текширувга тушганини айтиб, «Шуни инспекцион текширувдан олиб ташлаш керак, айнан Marion Biotech билан Pestro’ни олиб ташлаш керак деган мазмунда топшириқ берди», деган кўрсатма берган. Ҳозир инспекцион текширувдан олиб ташланган ҳолат бўйича ҳам судланувчиларга айб эълон қилинган. Марҳамат, бунга нима дейсиз?

Гувоҳ: Бу бўйича ундай топшириқ берилмаган.

Судья: Топшириқ берилмаган эмас, сизни «топшириқ берди» деяпти.

Гувоҳ: Ундай топшириқ бермаганман. Бу бевосита менинг ваколатимга ҳам кирмаган.

Судья: Судланувчи А.А. ўшанда «Ҳақиқатан бу нарса менинг ваколатимга кирмайди. Кариевнинг ваколатларидаги нарсалигини айтганман, деб тушунтириш берганман», деган.

Гувоҳ: Тадбиркорлик субъектлари томонидан мурожаатлар бўларди. Хат орқали ҳам, ўзлари келиб ҳам. Биз шу мурожаатларни йўналишларда тегишлилик бўйича уларга йўналтирардик. Учрашувлар давомида (судья гувоҳни гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Судья: Демак, унақа бўлмаган демоқчисиз-а?

Гувоҳ: Шунақа.

Судья: Демак, сизга туҳмат қиляпти, деб ўйлайсиз?

Гувоҳ: Энди бу ҳолат бўлмаган ҳам дея оламан-да

Судья: Бўлмаган-а, ҳозир?

Гувоҳ: Шунақа.

Судья: Саволлар борми?

Адвокатлардан бири: Айнан шу «Кураракс» дори воситаси бўйича мурожаатларни бизга тақдим қила оласизми?

Гувоҳ: У мурожаатларни агентликка сўров қилиб кўтариб бериш керак. Чунки ҳозир айнан «Quramaks» корхонасининг мурожаати бўлганми, йўқ, айтолмайман.

Адвокат: Мурожаатлар ижроси билан сиз шуғулланасизми ёки ижрочига жўнатасизми?

Гувоҳ: Мурожаатлар келиб тушгандан кейин ижрочига йўналтирилади. Назорат бўлими ижросини назорат қилади.

Адвокат: Энди мантиқан бир саволга жавоб беринг-да. Аризанинг ижроси билан ўзингиз шуғулланяпсиз, ижрочига ўзингиз юборган бўлсангиз. Нима сабабдан буни ўзингиз [унутишингиз мумкин?]

Гувоҳ: Бевосита «Фармкомитет»нинг раҳбариятига айтганим бўйича бу ҳолат эсимда йўқ. Чунки мурожаатлар кўп бўларди. Бу нарсани бевосита «Фармкомитет» раҳбариятига топшириқ берган ҳолатда, мен эслолмайман, бунақа ҳолатлар бўлмаган. Чунки кўп корхоналар учрашув давомида ҳам, айнан қабулга ёзилиб ҳам келган ҳоллари бўлган.

Адвокат: [Юзлаштириш жараёнида] айнан мана шуни инкор қилгансиз-да.

Гувоҳ: «Quramax» корхонасининг ҳеч қандай вакили билан учрашмаганман. Менга мурожаатлар бўлмаган.

Адвокат: Демак, тергов жараёнида судланувчи А.А. билан юзлаштириш давомидаги кўрсатмаларингизни тасдиқламайсиз, шундайми?

Гувоҳ: Ўша кўрсатмаларни тасдиқлайман. Ҳозир [ҳам] ўша кўрсатма бўйича гапиряпман. «Quramax» корхонаси томонидан бевосита мурожаат кўрмаганман ҳам, бўлганини ҳам эслолмайман.

Адвокат: «Кураракс»ни инспекциядан чиқариш бўйича топшириқ берганмисиз-бермаганмисиз? Ёки илтимос қилганмисиз-қилмаганмисиз?

Гувоҳ: Йўқ, унақа бўлмаган.

Адвокат: Жиноят иши материалларида [котибнинг] телефонидан олинган «распечатка» бор. Билсангиз, Telegram’да хабар кимдан келган бўлса, ўшанинг исми туради. Ўша ерда «Эгамов У» деган [ёзув] турибди. Айнан «Кураракс» дори воситасини инспекциядан ечиш бўйича. Бунга қанақа изоҳ бера оласиз?

Гувоҳ: Биз келган мурожаатларни ижрочига йўналтирган бўлишимиз мумкин. Ҳозир бир ярим йил олдинги ҳолат аниқ эсимда йўқ.

Адвокат: Саволимни тушунмадингиз. Сизга терговда Telegram’дан олинган скриншотни кўрсатишдими?

Гувоҳ: Ҳа.

Адвокат: Ўша бўйича тушунтириш беринг.

Гувоҳ: Ўша мурожаатлар ижрога юборилган-да.

Адвокат: Демак, мурожаат бўлган, тўғрими?

Гувоҳ: Терговдаги бошқа корхона эди-да. Сиз ҳозир «Quramax» деганингизга шундай дедим.

Адвокат: Мен ҳали бирор марта «Quramax» демадим. «Кураракс» дори воситаси деяпман.

Гувоҳ: Терговда ҳам берилган. Келган иккита корхонанинг мурожаатлари Telegram’дан кўриб чиқиш учун юборилган. Лекин Telegram’да хатлари… (адвокат гувоҳни гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Адвокат: Кимга юборгансиз?

Гувоҳ: Ҳозир кимга юборганим аниқ эсимда йўқ.

Адвокат: Энди ҳаётингизда бунақа нарса ҳар куни бўлмаса керак. Терговга чақириб, бошқа қилиб. Ҳаммаси эсда қоладиган нарса-ку.

Гувоҳ: У бир ярим йил олдинги жараён. Аниқ кимга юборганимни билмайман.

Адвокат: Юборганингизни тасдиқлайсизми?

Гувоҳ: Ўшанда Telegram’да мендан кетганлиги турибди.

Адвокат: Ҳозир мантиқан бир гапингиз иккинчисига тўғри келмаяпти. Бир мурожаат қилмаган деяпсиз, бир ижрочига берганман деяпсиз. Ҳозир эса мурожаат қилган, ўзим юборганман деяпсиз. Қайси гапингизга ишониш керак?

Гувоҳ: Сиз «Quramax» корхонаси деганингизга чалғидим.

Адвокат: Мен бирор марта «Quramax» корхонаси деяётганим йўқ. Мен бошидан «Кураракс» дори воситаси деб гапириб келяпман.

Гувоҳ: Тергов жараёнига иккита корхона бўйича қатнашганман. Ўша бўйича мурожаатлар бўлган, юборганман. Лекин у қайси босқичларда бўлган, кўриб чиқиш натижаси қандай бўлган аниқ билмайман.

Адвокат: Кўрсатувларингизга [суд томонидан] баҳо берилади, деб ўйлайман.

Бошқа адвокат: Демак, ҳозир айнан мурожаатлар масаласида гап кетяпти. Мурожаатлар билан ишлаш тартибини биласиз-а? Ё ёзма, ёки оғзаки мурожаат келади. Мана шу тергов жараёнида сизга кўрсатилган Telegram’даги скриншот қайси масалага дахлдор эди. Эслай оласизми?

Гувоҳ: Ҳозир корхона номи эсимда йўқ. Лекин «регистрация» қилиш жараёни билан боғлиқ масала эди. Бевосита «Фармкомитет»нинг фаолияти билан боғлиқ бўлган масала.

Адвокат: «Регистрация» қилиш билан боғлиқ жараён бўлса, демак, «регистрация»га ҳужжатлар топширишнинг ўзига яраша тартиби бор. Сизнинг хизмат даврингиз давомида «регистрация» бўлими сизга бўйсунармиди?

Гувоҳ: Йўқ.

Адвокат: Бўйсунмасмиди?

Гувоҳ: «Регистрация» бўлими деб «Фармкомитет» таркибидаги бўлимни айтяпсизми?

Адвокат: Хўп, сизга хизмат бўйича бўйсунармиди?

Гувоҳ: Йўқ.

Адвокат: Суд мажлиси баённомаси учун «регистрация» бўлимига ҳужжатлар қандай келиб тушишини эслатиб юборинг. Тартибини биласизми?

Гувоҳ: Ҳа, тартиби билан танишиб чиққандим. Мурожаат қилувчи корхона бевосита Дори воситаларининг хавфсизлиги давлат марказига — «Фармкомитет»га ўзлари ёзма равишда мурожаат тақдим этишади. У кирим бўлади.

Адвокат: «Фишка»га ижро учун чиқарилади. Ва ижрочига бориб тушади. Унинг назоратини ижро назорати бўлими қиляпти.

Гувоҳ: Худди шундай.

Адвокат: Ижро назорати бўлими сизга бўйсунадими?

Гувоҳ: Йўқ. Давлат марказидаги ижро назорати ҳақида гап кетяптими ёки Фармагентликнинг ижро назорати ҳақида гап кетяптими?

Адвокат: Ўзи сизнинг Telegram ёзишмангизда қайси дори воситаси, сиз қандай лавозимда эдингизу судланувчи А.А.га қандай чиқиб қоляпсиз? А.А. у пайтда қаерда ишларди.

Гувоҳ: [А.А] давлат марказида ишларди.

Адвокат: Сиз-чи?

Гувоҳ: Агентликда.

Адвокат: Рўйхатдан ўтказиш бўлими давлат марказида. Ижрони назорат қилиш бўлими давлат марказида борми?

Гувоҳ: Унинг ўзида ҳам бор, агентликда ҳам бор.

Адвокат: Агентлик юқори турувчи ташкилот бўляпти, тўғрими? Дорини рўйхатдан ўтказиш учун мурожаат бевосита давлат марказига бориб тушади. Агентликка бормайди, тўғрими?

Гувоҳ: Йўқ, бормайди.

Адвокат: Демак, «Бирор бир дори воситасини рўйхатдан ўтказиш бўйича мурожаат бўлса керак», деган гапингиздан, агентлик давлат марказини юқори турувчи орган сифатида назорат қилишидан ҳам келиб чиқадиган бўлсак, бу иккинчи фактор. Давлат марказида бирор бир муаммо туғилган бўлса керакки, мурожаатчи бевосита агентликка боряпти. Агентликка сизнинг қабулингизга борган бўлиши мумкин. Фикрингизни тўғри тушуняпман-а? Шу маънода кўрсатма беряпсиз. Энди жисмоний ва юридик шахслар мурожаати тўғрисидаги қонун бор. Ўша пайтда бу амалда эди. Агентликда сизнинг қабулингизга келган шахсларнинг рўйхати ёки ҳисобини қандай юритардингизлар?

Гувоҳ: Унинг ҳисобини бевосита агентликдаги котибалар юритарди.

Адвокат: Шунда келиб туриб қайси раҳбар қабул қилганининг ҳисоби ҳам бўладими?

Гувоҳ: Унинг ҳозир аниқ тартибини… Февраль ойидан бошлаб (2023 йил — таҳр.), агентлик директори лавозимида ишлаган вақтимда директор қабулига келган фуқаролар ва корхоналар қабулхонанинг махсус журналида ёзиларди. Лекин биринчи ўринбосар бўлиб ишлаган пайтимда бундай рўйхат юритилганми-йўқми, аниқ айтолмайман.

Адвокат: Фуқароларни қабул қилиш ҳамма жойда бир хил: китоб юритилади. Айтингчи, айнан сизнинг ўринбосар бўлиб ишлаган даврингиздаги фуқароларни қабул қилиш рўйхатингиздан мурожаат қилган одамни ва унинг мурожаати натижаси бўйича судланувчи А.А.га чиққанингизни — яъни ижро А.А.да бўладиган бўлса, бевосита А.А.га чиққансиз-да — кимнинг мурожаати бўйича чиққанингизни, А.А.га чиққанингиз ҳолатини таққослаб, аниқласак бўладими?

Гувоҳ: Агентликда хат бўлиши керак. Ҳужжатларни кўтариш керак-да.

Адвокат: Муҳтарам раислик қилувчи, рухсат берсангиз, А.А. билан юзлаштирсак.

Судья: Марҳамат.

Адвокат: Кўрсатмаларни эшитдингиз-а?

Судланувчи А.А: Эшитдим.

Адвокат: Тасдиқлайсизми?

Судланувчи А.А: Йўқ, тасдиқламайман. Терговда берган кўрсатмамда қоламан. Ҳозир бу ерда берилаётган [кўрсатма] ёлғон ва ўзларининг виждонларига қолдираман.

Адвокат: Судланувчи, бир нарса: виждонни четга суриб қўяйлик-да, биринчи қонунга риоя қилайлик. Сиз қандай кўрсатув берганингизни қисқача айтинг. Сабаби юзлаштириш бўляпти, бу киши ҳам эшитиши керак. Бу ерда ё инкор қилиш керак, ё тасдиқлаш керак-да.

Судланувчи А.А: Менинг кўрсатмамни ҳурматли раислик қилувчи айтяптилар. Яна бошидан [айтиб ўтаман]. Июль ойи бошларида агентликда ижро назорати бўйича йиғилиш бўлган. Уни бемалол ижро протоколи бўйича ҳам кўтарса бўлади. Ўша йиғилишдан кейин менга «Кетиб қолманг» деб топшириқ берилган. Кейин хизмат хоналарига кириб, иккита корхонани биздан, давлат марказидан чиққан хати менга берилган, «А.А, мана шуни инспекциядан олиб ташланглар», деган. Мен энди директорнинг биринчи ўринбосари бўлганим учун қандай қилиб инспекциядан олиб ташлайди, билмаганман. «Узр, мен бу нарсани қилолмайман, раҳбар бор, раҳбарга чиқинг», деб айтганман. «Бўлди, хўп, ўзим [бир нима] қиламан», деганлар-да, шу билан ўша жойдаги суҳбат якунлаган. Кейин менга раҳбардан инспекцияни олиб ташлаш бўйича топшириқ тушган.

Судья: «Кураракс» бўйичами?

Судланувчи А.А.: Ҳа. «Кураракс» бўйича.

Судья: Адвокатимиз, юзлаштириш бўйича таклиф сиздан чиқди. Марҳамат, давом этинг.

Адвокатлардан бири: Мана бу ерда скриншот бор эдию (судланувчи А.А.га скриншотни кўрсатиб — таҳр.). Шунда хат билан хулоса келтирилган. Шу хат нима мазмунда?

Судланувчи А.А: Бу давлат марказидан «Эрофер» дори воситаси инспекцион текширувга тушди деганда корхона томонга йўналтирилган хат бўлган. [Telegram'дан олинган] бу [скриншот]да ўша расм ва инспекциядан олиб ташлаш керак деган ёзув хабари келган.

Адвокат: Бошқа қўшимчаларингиз йўқми?

Судланувчи А.А: Йўқ, раҳмат.

Бошқа адвокат: Улуғбек ака, қачонки, сиз ишлатган вариант, яъни мурожаатларни ижрочига юбориш, ҳамкасбим айтганидек, ўша ташкилотнинг тегишли тартиби бўйича қилинганида сизга савол бўлмасди. Сиз эса Telegram’дан тўғридан-тўғри ҳеч қандай мурожаат эмас, айнан корхонага юборилган огоҳлантирув хатини жўнатгансиз. Мана шу жойи тушунарсиз бўлиб турибди. У ҳужжат сиз айтган вариантга кирмаса. Бунга бирор изоҳингиз борми?

Гувоҳ: Олдинги бўлган босқичнинг аниқ сценарийси эсимда йўқ-да. Чунки жуда кўп тадбирлар уюштирардик. Мурожаатлар, тадбиркорларни йиғардик. Шу пайтда ҳам келиб тушган бўлиши мумкин. Шунинг учун бу нарса қайси тартибда келиб тушганини айтолмайман. Айтганимдек, кўп мурожаатлар бўларди-да. Баъзан агентликка расмий хат келарди, баъзан учрашув давомида ҳам шу нарсалар кўтариларди. Баъзан эса келиб мурожаат қилинарди. Давлат марказида очиқ мулоқотлар ташкил қилган пайтимизда ҳам келиб мурожаатлар қилишарди.

Адвокат: Келинг, аниқ нарса ҳақида гаплашамиз. Ҳозир ҳеч ким техникани инкор қилолмайди. Telegram’дан борган хат сиздан боргани аниқ-да. Буни қандай тушуниш керак. Бу нима — мурожаатми? Эслаб кўринг, бу хатни сизга ким берган? Бу мурожаатга кирмайди. Нима деб олгансиз? Нима учун А.А.га юборгансиз? Ўзингиз айтиб турибсиз, ваколатингиз йўқ экан, «Фармкомитет»даги бу йўналиш сизга бўйсунмас экан.

Гувоҳ: Бу бўйича қайси тартибда бўлганини, қайси жараёнда бу мурожаат менга келиб тушганини аниқ эслолмайман.

Адвокат: Айнан Фармагентликнинг биринчи муовини сифатида «Фармкомитет»нинг раҳбари биринчи ўринбосари А.А.га Telegram орқали топшириқ бериш масаласи-чи? Биз буни қайси ваколатингизга қўшишимиз керак?

Гувоҳ: Кўриб чиқиш учун йўналтирилган. Ундан бошқа хат-ҳужжатлар ҳам йўналтирилган.

Адвокат: Демак, аниқ бир резолюция қўйган ҳолатингизни эслолмайсиз. Буни кўришим керак деяпсиз. [Терговдаги] сўровдан кейин ҳам шу нарсаларни ўрганиб кўрмадингизми? «Нима бўлган экан ўзи, қайси ҳолат бўлган экан?», деб.

Гувоҳ: Йўқ. Терговдан қайтгандан кейин бу бўйича аниқлик киритмаганман.

Адвокат: Дастлабки тергов вақтида ДХХ терговчилари сизга бирданига савол қўйишган. «Eurofarm group» ва «SKF» корхоналари бўйича А.А.га инспекцион текширув рўйхатидан чиқариб ташлагин, деб топшириқ берган деб сизга савол беришган экан. Жиноят ишида бу тўғрисида маълумот йўқ-да. Худди томдан тушгандек берилган. Бу савол қаердан келиб чиққанди?

Гувоҳ: Менимча, А.А.нинг маълумотидан келиб чиққан бўлса керак. Чунки ўшанда иккита корхона бўйича ҳам «Шунақа масала бўлганми?», деб сўрашган. Бу қаердан келиб чиққанининг сабабини айтишмаган.

Адвокат: Ўзи сизга шу корхоналар бўйича бирор нарса танишми? Мурожаатлар берилганми, хат берилганми? Шу ҳолат бўйича бирор нарсани эслай оласизми?

Гувоҳ: Йўқ, эслолмайман. Чунки мурожаатлар келганда ҳар бирини эслаб қолмаганман.

Адвокат: Ҳурматли раислик қилувчи, рухсат беринг, А.А.га шу саволни берсам. Тергов жараёнида шу корхоналарни инспекцион текширувдан чиқариш бўйича савол нимадан келиб чиққан. Сиз шундай маълумот берганмисиз?

Судланувчи А.А.: Ҳа. Чунки ҳақиқатдан ҳам шундай бўлган.

Адвокат: Бу нарсани сўровларинингизда кўрмадик-да.

Судланувчи А.А: Ҳозир аниқ эсимда йўқ. [Терговда шу ҳақда] айтган бўлишим, шундан келиб чиқиб [гувоҳ] ҳам гапирган бўлиши мумкин. Чунки уларни инспекцион текширувдан олиб ташлаш бўйича менга топшириқ берилган.

Адвокат: «SKF»га гувоҳнома берилиши шу билан боғлиқми?

Судланувчи А.А: Гувоҳнома берилиш жараёнига мен қизиқмаганман. Лекин ўша [анави бўлгандан кейин] шунчаки Умид Темировга айтилган, бўлди. Давоми билан қизиқмаганман. Чунки қилиш керак, [деб] тушяпти. Ва уни инспекцион текширувдан олиб ташлаш ёки бошқа қилиш менинг ваколатимда йўқ.

Адвокат: Қолгани бўйича маълумот беролмайсиз?

Судланувчи А.А: Йўқ.

Адвокат: Ҳозирча шу, бошқа саволим йўқ. Раҳмат.

Бошқа адвокат: Муҳтарам раислик қилувчи, рухсат берсангиз, гувоҳнинг олдига бориб, бир нарсани кўрсатиб, кейин савол берсам. Ёзишмасида битта хат бор, бу ерда яхши чиқмаган.

Судья: (Гувоҳга қарата — таҳр.) Келинг, мен кўрсатаман.

Адвокат: 3-жилднинг 17-бетида. Шу хат нима тўғрисида?

Гувоҳ: Бу хатнинг мазмунини мен билмайман.

Адвокат: Ўша пайт фойдаланган телефонингиздан ёзишмалар ўчириб юборилмаганми?

Гувоҳ: Бу нарса очилиши керакми?

Адвокат: Телефонингиз ёнингиздами?

Гувоҳ: Машинага ташлаб келганман.

Адвокат: Муҳтарам раислик қилувчи, умуман тушуниб бўлмайдиган даражада «распечатка» қилинган экан-да. Шу хатнинг мазмунини кўрсак, ҳолатга аниқлик киритиларди.

Судья: Савол бериб туринг, ҳозир жабрланувчилар гапираётган пайтда чиқиб олиб келади.

Адвокат: Бўлди, менинг бошқа саволим йўқ.

Судланувчи Г. С.: Агентликда иш фаолиятимни 2022 йил апрель ойидан бошлаганман, дедингиз. Вазифа-мажбуриятларингиз, жавобгарлигингизни айтиб кета оласизми?

Гувоҳ: Асосий белгиланган вазифа-йўналишларим — маҳаллий ишлаб чиқариш саноатини ривожлантириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан амалга ошириладиган экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлаш, соҳада амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари мониторингини олиб бориш ва уларни белгиланган муддат[да] ишга туширилишини таъминлаш.

Судланувчи Г. С.: Йўриқномангиз бўйича жавобгарликчи?

Гувоҳ: Шу йўналишдан келиб чиққан ҳолда шу йўналишларни ривожлантириш бўйича масъул жавобгар ўринбосар сифатида фаолият юритганман.

Судланувчи Г. С.: Юқорида [адвокатлар томонидан] айтиб ўтилган айрим саволларни тўлдирмоқчиман. Кўрсатмангизда давлат маркази бўйича ваколат берилмаган, деб айтгансиз. Агар ваколат бўлмаса, ҳозирги саволлардан ҳам келиб чиқиб, биринчи келганингизда рўйхатдан ўтказиш бўлими бошлиғи сифатида ишлаган пайтимда сиз биз билан танишгансиз. Биз сизга презентация қилиб берганмиз. Фаолиятни ўргангансиз. Муҳтарам раислик этувчи, ўрганганларидан кейин ичига киришни бошлаганлар. Агентликка ариза ёки шикоятлар келиб тушган, деб айтдингиз. Ёзма ёки оғзаки равишда шуларни тақдим эта оласизми, деган саволни бермоқчи эдим. Агентликдан сўраб кўриш керак, деб айтяпсиз. Агар имкон қадар шу нарсани тақдим этсангиз, яхши бўларди.

Рўйхатдан ўтказиш бўлимида ишлаганимда, сиз ҳозир юқорида айтиб ўтган фаолият бўйича агентликда ўринбосар сифатида фаолият олиб боргансиз. Ундан ташқари давлат марказига келиб тушган ариза ва шикоятларни аризачиларнинг ўзи билан юзма-юз гаплашиб, кейин бизни чақирардилар. Иши нима бўляпти, деб сўрардилар. Ва бу нарса кундан-кунга кўпайиб борган. Ёзма равишда топширган-топширмаганлигидан менинг хабарим йўқ.

Ҳаттоки бизда видеоконференц-алоқа орқали ҳам гаплашилган. Ундан кейин нафақат маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бўйича, балки хорижий ишлаб чиқарувчилар бўйича ҳам худди шу тартиб кетган. Таҳлил қиладиган бўлсак, 2022 йилнинг биринчи ярмида бу нарсалар кўринмаган эди. Иккинчи ярмида эса бу нарсалар бўйича катта «сакраш» («скачок») бўлган. Айниқса, ноқонуний, норасмий равишда. Бу нарсага урғу бериб ўтаман.

Аввалги раҳбарлардан ҳам «олиб ташланглар», «қўйинглар», «қилинглар» деган нарсалар келарди… Эгамов иш бошладилар, кейин шу нарса чўққига чиқди: «снимать» қилиш керак, у қилиш керак, бу қилиш керак. Ваколатингизда бўлмаса, нима учун тезлаштириш жараёнининг ичига [киргансиз]?

Маҳаллий саноатни ривожлантирганман, экспорт билан шуғулланганман, лойиҳалар билан ишлаганман [деяпсиз]. Ўзи ишингиз етарли экан, нима учун давлат марказининг ички ишига кириб кетяпсиз, аризачилар билан тўғридан-тўғри гаплашяпсиз? Биз: «Улуғбек ака, мана бу ерда камчилик бор, мана хат чиқиб кетган», деб ҳақиқатан сизга кўрсатардик. Сиз бошидан эмас, айнан муаммоси бор жойда шунақа келаверардингиз. Доимий равишда «тезлаштириб қилинглар», деб айтардингиз. Агар ваколатингизда бўлмаса, қайси ваколат билан шундай қилгансиз?

Агар сиз шу иш билан шуғулланганингизда, шикоят ариза тушган бўлса, агентлик раҳбари сизга муносабат белгисини берарди-да, кейин сизга туширарди. Лавозим йўриқномангизда бу нарса йўқ. Муҳтарам раислик этувчи, тўлдириб кетиш учун Кариевдан сўрасам, бўладими? [Сардор ака], шунақа ариза шикояти келиб тушганида, муносабат белгингизни билдириб, Эгамовга виза қўйганмисиз? Шу масалалар бўйича кўриб чиқиб, ичига кириб, кейин доклад қилиши бўйича.

Судланувчи Сардор Кариев: Йўқ, бунақа бўлмаган.

Судланувчи Г. С.: Агар бундай бўлмаган бўлса, шунда ваколат ўзлаштирилган бўляптими? Ҳозир нафақат рўйхатдан ўтказиш бўлими сифатида мен, кейин директор ўринбосари сифатида ҳам рўйхатдан ўтказиш масалалари билан шуғулланганман. Бошқа бўлимлар, бўлинмалар, қўмиталар раислари, лабораториялардан ҳаммамиз судланувчи бўлиб шу ерда айбдор бўлиб ўтирибмиз. Шулардан бирма-бир сўраб чиқсам, эътирозинингиз бўлмайдими?

Судланувчи тўрт нафар судланувчига «Кўрсатмалар, тезлаштириш жараёнлари бўлганми-йўқми, юқоридаги гапларимни тасдиқлайсизми-йўқми?», деган савол билан юзланди. Уларнинг уч нафари тасдиқлаши, бир нафари эса қўшилмаслигини билдирди.

Судланувчи Г. С.: Ваколат бўлмаса, виза бўлмаса, ҳеч қанақа шикоят аризаларини тақдим этолмасангиз… 104-буйруқ, ССВнинг 343-га ўзгартириш киритилган иловасида айнан ким раислик қилади, нима қанақа ўтади — жуда яхши кўрсатма бергансиз. 104- буйруқ бўйича ўзи нималарни биласиз, нималарни баён этиб бера оласиз? Экспертлар кенгашининг вазифаси, ваколати, ҳуқуқ-мажбуриятлари нималардан иборат? Сиз айнан кенгашда иштирок этгансиз шахсан ўзингиз, аъзоларнинг рўйхати билан… 104 бўйича нималарни биласиз? ССВнинг 2020 йил 6 апрелда тасдиқланган буйруғи, айнан иловаларида ўзгартириш киритилган. Ўзи 104 нинг номини биласизми?

Гувоҳ: [Йўқ].

Судланувчи Г. С.: Кўрсатмангизда айтяпсиз-ку.

Гувоҳ: Айнан номини билмайман.

Судланувчи Г. С.: Айнан номини яхши билмасангиз, Давлат марказининг фаолиятини яхши билмасангиз, аризачилар, шикоятчилар билан ишламаган бўлсангиз, қандай қилиб инспекцион текширувдан олиб ташлаш масаласида ваколатли бўла оласиз?

Гувоҳ: У нарсага ваколатим бор деганим йўқ ҳали.

Судланувчи Г. С.: Ваколатингиз йўқ, лекин шу ишни, жараённи сиз олиб боргансиз. Раислик этувчи, битта нарсани таъкидлаб ўтаман, мана шу одам фаолиятга келгандан кейин «олиб ташла», «қўй», «аралаштир», «тезлаштир», «қил» [бошланди]. Буларнинг битта одатлари — ҳамма нарсани бировнинг қўли билан олиб борардилар. Шуни инобатга олишингизни хоҳлайман.

Судланувчи Сардор Кариев: Улуғбек, сен менга «Кураракс» билан «Фекрон»ни инспекцион текширувдан олиб ташлаш бўйича мурожаат қилганмидинг?

Гувоҳ: Йўқ.

Судланувчи Сардор Кариев: Қилмагансан-а? Улуғбек, бир нарса-да, ҳозир мана шу ерда тажирибали судья, тажрибали адвокатлар, тажрибали прокурор ўтирибди. Биз ҳам 11 ойдан бери тажрибали бўлиб қолдик. Одамнинг алдаётгани-чи афтидан кўринади-да. Ҳақиқатан тасдиқлайман, сен шу нарсани сўраб менинг олдимга келмагансан-да. Лекин сен ифлосни деб, мен мана шу ерда ўтирибман — сен билиб қўйгин. Эркак бўлиб, мард бўлиб айтгин-чи — сен 33 минг [доллар]дан неча пул олгансан? Қайси бир [дори]дан неча пул соққа қилдинг? Сендан бир нарсани илтимос қиламан: [мана шу ерда] оила аъзоларим турибди-да — чиқаётганингда бундоқ кўзига қараб ўтиб кетгин. Сен ифлосни деб мен мана шу ерда ўтирибман.

Судья: Огоҳлантираман, Сардор Кариев. Мурожаатингизни қабул қиламиз. Лекин ҳақорат қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Судланувчи Сардор Кариев: Ҳурматли судья, мен ифлосни ифлос деганим учун жавоб беришга тайёрман.

Судья: Бўлди. Сизга муносабат билдиришимизга мажбур қилманг. Фақат ҳақорат қилмасдан, гапингиз бўлса гапиринг. Имкон бераман.

Судланувчи Сардор Кариев: Улуғбек, сенга яна бир марта айтаман, чиқиб кетаётганингда оила аъзоларимнинг кўзига қараб ўт. Оммавий ахборот воситалари олдида, ҳамманинг олдида айтаман — сен «зам» бўлиб келганингдан кейин мана шу қилғиликлар бошланган. Мен шу нарсани тергов пайтида билганман, шу пайтгача билмай, «лох» бўлиб, «зам» бўлиб «нормалний» иш қилиб юрган, деб юрган эканман.

Сени деб 10−11 ойдан бери бутун республикага шарманда бўлиб шу ерда ўтирибман. Фармацевтика агентлиги ниманидир инспекцион [текширувдан олишга] рухсат берган экан деб. Бу нарса сендан чиққан, сен, билмадим, у ерда ким биландир 33 минг [доллар]ни келишиб олгансан. Билган суммам, ундан бошқасини Худо билади. Лекин сени деб мана шу ерда ўтирибман.

Судья: Саволлар борми?

Судланувчи Ш. Ш.: Сиз боя менинг ваколатимга кирмайди, дедингиз. Айнан рўйхатдан ўтказиш, инспекция масалалари бўйича бир неча бор бу ердаги бўлим бошлиқлари, қўмита раислари, «зам»лар билан агентликнинг учинчи қаватида мажлис ўтказгансиз. Бунинг учун алоҳида буйруқ чиқариб, комиссия ҳам тузилган. Бу ерда шартномалар бўйича мажлисда [иштирок этганлардан] С.Г., М.Н., А.А. [ўтирибди], яна 10−15 киши бўлган-да. Шахсан ўзингиз менга қараб «Вице бўлим бошлиғи деган лавозим йўқ, сизларнинг ишларинг ўзи бухгалтерия, канцелярия, давлат божини тўлаттириш. 213-[қарор] бўйича қўмита ва бўлимлар бўлиб чиқади. Сизлар беш кунда бермайсиз», деган важ бўлган, бир-икки марта мажлислардан чиқиб кетганман. Кейинги мажлисларга Назорат бўлимига айтиб, айнан Рўйхатдан ўтказиш бўлимини «списка»дан чиқариб ташлагансиз. Мен «Рўйхатдан ўтказиш бўйича президент фармонлари, инспекцион текширув бўйича янги қонунлар [кўрилганда], нега бизни чақирмаяпсиз?», деганимда шахсан Улуғбек ака Эгамов: «Рўйхатдан ўтказиш бўлимининг иши — давлат божини олиш, Мукаррам Жўрабоевна, Ҳилола Болтабоева, шунга ўхшаш экспертларни чақириш», деб айтган.

Савол: 213-[қарор] бўйича мен эксперт бўлмасам, сиз айтгандек счёт-фактура берган бўлсам, сиз бу ишларга нега аралашгансиз? Айтганингиз ваколатингизга кирмаган. Нима асосида ваколат тузгансиз? Қайтариб ўтаман, ҳурматли раис этувчи, комиссия айнан рўйхатдан ўтказиш бўлими, керак бўлса, гувоҳларим ҳам бор, менинг шахсий хонамдан чиқариб юбориб, компьютерларимни, ҳужжатларимни текширган. Бу бир неча маротаба бўлган. Шахсан агентликнинг назорат бўлими бошлиғи Шерзод Холматовнинг ўзи келиб, «Улуғбек Эгамовнинг шахсий топшириғи деб, нима учун беш кун ичида шартномани бермаяпсизлар», деган. «Бор-йўқлигини кўриб беряпмиз, ҳужжатлар кўп, бир кунда 50 та, 100 та ҳужжат келади. Тўғри тушунинг, беряпмиз», деганимизда, мана бу ерда ходимлар бор, «Рўйхатдан ўтказиш бўлими, бу канцелярия, сизларга топширилгандан кейин давлат давлат божи тўланмагунча экспертиза қилинмайди», деб айтгансиз.

Сиз Рўйхатдан ўтказиш бўлимига нима асосида комиссия тузгансиз? Нима асосида гуруҳ қилгансиз? Бу ерда ҳамма адвокатлар ўтирибди. Сардор Ҳикматович [Кариев] биладиларми-йўқми, билмайман, билишларига шубҳам бор. Бир йилда бешта хизмат текшируви юборилган. Сиз томонингиздан учта. Билишим бўйича, хизмат текшируви асосли бўлиши керак. Комплаенс бўлими бошлиғи Шерзод Холматов кириб, хонамдан ҳайдаб юбориб, икки соат ичида ҳужжатларни кўриб чиқиб, эътироз билдирган. Агар ваколатингиз бўлмаса, рўйхат ўтказиш бўлимида нима асосида текширув бўлган? Изоҳ бера оласизми?

Узр, энди мен нотўғри айтаётган бўлишим мумкин, лекин мен ҳам булар қатори 11 ойдан бери қилмаган ишим учун бу ерда ўтирибман. Туҳматлар билан ўтирибман. Шу саволларга жавоб олиш қонуний деб ўйлайман. Шу пайтгача Сардор ака билан кўришмаганлигим сабабли «Сардор Ҳикматович айтяпти», деб ўйлаганман. Лекин Комплаенс бошлиғи Шерзод Холматов кадр бўлими бошлиғи билан хонамга кириб келиб, хонамдан чиқариб юбориб, текширгани, ҳеч нима топилмагандан кейин А.А.ни олдида бир неча марта: «Сенинг ўринбосар сифатида текширишга ҳаққинг йўқ, сизлар канцеляриясизлар, экспертдан тушгандан кейин текширилади», деб айтгансиз. Тасдиқлаш учун бу ерда одамлар ҳам ўтирибди. Мен бировга туҳмат қилмайман. Ҳар бир гапимда ё гувоҳ, ёки факт билан гапирдим. Илтимос, шу саволимга жавоб беринг.

Гувоҳ: Унақа хизмат текшируви ўтказилмаган. Текширув эмас, ўрганиш ўтказилган. Берилган топшириқларни ўз вақтида бажармаслик ҳолатлари кўпайганидан кейин бунинг сабабини ўрганиш мақсадида келиб тушган мурожаатлар, топшириқларни белгиланган муддатда бажарилиши бўйича ўтказилган. Чунки бизда ижро назорати тизими бор. Келиб тушган топшириқлар белгиланган муддатда бажарилмаса, муддатида бажарилмаган топшириқлар қаторига тушади. Жуда ҳам кўп мурожаатлар, тезкор топшириқлар бўларди. Ўшаларни ўрганиш мақсадида ўтказилган. Айтаётган ишчи гуруҳингиз бўйича [гапирадиган бўлсам], бу ишчи гуруҳ фаолияти танишиш билан боғлиқ бўлган ишчи график тузилган.

Судланувчи Ш. Ш.: Айтиб ўтаман, айнан Рўйхатдан ўтказиш бўлимига.

Гувоҳ: Айнан Рўйхатдан ўтказиш бўлими бўйича бирор ишчи бўлими тузилиб, комиссия тузилган ҳолати йўқ, бўлмаган. Эслолмайман. Лекин агентлик ва унинг тизимидаги ҳамма ташкилотлар, ҳамма бўлинмаларнинг фаолияти билан танишиш бўйича алоҳида график тасдиқланиб, фаолиятлари жамоавий тақдимотлар қилиниб, таништирилган, ўрганилган ва бунга фаолиятини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

Судланувчи Ш. Ш.: Хўп, сиз айтганингиз бўлмаган бўлса ҳам, майли. Қабул қилдик. Иккинчи саволим худди ўша саволга [давом]: сизнинг хизмат ваколатингизда бўлмаса, нима асосида чақиргансиз? Таъкидлаб ўтаман, бу ерда гувоҳлар ҳам ўтирибди. Булардан ташқари ҳам, мажлис ҳеч қачон 20 кишидан кам бўлмаган, учинчи қаватда. Сиз нима асосида ўрганиш олиб боргансиз? Ўрганишларни бизга тақдим қилганмисиз? Иккита комплаенс бошлиғи, юрист, бошқарма бошлиғига билдиргим бор. «Агар хаточилигимиз бўлса, кўрсатинглар, мен ўрганиб чиқиб тўғрилашим керак. Бир ойдан бери текширяпсизлар, хоҳлаган ҳужжатларингизни оляпсизлар, ишлашга халақит қиляпсизлар, бу нарсанинг охири борми?», деб сўрганман ва буни исботлашим [ҳам] мумкин. Қайтариб ўтаман, билдиргим асосида. Шу саволимга жавоб беринг, лавозимингизда бўлмаса, нимага ўрганиш ўтказгансиз? Раҳбар Сардор Ҳикматовичнинг хабарлари йўқ экан, сизга [топшириқ] бермаган эканлар.

Гувоҳ: Ижро назорати бўйича ҳар бир бўлинмада ўрганишлар ўтказилган.

Судланувчи Ш. Ш.: Сизга рўйхатдан ўтказишга ким [топшириқ/буйруқ/ҳуқуқ] берган? Шахсан Шерзод Холматовнинг ўзи келиб, Улуғбек Эгамовнинг буйруғи деб, хонамдан чиқариб юборган.

Гувоҳ: Хонангиздан чиқарганми-йўқми, мен унисини билмайман. Лекин ҳар бир бўлинмада ижро назорати бўйича топшириқларни ўрганиш юзасидан ўрганишлар ўтказилган. Чунки ижро назорати бўлинмаси шунга масъул. Юқори ташкилотлар, ССВ, Вазирлар Маҳкамасидан келган топшириқларнинг вақтида бажарилиши, кимга қанча муддатидан ўтган топшириқлар борлигини ўрганиш бўйича ўрганишлар ўтказилган.

Судланувчи Ш. Ш.: Унақа бўлмаган. Ҳурматли раислик қилувчи, яна рухсат берсангиз, гувоҳлар билан юзлаштирсам.

Судланувчи бошқа уч судланувчилардан «Мен ҳозир шунча гапирган гапларим, мажлисдаги вице бўлими бошлиғи йўқ, сизларнинг ишларингиз фақат канцелярия, давлат божини тўлашларинг керак, сунъий ушлаб турибсизлар, беш кунда қилмаяпсизлар, деб менга қаттиқ гапириб, мажлисдан чиқариб юборган, мана шу ҳамма айтилган гапларни тасдиқлайсизми, йўқми? Ҳозир тергов жараёнида биляпман, Рўйхатдан ўтказиш бўлими[дан] айнан ўзига керак бўлган ҳужжатларни сўраб, нимага тўхтаб турибди, нима камчилиги бор, деб аралашганлиги, ёлғон кўрсатма бераётганликларини тасдиқлайсизми?», деб сўради. Уларнинг бари келтирилган сўроқларни тасдиқлади.

Судланувчи Ш. Ш. — гувоҳга: Айнан шартномалар бўйича комиссия борлигини тасдиқлаганингизни тасдиқлайсизми?

Гувоҳ: Шартномалар бўйича унақа комиссия бўлмаган.

Судланувчи Ш. Ш.: Ҳурматли раис этувчи, агентликда Улуғбек ака Эгамовнинг номидан комиссия тузилган. Биринчидан, ҳужжатлар, шартномалар хоҳлаган пайти келиб текширилган. «Дашборд»нинг логин-пароллари сўралган. Бир неча марта хизмат текшируви амалга оширилган, вице бўлим бошлиғи бўлганимда бир неча марта мен томонга қараб, «Сенинг лавозиминг йўриқномангда йўқ», деб важ келтирилган. Буни давлат марказимиздан хат қилиб олсак бўлади. Иш бўйича шуни эътиборга олишингизни илтимос қилардим.

Судья: Саволлар борми?

Судланувчи Г. С.: Эсингизда бўлса, пост-маркетинг бўйича Африкага хизмат сафари бўлган. С.С. ҳам борганлар. Клиникалар бўйича. Шу таклиф кимдам чиққан? Агар раҳбарнинг ўзларидан таклиф бўлса, муносабат белгиларини қўйиб, буйруқ чиқариб, сизга чиқарардилар. Шу таклиф шакллантирилганига буйруқ расмийлаштирилади. Агар бу нарсалар сизнинг ваколатингизда бўлмаса, таклиф ким тарафдан берилган? Сиз хизмат сафарига боргансиз. Давлат марказининг иши бу.

Гувоҳ: Бу бўйича «Пекин+» деган лойиҳа бор. Ўша лойиҳа доирасида таклиф келиб тушган. Ўша асосида бу шакллантирилиб, хизмат сафари ЖССТнинг шу йўналишдаги тажрибасини ўрганиш мақсадида уюштирилган.

Судланувчи Г. С.: Хўп, бу давлат марказининг лойиҳаси бўлса, сиз агентликда бўлсангиз, давлат марказига нима алоқангиз бор?

Гувоҳ: Делегация таркибига Фармацевтика агентлиги, Давлат маркази ва Вазирлар Маҳкамасидан вакиллар киритилиб, ишчи гуруҳ шакллантирилган. Кейин Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилиб, ўрганиш ўтказилган.

Судланувчи Г. С.: Ишчи гуруҳ шакллантирилган деяпсиз. Ишчи гуруҳни ким шакллантирди: Кариевми, сизми?

Гувоҳ: Энди ҳозир ким шакллантиргани эсимда йўқ. Ўша пайти мутасаддилар (судланувчи гувоҳни гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Судланувчи Г. С.: Чунки таклиф сиздан чиққан. Келинг, кўзга қараб бор ҳақиқатни гапирайлик. Бу ерда биз еганимизни ичимиздан еб бўлдик. Ичимиз тўкилиб бўлди. Виждонингиз билан бирга-бир қолганда нима деб жавоб берасиз ўзингизга?

Судья: Саволга жавоб кутайлик, марҳамат.

Судланувчи Г. С.: Раислик этувчи, шунчаки бу нарса Давлат марказининг ўзининг бўлимига тегишли бўлса. Пост-маркетинг, сертификация жараёни, клиника (судья судланувчини гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Судья: Тушунарли. Г. С., фикрингиз бўлса, билдирасиз, инобатга оламиз. Бошқа саволингиз борми?

Судланувчи: Жавоб бермаяптилар.

Судья: Кимда саволлар бор?

Судланувчи Сардор Кариев: Менинг саволим жавобсиз қолиб кетди. 33 минг [доллар]нинг қанчаси сенга тегди? Шуни менга айтиб кетсин. Тўғриси, менга жуда қизиқ бўляпти. Уйингдагиларга буюрдими, оилангга, бола-чақангга?

Гувоҳ: Унақа ҳолат… (судланувчи гувоҳни гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Судланувчи Сардор Кариев: Қўйгин, Улуғбек, илтимос. Кел, менга лағмон осмагин. Бу ердагиларга осарсан, менга осолмайсан. Айтавер, кутамиз.

Судья: Савол берилди, марҳамат. «Кураракс»ни инспекциядан олиб ташлаш бўйича 33 минг АҚШ доллари сизга борганми?

Гувоҳ: Йўқ.

Судья: Саволлар борми?

Судланувчи Ш. Ш.: Кадрлар масаласи бўйича ДУКдан ишдан олишга сизнинг ҳаққингиз бормиди, йўқмиди?

Гувоҳ: Йўқ.

Судланувчи Ш. Ш.: Бўлмаса, қандай қилиб ҳар бир мажлисда «мен сени беш кунда ишга оламан», деб гапиргансиз?

Гувоҳ: Бунақа ҳолатни… (судланувчи гувоҳни гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Судланувчи Ш. Ш.: Қайтариб ўтаман, гувоҳларни биламан.

Гувоҳ: Унақа ҳолатни мен эслолмайман.

Судланувчи Ш. Ш.: Бўлди, бошқа саволим йўқ.

Судланувчи Г. С.: Кечқурун 23:00 гача мажлис қилиб ўтирардилар. Боласи борми-йўқми, фарқи йўқ эди.

Судья: Эгамов, Кариевдан кейин агентликка сиз раҳбар бўлдингиз-а? Тўғрими?

Гувоҳ: Ҳа.

Судья: Ундай бўлса биларкансиз. Савол: ўзи инспекцион текширувдан олиб ташлаш қонунийми?

Гувоҳ: Йўқ, ноқонуний.

Судья: Нега бунақа топшириқ бергансиз? Мана, ҳозир ўзингиз ҳам кўрдингиз. Телефонингиздан [жўнатилган хабарнинг] расмини кўрсатяпти.

Гувоҳ: Унақа топшириқ бўлмаган.

Судья: Унақа топшириқ бўлмаган? Мана, айнан А.А.нинг телефон рақамидаги ёзишмалар. Ҳозир сизда [ҳам] кўрамиз. Буни «Инспекциядан ечиш керак» мазмунида сиздан А.А.га [хабар] боряпти. А.А. сизга жавоб беряпти: «Бу ишлаб чиқарувни инспекцион текширувдан ечиш протоколини қайтадан қилсам, Сардор ака Ҳикматович имзо қўйиб берадими?», деса, «Ҳа, имзо қўйиб беради», деяпсиз.

Гувоҳ: Унақа ҳолат бўлмаган.

Судья: Сиз унақа деманг, менда матни турибди. Ёлғон кўрсатма бериш жавобгарлигидан сизни огоҳлантирдим. Сиз Давлат маркази эмас, Агентлик раҳбари ўринбосари бўлгансиз. Давлат марказига алоқангиз йўқлигини ҳамма эътироф этяпти.

Гувоҳ: Бунақа ҳолатни (судья гувоҳни гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Судья: Тасдиқламайсиз-а?

Гувоҳ: Тасдиқламайман.

Судья: (залдагиларга мурожаат қилиб — таҳр.) Телефони керакми?

Судланувчи Сардор Кариев: Керак-керак. Кўриш керак. Бошқа нарса чиқиб келади барибир. Бошқа олган-еганлари бўлади.

Судланувчилардан бири: Кейин яна эътибор қилишингизни сўрардим. Умид Темиров келганларида кўрсатма бердилар. Ҳар бир ишлаб чиқарувчиларни санаб чиқдилар-ку, мана бу, мана бу, деб. Айнан ўша ишлаб чиқарувчиларнинг ҳаммаси буларга боғлиқ.Telegram'ларидан ҳам ўша ердаги одамлар билан гаплашиб,. компьютерларигача, телефонларигача текширса бўлади.

Судланувчи Сардор Кариев: Мен ўзи ҳайрон бўлдим. Терговда нега мукаммал текширувни ўтказмабди?.. Улуғбек, ўзи менинг бошимга солинган нарсанинг 10 фоизи сенга солинганда-чи, мана шу ерда булбулигўё бўлиб сайрардинг, биласанми?

Гувоҳ: Бу ҳолатда Сардор Ҳикматович бўлмаган. Мен у нарсани… (судланувчи гувоҳни гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Судланувчи Сардор Кариев: Улуғбек, кел, илтимос, шунақа қилмагин. Мана шу ерда ўтирганларнинг ҳаммаси кўриб турибди, афтинг оқариб, ёлғон гапираётганингни.

Гувоҳ: Йўқ, оқариб кетяпман. Анақа қилмайман. Шунчаки ҳолат… (судланувчи гувоҳни гапиришдан тўхтатади — таҳр.).

Судланувчи Сардор Кариев: Олгансан, егансан, ўшанга ҳаяжонланяпсан. Инспекциядан ечгансан. Мана бу ердагилар билан бўлишгансан сен ҳам. Бу ерда мен агентликнинг раҳбари сифатида айбсиз айбдор бўлиб қолдим. Ҳамма иш, қилғиликни қилдинг, еб-ичиб — бу ерда жавоб бериб ўтирган эса мен бўляпман. Еган сен бўляпсан.

Гувоҳ: Сардор Ҳикматович, унақа ҳолатлар бўлмаган.

Судланувчи Сардор Кариев: Бўлган, Улуғбек. Ҳақиқат эгилади, букилади, лекин синмайди. Егансан, қилгансан шу ишларни.

Судья: А.А., бу ёзишмалар сизнинг телефонингизда борми-йўқми?

Судланувчи А.А.: Менинг Telegram’им, менимча, «автоудаления» (автоматик ўчиш) бўлиб ўчиб ҳам кетган. Чунки бир йилдан бери ишлатилмаяпти. «Переписка» эса тергов бошланган вақтда [олинган] — мен ўчирмаган бўлганман, скриншот қилиб олсам бўларкан. Булар томонидан ўчириб ташланган бўлган экан, иккита томондан ҳам. Ҳозир менда ҳам, уларда ҳам йўқ у нарса.

Судья: Бу расм тақдим қилинган-ку.

Судланувчи А.А.: Йўқ, бу скриншот менинг телефонимдан олинмаган. Буни, менимча, Умид ака Темиров тақдим қилганлар.

Судланувчи Сардор Кариев: Ҳурматли судья, мендан жудаям катта шубҳа пайдо бўляпти. «Переписка» (ёзишма) икковининг ўртасида бўлган. Негадир бунга мени тиқиб қўйишяпти, у ёқдан келган, бу ёқдан келган, деб. Иккалови ёзишган ўзи. Пулларни ҳам булар бўлишиб олган. Бу ишни бир ўзи қилмаган. Бу ерда бир нечта одамга [пул берилган].

Судья: Муҳтарам суд иштирокчилари, А.А. [ҳолати] бўйича аниқлик киритиб олайлик. Телефони ўчиб кетган, мендан ҳам ўчиб кетган деяпти. Телефоннинг кўришнинг фойдаси йўқ. Барибир олиб келгани билан ўзига қарши нарсани кўтариб келмайди.

Томонлар, Эгамовнинг ҳаракатларига баҳо бериш масаласида муносабат бериш бўйича таклифларингиз бўлса, берсангиз, суд кўриб чиқиши мумкин. Тушунарли-а? Буни музокараларда берсангиз ҳам бўлади.

Адвокатлардан бири: Ака, битта саволга жавоб беринг-да. Ҳозир агентлик раҳбари, марказ директори ва марказ раҳбарининг ўринбосарлари, 6 та судланувчи сизга [қарши] тўғридан-тўғри кўрсатма беряпти. Бир киши эмас, уч киши эмас, 6 киши тўғрисида гап кетяпти. Ва сиз ҳаммасини инкор қилдингиз. Буларнинг кўрсатувини нима деб изоҳлайсиз?

Гувоҳ: Яна бир бор қайтараман, лекин бу ҳолатлар айтиб ўтилган тарзда бўлмаган. Қилинган нарса шу — ўрганишлар ўтказилган. Бу соҳага кириб келганимдан кейин, ҳар бир бўлинманинг фаолияти ўрганилган. Фақат Давлат марказининг фаолияти эмас, ҳамма бўлинмаларнинг, агентликнинг ўзидаги бўлинмалар, илмий-тадқиқот институтлари бор. Лекин ҳозир айтиб ўтилган кўрсатмалар умуман ҳақиқатга тўғри келмайди. Яна қайтараман, бу нарса ваколатимга кирмаган.

Адвокат: Сизнинг мутахассислигингиз нима?

Гувоҳ: Юрист.

Адвокат: Ҳозирги кунда қаерда ишлаяпсиз?

Гувоҳ: Ишламаяпман.

Адвокат: Нега ишдан бўшатилгансиз?

Гувоҳ: Соҳада ишлаб чиқариш кўрсаткичлари тушиб кетганлиги сабабли топшириқ бўлган. Президент қарорига мувофиқ «бошқа ишга ўтганлиги сабабли», деб агентликдаги лавозимимдан бўшатилганман.

Адвокат: Ҳозир қайси ишга ўтдингиз?

Гувоҳ: Ҳали ҳеч қаерга ўтганим йўқ.

Судланувчи Сардор Кариев: Ҳурматли президентимнинг сенга берган ишончини оқлаб, соққа қилмай, пул қилмай юрганингда ишлаб чиқариш ҳам, «темп» ҳам яхши бўларди. Чунки менинг давримда «темп»лар тушмаган. Адолат билан, инсоф билан ишлаганман.

Судья: Саволингиз борми?

Судланувчи Сардор Кариев: Саволим эмас, илтимосим бор эди. Адвокатларим томонидан мана шу шахсни жиноий жавобгарликка тортиш бўйича таклиф киритиш бўйича.

Судья: Адвокатлар билан келишасиз, марҳамат.

Адвокатлардан бири: Улуғбек Эгамов, сиз аввал Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган экансиз-а?

Гувоҳ: Ҳа.

Адвокат: Нима сабабдан вилоят ҳокими ўринбосарлигидан кетгансиз?

Гувоҳ: Вилоят ҳокимлигида ишлаб, кейин вазирликка қайтиб [келганман]

Судья: [Саволнинг] бизнинг [ишга] алоқаси борми?

Адвокат: Ҳа, алоқаси бор-да, ҳурматли раислик қилувчи. Ўзингиз юрист экансиз, ҳоким ўринбосари бўлиб ишлагансиз. Қанақа қилиб умуман бошқа, доришунослик йўналишига ишга кириб қолдингиз? Ана шу ишга келиб қолганлигингиз, дорини тушунмаганингиз, тиббий соҳани яхши билмаганлигингиз оқибатида 65 та болачанинг ўлимида ўзингизни шахсан айбдорман деб ҳисоблайсизми? Мард бўлиб чиқиб кетиш керак эди-ку, кимё соҳасида ишламагансиз, бу соҳани билмайсиз.

Судья: Бунга суд баҳо беради. Ўзига ўзи баҳо бериши қонунан тўғри келмайди. Баҳо берадиган бошқа органлар бор. Саволлар борми?

Ўша адвокат: Сиз фармакопея соҳасининг иш фаолиятини яхши биласизми?

Гувоҳ: Йўқ.

Адвокат: Бўлмаса, буларни қандай назорат қилгансиз?

Гувоҳ: Қанақа назорат?

Адвокат: Назорат олиб борган экансиз-ку.

Гувоҳ: Ижросини… (адвокат гувоҳнинг сўзини бўлади — таҳр.)

Адвокат: Ҳа, ижросини қанақа назорат қилгансиз?

Гувоҳ: Йўқ, юқори турувчи ташкилотлардан келган топшириқларнинг ижросини назорат қилиб борганман.

Адвокат: Юқори ташкилотлар мана шу дорини ўтказиш [керак] деса, ўтказганмисиз?

Гувоҳ: Унақа топшириқ бўлмаганам… (адвокат гувоҳни бўлади — таҳр.).

Адвокат: Қандай қилиб бўлмаган? Айтишяпти-ку бўлган топшириқни?

Гувоҳ: Рости, хабарим йўқ.

Адвокат: Раҳмат.

Судланувчи Ш. Ш.: Ҳурматли раислик қилувчи, қўшимча қилиб айтишим мумкинки, ҳозир айтилаётган ўрганиш бир марта бўлади. Бир йилда беш марта хизмат текшируви ўтказилмайди. Ва ҳеч қайсисида мен камчиликлар билан таништирилмаганман. Бу ерда ёлғон кетяпти. Бир йилнинг ичида беш марта асоссиз равишда Рўйхатдан ўтказиш бўлимини текширган. Бир йилга ҳам бормайди, адашмасам.

Судья: Адвокатларингиз бор. Агар бирор кишига хизмат текширувларини илова қилиб бериб, назорат билдириш сўралса, уни ҳам кўриб чиқамиз.

Судья: Саволлар йўқми? (жимлик, шундан сўнг судья суд котибига қарата) Паспортини беринг.

Судланувчи Сардор Кариев: Улуғбек, чиқиб кетаётганда оила аъзоларимнинг кўзига қараб чиқиб кетгин, илтимос.

Судья: Марҳамат, жабрланувчиларимиз [кўрсатма беришингиз мумкин]. Улуғбек ака, ўша ерда ишлаган экансиз, [залда] ўтиринг, жабрланувчиларни эшитасиз. Тарафлардан шунақа таклиф бўлаётган экан, ўтиринг. Эшитинг, мана, жабрланувчиларнинг аҳволи қанақа.

Жабрланувчи Ардашой Нўъмонованинг кўрсатмаси

Судья: [Марҳума Малика Қудратованинг] отаси қонуний вакил сифатида эътироф этилган. Лекин фарзандга қараган, ўша дорини берган ва уни бевосита парвариш қилиб борган она бугун судга келибди. Қонуний вакили деб эътироф этилган шахснинг ўзи, [отаси] ҳам келган. [Онасини] қонуний вакил деб эътироф этишга эътирозлар йўқми?

Томонлар: Йўқ.

Жабрланувчи Ардашой Нўъмонова 1992 йил Навоий вилояти Хатирчи туманида туғилган. Унинг 2019 йил 31 январда туғилган фарзанди — Малика Қудратова 2022 йилнинг cентабрида шамоллашдан тузалиш учун дори ичгач, аҳволи оғирлашиб, вафот этган. У «Док-1 Макс» воқеаларидан кейин кенжа фарзандига ғамхўрлик қилиш учун ҳам ҳеч қаерда ишламаётганини таъкидлайди.

Жабрланувчи: Авваламбор, мени жабрланувчининг вакили сифатида таклиф қилганларингиз учун раҳмат айтаман. Фарзандим Малика Қудратова 2019 йил 31 январда Навбаҳор туманида туғилган. Бу сироп ["Док-1 Макс]»ни баҳорнинг бошларида ўғлим Муҳаммадали Қудратовга шамоллаб қолгани учун Кармана туманидаги тиббиёт бирлашмасидаги врач ёзиб берганди. Доимий фойдаланиб келганим, яхши натижа кўрсатгани, ҳеч бир салбий таъсирини кўрмаганим учун кузда Малика қизим шамоллаб қолганда ҳам дорихонадан олиб келиб, ичирдим.

Қизим яхши эди. Тўрт кундан кейин, 4−5 октябрларда қайт қила бошлади. Кармана туман тиббиёт бирлашмасига олиб борганимизда ошқозони бузилган, инфекция тушган деб, ошқозонини ювиб, уйимизга жўнатди. Яна қайт қилиб, ҳолсизланиб, кўп ухлайдиган бўлиб қолди. Кейин тез ёрдам машинаси билан Кармана тумани болалар шошилинч бўлимига олиб бордик. Реанимацияга ётқизишди. У ерда пешоб чиқармай қўйди. Бир сутка ичида ҳам чиқармади. Тўхтовсиз осма, плазма қуйди.

УЗИга туширганда: «Иккита буйрак ҳам ишламаяпти, тамом бўлган. Сиз нима бергансиз? Бу заҳарлаган», деди. Тўғриси, ҳайрон бўлиб, шокка тушиб қолдим. [Касалланиш] бу сиропданлиги ҳам ҳали у вақтда аниқ эмас эди-да. «Бизда биттагина чора қолган», деди-да, қизимга бир сутка давомида тўхтовсиз осма укол қўйди. Ҳатто унинг танаси укол қабул қилмай қўйди. Шишиб кета бошлади. «Бунинг биргина йўли — диализ қилиш. У эса бизда йўқ, Самарқандда, Бухорода бор. Агар шароитларингиз келишса, олиб боришларингиз мумкин», деди.

8 октябр куни қизимни Самарқанд вилоят кўп тармоқли болалар марказига олиб бордик. 9 октябрда диализ катетерини топиб келсак, диализ қилишини айтишди. Олиб бордик. Диализни бошлади. Диализдан кейин яхши бўлиб кетади деб умид қилдик. Лекин ҳар диализдан кейин аҳволи оғирлашиб кетаверди-да (шундай деб йиғлаб юборди — таҳр.). Яхши бўлмади. Унга қўйилган уколлар, қуйилган қонларнинг ҳисоби йўқ эди.

15 килограмм чиқадиган қизим 15 кунда 50 килограмм бўлиб қолиб, ҳатто оғзидан йиринглай бошлади. Икки-уч марта диализ олиб, аҳволи оғирлашиб турганда уйдан қайнонам телефон қилиб, ўғлим Муҳаммадалининг ҳам қайт қилиб, пешоб чиқармай қўйганини айтди. Ўша пайтдаги аҳволимни ҳеч кимга тушунтириб беролмайман-да (яна йиғлаб юборади — таҳр.). Уни ҳам тезда реанимацияга олиб келдик. У ҳам худди опаси каби аҳволда эди.

Уйда йўталгани учун дадаси бир ёки икки марта ўша сиропдан ичирган экан. Қизимнинг аҳволи диализдан кейин ёмонлашиб кетгани учун ўғлимга ҳам [диализ қилишларидан қўрқдим]. Лекин врачлар «Қилмасак, бўлмайди. Унинг ҳам катетерини топиб келинглар, бу ерларда йўқ», дейишди. Ўғлим бир ярим ёшли бўлгани учун унга жудаям кичик найчали [катетер] керак экан. Тошкентдан бир сутка мобайнида изладик. Охири 500 минг [сўм] эвазига кимдир бизга ёрдам қилиб, жўнатиб юборди. Лекин бахтимга, Аллоҳнинг мўъжизаси билан ўғлим ўша куни озгина пешоб чиқарди. Уни диализ қилиш фикридан қайтишди.

Қизимнинг аҳволи жудаям оғирлашиб қолганди. Беш марта диализдан кейин 15 октябр кечаси жудаям аянчли, жудаям азобли аҳволда дунёдан ўтди-да (яна йиғлаб юборади ва шундай давом этади — таҳр.). Кўз олдимда қўллари қонталаш бўлиб, «Онажон, мени олиб кетинг», деди. Бола-да, «Шу дўхтирхонадан чиқиб кетсам, яхши бўламан», деган ўй-хаёли бўлганда. Лекин мен ёрдам беролмадим. Фарзандим ўз қўлимда дорилар таъсирида адо бўлди. Ҳатто оғзидан йиринг кела бошлади.

Мана бир йил бўлди ҳамки, ўша стрессдан чиқа олмайман. Ҳар соат, ҳар лаҳза фарзандимнинг ўша азоби кўз олдимдан кетмайди. Энг аянчлиси — таъзиясида ҳам қатнашолмадим. Уни сўнгги йўлга ҳам кузатолмадим. Ўғлим оғир аҳволда эди. У билан реанимацияда қолдим. «Пешоб ажралди, ҳеч бўлмаса, бу тирик қолади», деганимда, ўша кечқурун у ҳам судурги олди. Миясининг бир тарафи тортишиб, кўзи билан оғзи қийшайиб қолди. Врачлар «Ўғлингизнинг шу аҳволда ўлмай тургани — мўъжиза. Ҳар нарсага тайёр туринг. Биз ҳам қўлимиздан келганини қилдик», дейишди.

Палатага олади, реанимацияга олади. Шу алфозда октябрнинг охирларида, кўзи билан оғзи жойига тушди. Бирор инфекция юқтириб олмаслигимиз учун, даволаниш жараёнини давом эттириш шарти билан уйимизга рухсат берди. Ҳар 10 кун — бир ойда таҳлиллар топширамиз, муолажа ёзиб беради. Шу тарзда олти ой даволатдик. Аллоҳга минг қатла шукр, ҳозир ўғлим яхши. Лекин, лекин (яна йиғлаб юборади ва шундай давом этади — таҳр.) қизим шундай азобланиб ўлди, мен унинг таъсиридан ҳали ҳам чиқолмайман.

Ҳурматли, судья, агар шу жамиятда инсон қадри баланд бўлса, сиздан адолатли қарор чиқариб, жавобгар шахсларга энг олий жазо беришингизни сўрайман. Ва менинг оиламга етказилган моддий-маънавий, жисмоний зарарни қоплаб беришсин. Мен ўша [воқеа] сабаб ишимдан айрилдим. Энди фақат фарзандим билан машғулман. Ўша аҳволдан қўрқиб қолдим. Энди фарзандим менинг кўмагимга муҳтож. Уни бирорта боғчага ҳам беролмайман. Бир хўжайинимнинг ишлагани эса [етмайди]. Шунча вақт даволатганимиз учун қарзга ботиб кетдик. Компенсация тўлаб беришсин. Буларнинг дастидан оиламнинг бир умрга етадиган мусибати бор энди. Ҳеч қачон юрагим ўйнаб-кулолмайди. Ҳар лаҳзада фарзандим билан қўшилиб ўлгандек бўламан.

Судья: «Док-1 Макс»ни фарзандингизга неча кун, неча маҳал, қанча миқдордан ичиргандингиз?

Жабрланувчи: Уч кун, икки маҳалдан, йўриқномасида кўрсатилган миқдорда. Ҳамма дорининг йўриқномасига қараб ичирардим, ҳозир қанчалигини эслолмаяпман. Лекин идишини тўлдириб эмас, кўрсатилган миллиграммда берганман,

Судья: Дорини ким тавсия қилганди?

Жабрланувчи: Ўзимизнинг Кармана туманига қарашли поликлиникадаги врач аввал ўғлимга тавсия қилганди. У врачга эътирозим йўқ. Аввал [ёзиб берганлари] яхши натижа кўрсатган. Апрель ойларида ичирганимда дарров йўталдан яхши бўлиб кетганди-да, шамоллашларини ҳам олганди.

Судья: Ўғлингизга неча марта ичиргансиз?

Жабрланувчи: Ўғлимга кам. Бир марта ёки икки марта.

Судья: Ҳозир ўғлингиз яхши бўлиб кетганми?

Жабрланувчи: Яхши бўлди.

Судья: Асоратлари йўқми?

Жабрланувчи: Асоратлари йўқ. Лекин врач мунтазам назоратингизда бўлсин деди. Аввал бир ойда олиб келган бўлсангиз, энди ҳар олти ойда сийдик анализни олиб келинглар деди. Ҳозир далил сифатида таҳлилларини ҳам олиб келганман.

Судья: Ўғлингизга дорини ким ичирган?

Жабрланувчи: Ўзим қизим билан касалхонадалигимда дадаси бир мартагина ичирганлар. Ўзимга телефон қилиб: «Онаси, бу йўталяпти», дедилар. «Майли, ўша ["Док-1 Макс"]дан оз миқдорда ичиринг», дедим. Шамоллашларини олар деб ўйладим-да. [У пайтда қизимнинг касални ҳам сиропдан бўлганини] ҳеч ким билмасди-да. Биз дўхтирлар айтганича ошқозон инфекцияси деб ўйлаганмиз.

Судья: Бир марта ичирганини биласизми ёки ўзи умуман неча марта ичирган?

Жабрланувчи: Бир марта ичирган (жабрланувчи суд залида турган турмуш ўртоғидан сўраб, тасдиқлатиб ҳам олди — таҳр.)

Судья: Дори қаерда?

Жабрланувчи: ДХХга топширдик.

Судья: Ичида қанча бор эди?

Жабрланувчи: Ярми қолган эди.

Адавокатлардан бири: Синглим, бир нарсага аниқлик киритиб ўтайлик. Cентябрда қизингиз соғлиғи ёмонлашганда врачга кўрсатмасдан [сиропни] ўзингиз дорихонадан мустақил равишда бориб, сотиб оляпсиз. Кўрсатмангизни тўғри тушундим-а?

Жабрланувчи: Тўғри тушундингиз. [Аввал] менга синалган врач ёзиб бергани учун шубҳаланмаганман.

Судья: Моддий компенсация сўрайман деяпсиз, миқдорини баён қила оласизми?

Жабрланувчи: Бир миллиард [сўм] сўрайман.

Судья: Саволлар борми? Ҳеч кимда савол йўқ экан, ўтиришингиз мумкин. Жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари, сизларда ҳуқуқ бор, хоҳласаларингиз савол беришларингиз, иштирок этишларингиз мумкин.

Марҳума Малика Қудратованинг отаси ҳам кўрсатма беришни хоҳлади.

Жабрланувчи Рўзи Ражабов 1992 йил Навоий вилояти Навбаҳор туманида туғилган. Чилангарлик билан шуғулланади.

Жабрланувчи: Бўлган воқеани турмуш ўртоғим гапириб берди. Ўғлимга шамоллаб, йўталчаси борлигида бир марта берганман. Унда ҳам дори йўриқномасида ёшига мослаб кўрсатилган миллиграммда берганман. Ўшандан ҳам [ичишни хоҳламаганди], хархаша қилганда алдаб ичирганмиз. Қизимизга ҳам алдаб, бир нималар бериб ичиргандик. Қизимни турмуш ўртоғим иккимиз Самарқандга олиб келганимизда онам ўғлимга қараб тургандилар. Телефон қилиб, «Ўғлингнинг мазаси йўқ, қусяпти, йиқилиб тушяпти», дедилар. Ўзимиз [нимаданлиги] билдик-да, ҳеч кимга айтиб ўтирмай, тезда Самарқандга олиб келтирдик. Ўзимизнинг дўхтиримиз бор эди, ўшанга олиб бордик.

Судья: Марҳамат, кимда саволлар бор? Саволлар йўқми? Ўтиринг.

Шу ўринда судья гувоҳ Эгамовга хоҳласа кетавериши мумкинлигини айтганди, у ҳам чиқиб кетди.

Жабрланувчи Дадахон Болтаев кўрсатмаси

Жабрланувчи Дадахон Болтабоев 1992 йил Хоразм вилояти Хива туманида туғилган. Касби — ҳайдовчи. Унинг 2018 йил 11 cентабрида туғилган фарзанди — Фазлиддин Полвонназиров 2022 йил декабрь ойида шамоллашдан тузалиш учун дори ичгач, аҳволи оғирлашиб, вафот этган.

Жабрланувчи: Декабрда ўғлимнинг томоғида йиринглаш [борлигини кўрдик]. Дўхтирга олиб борганимизда антибиотик олишимизни айтганди, мен хоҳламадим. Кейин «Док-1 Макс» сиропини ёзиб берди. Дорихонадан олдик. Биз бу дорини болаларга ҳар доим берардик. Катта ўғлим бор, ҳозир 2-синф. Кичкиналик вақтидан [шамоллаганида] «Док-1 Макс» ичарди. Ўзи учаласи ҳам урушиб-[талашиб] «мен ичаман, мен ичаман» деб ичарди.

6 декабрь кечқурунидан йўриқномасидаги миқдор бўйича аёлим ичира бошлади. Тўрт кун ичирди. Ўзи боламнинг организми кучли эди-да. Лекин дори ёқмади, шекилли 10 декабрь кунидан ётқилоқ бўла бошлади. «Пешобинг чиқдими?» десак, «чиқди-чиқди» деганди. Аслида чиқмаган экан. Ўзим ишда бўламан, эрталаб кетиб, кечқурун қайтиб келаман.

11 декабрь куни Хивага, болалар шифохонасига олиб бордик. Дўхтирлар ультратовуш текширув (УЗИ) ўтказиб, «Буйрак ишламаяпти, сийдик йўқ, буни сийдириш керак», деб тушликкача битта ёки иккитами қандайдир осма қўйди. Онаси билан [уйга] ташлаб, ишга кетгандим. Кейин аёлим телефон қилиб, «Боланинг аҳволи оғир», деди (йиғламсираб гапиради — таҳр.). Ишни ташлаб келсам, бола [сўлиб қолибди-да]. Яна ўша болалар касалхонасига олиб бордик.

Бир дўхтирга кўрсатдик, у билмаяпти. Яна битта дўхтирга кўрсатдик, унда ҳам шу аҳвол. Тушликдан кейин соат учларда боргандик, кечқурун 12 бўлди. Ўзлари бир дўхтирни чақирдилар. У келди-да, бунда қандайдир вирус бор, буйраги ишламаяпти деди.

Шошилинчга юборди. Диализга қўшамиз, дейишди. Биз [диализнинг] нималигини [ҳам] билмаймиз-да. Ўша куни ҳалигача ёдимдан чиқмайди-да. Қўлимдан қўйвормай, «Мени ташлаб кетманг, ташлаб кетманг» (яна йиғламсирайди — таҳр.), дерди. Кейин диализга қўшди.

Эрталаб соат олтигача яхшироқ бўлиб бораверди-да, еттидан кейин [аҳволи] яна орқага кетиб қолди. Шу пайти шокка тушиб қолдик. Хотиним ҳам етти ойлик ҳомиладор эди. У стрессга тушгандан кейин бола[га таъсир қилиб қолди]. Бу ёқда хотин касалхонада, бу ёқда эса ўғлим. Қайси бирига қарашни билмайман.

25 декабрлардамикин, хотинимнинг олдига борсам, шифокор «Ҳозир у боланг 70 га 30 ҳолатда. Ундан ҳам айриласан, бундан ҳам айриласан. Кўпроқ мана бу болангга ният қилиб, қараш керак», деди. Унинг кетидан юрдим (яна йиғламсирайди — таҳр.). Бу ёқда ота-онам, қайнотам ўғлимга қаради. «Бола яхши бўляпти», деб хотинимни алдашга мажбур бўлдик.

Ўғлимнинг ёнига, ичкарига киришга юрагим бардош бермасди. Бир куни диализга олиб кириб кетаётганда кўрдим, танимадим — шишиб кетган (яна йиғламсирайди — таҳр.). Ҳозир ҳам суратлари бор, кўриб қолсам, эсимга тушиб кетади. Унинг чеккан азобини ҳеч кимга раво кўрмайман. Ундай ётгандан [жонини] ўша заҳоти олгани яхши эди.

6 январда хотинимнинг кўзи ёриди. Тўғриси, шу фарзандим туғилгунча, 11 декабрдан 6 январгача, қанақа ўтганини билмайман. Кунимиз базўр ўтди. Хотиним шокда. Стресс болага тезда таъсир қиларкан-да ўзи.

Судья: Дадахон ака, фарзандингизга дорини ким ичирган?

Жабрланувчи: Хотиним.

Судья: Неча марта ичирганлар?

Жабрланувчи: Тўрт кун, икки мартадан.

Судья: Демак, саккиз марта. Миқдори қанча?

Жабрланувчи: Дўхтир берган қоғозда кўрсатилгандек, икки миллиграммданми, шунақа.

Судья: Туғилган фарзандингиз яхшими?

Жабрланувчи: Ҳозир яхши. Шунда ҳам стресслари бор. Ҳозир ҳам нимадир безовта қилса, дўхтирга борсак, стрессдан бўлган дейди.

Судья: Кейинги фарзандингиз дунёга келгунча бу фарзандингиз ўтиб қолди-а?

Жабрланувчи: Ҳа, 27 декабрда эди.

Судья: Дорининг қолгани нима бўлди?

Жабрланувчи: Ичида озгина бор эди. ДХХданми келиб, уйдагилардан ариза олиб, уйда нима дори бўлса, ҳаммасини олиб кетган-да. Мен у пайт хотинимнинг изидан юргандим.

Судья: Саволлар борми?

Прокурор: Судланувчиларга нисбатан қандай даъвойингиз бор? Жазо масаласида. Ва моддий-маънавий даъвойингиз борми, йўқми?

Жабрланувчи: Моддий тарафлама ҳамма нарсам етарли. Даъво бўлса, 2 миллиард сўрайман, лекин ўзим учун эмас. Улар берадиган бўлса, ўзимизда қанчадан-қанча уйсиз-жойсизлар бор. Шуларга уй олиб бераман. Боламни дуо қилса бўлди-да. Болам учун.

Прокурор: Жазо масаласида-чи?

Жабрланувчи: Суднинг энг оғир жазосини қўйишларингни сўрайман. Қонун бор, ўзингиз қонуний қарор қиласиз.

Адвокатлардан бири: Дадахон ака, дорининг идиши қанақа эди?

Жабрланувчи: Билмайман. Мен уйда бўлмаганманда, хотиним ичирган. Ўша пайтлар катта ўғлим ичаман деган, ичиришмаган. «Укангга етмайди. Ўша яхши бўлсин, йиринги кўпроқ», деб беришмаган. Шу ойда ўзимда ҳам маблағ бўлмай қолганди, бир донагина олиб бергандим. Пулим етмагани учун антибиотик олмагандим.

Яна бир сироп бор экан-ку, «Амбронол» деган. Шундан опамнинг уйида бор экан. 28 декабрь куни қизига ичирган. Икки кун пешоби бўлмаган. Янги йил куни, 31 декабрда касалхонага олиб бордик. Дўхтирлар ҳам бизни ўша ерда кўриб таниб қолган экан, дарров текширишга олиб кирди.

УЗИ қилдирдик, унақа қилдик, бунақа қилдик, унда ҳам сийдик йўқ. Битта укол олди. Кейин мажбурлаб, сув ичирдик. Йогурт ейман деди, тўрт кунми, беш кунми йогурт бердик. Ҳеч нарса емай юрди. Лекин у ҳозир яхши бўлиб кетди. Унга бир марта, бир миллиграмми ичирган экан-да.

Адвокат: «Док-1 Макс»ни қайси дорихонадан олдингиз?

Жабрланувчи: Ўзимизда «Ҳумо» деган катта дорихона бор. Ўзи Хивадаги касалхонанинг ёнида дорихоналар кўп. Каттароқ бўлгани учун «Ҳумо»га кириб олгандик.

Жабрланувчи Дилшоджон Йўлдошев кўрсатмаси

Ушбу жабрланувчи кўрсатма бериш қисмига чақирилганда аввалига кўрсатма бермаслигини айтди. Судья сабабини сўраганидан кейин сўзга чиқди.

Дилшоджон Йўлдошев 1990 йил Фарғона вилояти Бағдод туманида туғилган. Унинг 2019 йил 30 октябрда туғилган қизи — Мубинахон Шамсиддинова шамоллашдан тузалиш учун дори ичиб, оғирлашган ва вафот этган.

Жабрланувчи: Ўзим асосан [Тошкентда] ишлайман. Шу ["Док-1 Макс"]ни ичган. Кейин Фарғонага олиб боришган. Менга телефон қилишди. Унгача айтишмаганди. Борганимда Фарғонадаги тез ёрдамда ётган экан. Қаердан олди, ким ичирди, қанча ичди, бехабарман. Бу дориданлигини ҳам кейин билганман. Ҳозирча шу.

Судья: Ўзи у дори олдин ичирилганми-йўқми, ака?

Жабрланувчи: Йўқ, билмайман.

Судья: Тергов жараёнида кўрсатмалар берилган-да. Унда ҳам «Эслолмайман» дебсиз. Турмуш ўртоғингиздан сўраб кўрмадингизми?

Жабрланувчи: Йўқ. Mен бу ҳақда савол бермайман.

Судья: Бугунги кунгача ҳам сўрамадингиз-а?

Жабрланувчи: Йўқ. Бундан кейин ҳам.

Судья: Тушунарли. Фарзандингизда шамоллаш бўлганми?

Жабрланувчи: Ўзи бир марта касал бўлганди.

Судья: 2019 йил 30 октябрда туғилган экан-а, фарзандингиз?

Жабрланувчи: Шундай.

Судья: Сиз борган вақтда фарзандингиз қайси шифохонада экан.

Жабрланувчи: Фарғонада, тез тиббий ёрдамда.

Судья: Улар нима муолажа қилди?

Жабрланувчи: Нима, ким? (йиғи тўла овоз билан гапиради ва кейинги бир неча дақиқада ҳам шу оҳангда давом этади — таҳр.).

Судья: Фарзандингизда қандай муолажалар амалга оширилди?

Жабрланувчи: Шу, ҳозир айтганлар билан бир хил.

Судья: Диализ қилишди?

Жабрланувчи: Ҳа, шу. Оёғи шишиб кетган, пешоб чиқмай қўйган экан.

Судья: Ака, ҳамдардлик билдирамиз. Тўғри, оғир, ярангизни янгилаяпмиз. Ҳолатларга аниқлик киритиш учун саволларга жавоб олишим керак. Ҳозир бошқа фарзандингиз бор экан-а, Дилнурахон исмли.

Жабрланувчи: Шундай, ҳа.

Судья: Тушунарли. Уйда дорининг қолганини топшириш масалалари ҳам кўрилганми?

Жабрланувчи: Бундай: оилада ўзим ишлайман. Шунинг учун кўп ҳам телефон қилишиб безовта қилишмайди (йиғи тўла овоз билан гапиради — таҳр.). Катта муаммо бўлса, чиқишади. Энди моддий тарафдан ёрдам бўлсин деб, тўғриси, болаларни уйга ташлаб, ўзим Тошкентда ишлаётгандим (йиғлаб юборади — таҳр.).

Судья: Турмуш ўртоғингиз ҳам уёқдами?

Жабрланувчи: Уёқда бўлган, ҳа.

Судья: Фарзандингиз бўйича суд-тиббий экспертизаси амалга оширилган экан-а, хабарингиз бор-а?

Жабрланувчи: Ҳа.

Судья: Саволлар борми? Прокурорнинг саволи борми?

Прокурор: Судланувчиларга нисбатан даъвойингиз борми?

Жабрланувчи: Йўқ-йўқ. Даъвом йўқ мени. Фақат илтимос қиламанки — бўлди, менинг уйимга «участкавой» [бормасин]. Унақа оила эмасмиз. Кириб, безовта қилиш шарт эмас. Мен ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайман. Кўрганимни ўзимни билдим, тўғриси (яна йиғлайди — таҳр.). Касалхонага борганда айтганман, тўғриси, «Дунёни бузиб юбораман, олиб чиқиб кетаман», деганман. Шунчаки бажаролмадим. Ўз қўлим билан [ўлигини] кўтариб кетдим. Мен ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамайман, ака, тинч қўйинглар бўлди. Бошқа нарса сўрамайман.

Судья: Тушунарли. Саволлар йўқми ҳеч кимда? Ўтиринг, ака, ўтиринг. Агар хоҳласангиз, кетсангиз ҳам бўлади (жабрланувчи суд залидан йиғлаб чиқиб кетади — таҳр.).

Жабрланувчи Фазлиддин Миршоҳидов кўрсатмаси

Жабрланувчи Фазлиддин Миршоҳидов 1994 йил Тошкент шаҳрининг Сергели туманида туғилган. Устачилик қилади. Унинг 2020 йил 3 ноябрда туғилган фарзанди — Абдуллоҳ Фахриддинов шамоллашдан тузалиш учун дори ичиб, аҳволи оғирлашган ва вафот этган.

Жабрланувчи: Ўғлим икки ёшда эди. «Док-1 Макс» ичиришдан олдин бир шамоллаган эди. Кейин ўтиб кетди. Аёлим эмлаш кераклигини айтди. Ўзи олиб чиққан. Дўхтирлар «[эмлашдан кейин] иммунитети тушиб кетиб, шамоллаши мумкин», дейган экан. Шундай бўлди ҳам.

Хотинимга анча олдин «Док-1 Макс»ни мақташган экан. Ўшани олиб келиб беришимни айтди, келтирдим. Уни ичгандан кейин олдингидан ҳам [кўпроқ] ҳолсизланишни бошлади. Ичган бўлса, икки-уч кун ичган. Кейин икки кунча пешоб келмаган.

16-касалхонага олиб бордик. Шамоллашдан бўлса керак деб ўйлаб, коронавирусга тест топширдик. [Ҳеч нарса] чиқмади. Кейин болани онаси билан 16-касалхонага қолдирдим. Шу куни яхши бўлган. Эртаси куни комага тушган. Шу билан комадан чиқмади.

Диализ қилдик, диализнинг фойдаси бўлмади. Бола шишиб кетган. 26 декабрда вафот этди.

Судья: Фарзандингизга дорини турмуш ўртоғингиз ичирган-а?

Жабрланувчи: Ҳа.

Судья: «Уч маҳал, бир чой қошиқдан», дейилган экан. Тўғрими, шу?

Жабрланувчи: Уч маҳаллигини билмайман.

Судья: Терговда шунақа кўрсатма берган экансиз-да?

Жабрланувчи: Унақа кўрсатма бермаганман. Охирида ярмидан кўпи қолганди-да, идишини топширганман.

Судья: Неча кун ичирилганини биласизми?

Жабрланувчи: Икки-уч кун бўлса керак.

Судья: Дорихонани [терговчиларга] кўрсатдингизми?

Жабрланувчи: Кўрсатдим. 16-касалхонадалигимизда дўхтирлар сиропда заҳар бўлиши мумкинлигини айтишганда, ҳали ҳеч қаерга овоза бўлиб кетмаганди.

Сироп сотиб олган дорихонага бориб (овози титрайди — таҳр.), «Шу доридан борми?», деб сўрасам, «Бор» дейишди. «Сотмаларинг, болалар заҳарланяпти», десам, мен билан талашиб кетиб, «Cен кимсан?», дегандек қилишганди. Дорихона эгасини топиб, эгаси билан гаплашганман. Бошида ишонмаган, кейин «Ростан шунақа заҳарланяпти экан», деб телефон қилиб узр сўраган.

Кейинчалик суриштирсам, бу доридан заҳарланиш бўлаётганини Юнусободдаги дорихоналар билиб, аллақачон сотишни тўхтатган екану, бу пайтда Сергелида сотилаётган бўлган. Бу нарсага ўзи ким қарайди? (яна овози титрайди — таҳр.).

Судья: Юнсободда сотув олдинроқ тўхтатилганини cиз қаердан билдингиз?

Жабрланувчи: Эшитдим.

Судья: Прокурор, саволлар борми?

Прокурор: Судланувчиларга даъвойингиз борми?

Жабрланувчи: Ҳозирги суд жараёнидан бу ердагилар [турмадагилар] айбсизу, мана бу ерда [суд залидаги кўрсатма берилаётган жойда] айбдор одам ўтиргандек кўриняпти. Мен ишонмаяпман-да, қайси бири: булар айбдорми ёки бу айбдорми? Ё яна бошқаси борми? Судланувчилар бўйича у-бу нарса деёлмайман. Судга ҳавола.

Судья: Ким айбдор-айбсизлигини суд ҳал қилади. Суд айбласа, айбдорларга [қандай жазо] сўрайсиз?

Жабрланувчи: Судга ҳавола.

Адвокатлардан бири: Сиз айнан Тошкент шаҳрида истиқомат қилгансиз. 8 декабрь куни Республика шошилинч ёрдам маркази, болалар бўлимига мурожаат қилгансиз. Терговдаги кўрсатмангизда ўрта ёшли, ўзбек миллатига мансуб аёл киши тиббий кўрикдан ўтказиб, фарзандингизда шамоллаш аломати йўқлиги, аксинча, унда аллергия билан боғлиқ ҳолат кузатилаётганини маълум қилиб, бир дори воситасини тавсия қилиб, уйингизга юборгани, эртаси куни яна 16-касалхонага келганингизни [айтгансиз]. Нега у ерда олиб қолмай, уйингизга рухсат бериб юборишди? Дўхтир тўғрисида маълумотингиз бўлса, судга беринг.

Жабрланувчи: Аёлим айтган бўлса керак. Мен унақа деб айтмаганман.

Адвокат: Ҳақиқатан… (жабрланувчи адвокатни тўхтатди — таҳр.).

Жабрланувчи: Мен эслолмаяпман.

Адвокат: Ўзи болани олиб борганмисиз?

Жабрланувчи: Эслолмаяпман.

Адвокат: Бошқа саволим йўқ, муҳтарам раислик қилувчи.

Жабрланувчи Жавлон Қиржигитов кўрсатмаси

Жабрланувчи Жавлон Қиржигитов 1987 йил Жиззах вилояти Бахмал туманида туғилган. Жиззах Давлат педагогика университетида мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи. Унинг фарзанди Шаҳризода Эргашева 2022 йил декабрь ойидан шамоллашдан тузалиш учун дори қабул қилиб, аҳволи оғирлашган ва вафот этган.

Жабрланувчи: Шанба куни эди. Ишдан келсам, иккинчи қизим иситмаси чиқиб, йўталиб ётган экан. Дадам 45 йиллик тажрибага эга педиатр. «Док-1 Макс» сиропларидан аввал ҳам фойдаланганмиз. Жиззах шаҳридаги кўп тармоқли эндокринология марказининг ёнидаги «24 соат» дорихонасига бориб, «Док-1 Макс» сиропини олиб келдик-да, ўша куни ичирдик.

Авваллари сироплар болалар учун кўпроқ ширин дори ҳисобланарди. Ҳалигача кўз олдимдан кетмайди, қизим шу сиропни ичишни хоҳламаган эди. Ҳаттоки биринчи марта ичганида тупуриб ҳам ташлади, иккинчисида қайт қилди. Икки кунча шундай юрди. Биз гриппнинг асорати деб ўйлабмиз. Сешанба кунгача ичирганмиз.

Сешанбадан пешоб чиқмаётганлиги, умумий аҳволи ҳам яхши эмаслигини кўриб, аёлим Жиззах шаҳар кўп тармоқли болалар клиникасига олиб борган. У ерда буйрагида муаммоси бор деб ташхис қўйиб, Жиззах шаҳар кўп тармоқли болалар клиникасини тавсия қилишган (биринчи марта борган касалхонаси сифатида ҳам шу жойни айтган — таҳр.).

Кечаси 21:00 да чиқиб, Жиззах шаҳар кўп тармоқли болалар клиникасига бордик. Навбатчи врач Шошилинч тиббий ёрдамга юборди. Ўша ерда ҳақиқатдан икки буйраги ишламаётганини кўрсатиб беришди. «Бу бизнинг масаламиз эмас», деб Самарқанд шаҳар кўп тармоқли болалар клиникасига олиб боришимизни айтишди. У ерга борсак, жой йўқ экан. Бир амаллаб жойлаштирдим.

Эрталаб Баҳодир ака деган нефролог врач билан учрашдим. «Мен мана шундай 7−8 болаларни асраб қололмадим. Сизлар Тошкентга, шошилинч тиббий ёрдамга боринглар», деди. Афсуски, мана шу ерда шаҳардан-шаҳарга қолишга мажбур бўлдик.

Лекин катетер йўқлигини айтишди. Тошкентдан уч кун деганда танишлар орқали 400 минг сўмга катетерни топиб бордик. Баҳодир ака нефролог [диализни бошлади]. Ҳамма дориларни етказиб бериб турдик. 16 декабрь тонгга яқин кўзимнинг олдида шундай шарпа кўриндию фарзандим жаннат бўлиб кетди (йиғлаб юборади — таҳр.).

Самарқанд шаҳрида судланувчиларнинг, Жиззах, Самарқанддаги «Док-1 Макс» фирмаларининг ҳаммасини танийман. Қариндошлар, акалар-да. Менинг юрагим қийнайди (яна йиғлаб юборади — таҳр.).

Судья: Жавлон ака, фарзандингизга дорини ким ичирган?

Жабрланувчи: Аёлим ичирган. Якшанба куни ўзим ҳам ичирганман. Ўзим ҳам кўрганман-да ўшани.

Судья: Дорини ким тавсия қилган, ака?

Жабрланувчи: Ўзим шифокорнинг фарзанди бўлганим, [дорилардан хабардор бўлганим учун] дорихонадан ўзим бориб олганман.

Судья: Неча маҳал ичирганини биласизми?

Жабрланувчи: Уч-тўрт маҳал ичирилган.

Судья: Қанча миқдордан ичирганини биласизми?

Жабрланувчи: Дозаси бўйича қопқоқчасида миллиграммда беришган.

Судья: Дорининг қолгани нима бўлди?

Жабрланувчи: Қолганини билмайман. Аёлим менга бермади. Тўкиб юбордими, ёқиб юбордими, билмайман.

Судья: Дори теговга тақдим этилмаган-а?

Жабрланувчи: Йўқ.

Судья: Тушунарли. Прокурор, савол борми?

Прокурор: Судланувчиларга нисбатан даъвойингиз борми? Жазо ва зарар масаласида.

Жабрланувчи: Шу жамиятда ишлаяпмиз. Шу жамиятимиз, Янги Ўзбекистонимиз учун ҳаракат қиляпмиз. Ҳамма инсон, қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар, фармацевт бўладими, докторми, бизга ўхшаган педагок соҳами, фарқи йўқ, ватанни севсагина мана шу жамиятимиз, давлатимизнинг ривожида ҳисса қўшамиз. Шунинг учун суддан фақат қонуний талаб бўйича кўриб чиқишини сўрайман.

Прокурор: Моддий-маъанавий даъвойингиз борми, йўқми?

Жабрланувчи: Хоҳламайман.

Адвокатлардан бири: Жавлон ака, фарзандингиз сиропни ичаётган вақтда қусиб юборганларми?

Жабрланувчи: Биринчи марта бераётганимизда оғзидан чиқариб ташлади. Лекин биз «Тузалсанг, иситманг тушади», деб, мажбурлаб оёқ-қўлини ушлаб, ичирганмиз.

Адвокат: Ичирганингизда ичганлар, ютганлар, ташқарига чиқармаганлар-а, тўғрими?

Жабрланувчи: Ҳа.

Адвокат: Ўзингиз бошида бўлган экансиз-да. Қанча дозада бергансизлар?

Жабрланувчи: Қопқоқчасида ўзининг ўлчами бор-ку, ўшанда ўлчаб, миллиграммда берганмиз.

Адвокат: 3−4 марта дедингиз-а?

Жабрланувчи: Бир кунда 3−4 мартадан берилган. Шанба куни бошлаган бўлса, чоршанба кунигача ичирган. Жума куни Самарқандга олиб борганман.

Жабрланувчи Муножот Ураимова кўрсатмаси

Жабрланувчи Муножот Ураимова 1997 йил Наманган вилояти Учқўрғон туманида туғилган. Унинг 2020 йил июль ойида туғилган фарзанди — Қодирали Баҳодиров 2022 йил ноябрь ойида шамоллашдан тузалиш учун дори қабул қилиб, аҳволи оғирлашган ва вафот этган.

Кўрсатмадан олдинги шахсга оид қисқа савол-жавобдан:

Судья: Оилангиз борми?

Жабрланувчи: Ажрашганман.

Судья: Фарзандингиз борми?

Жабрланувчи: Бошқа фарзандим йўқ.

2022 йил ноябрь ойининг охирларида ўғлим шамоллади. Учқўрғон туман тиббиёт бирлашмасига қатнаб муолажа олдик. Орадан бир ҳафталар ўтар-ўтмас шамоллаш кучайиб кетди. Яна укол-дори олдирмай деган мақсадда Андижон шаҳрига кетган танишимга телефон қилиб, дорихонадан шамоллашга қарши сироп олиб келишини сўрадим.

У Учқўрғон тумани Қувай қишлоғидаги йўл бўйида жойлашган дорихонага кириб, менга телефон қилиб, дорихоначи билан гаплаштирди. «Шамоллашга, йўталга қандай дори-дармонларингизни тавсия қиласизлар?», десам, кўпроқ «Док-1 Макс сиропи яхши таъсир қиляпти, шуни олинг», деди. Шу билан танишим «Док-1 Макс»ни олиб келиб берди. Ўша куни кечқурун бир маҳал, эртасига икки-уч маҳалдан ичиришни бошладим.

Орадан 3−4 кун ўтгандан кейин ўғлимда пешоб ажралиши камайиб, кейинчалик йўқолиб, сиймай қўйди. Кейин Учқўрғон тиббиёт бирлашмасига олиб бордим. Сиймаётганини айтсам, «Қусяптими?» деб сўрашди. «Дам-дам қайт қиляпти, дам-дам ичи кетяпти», дедим. «Бола қусгани, ичи кетгани ҳисобига бола сиймаяпти», деган ташхис қўйишди.

Шифохонада бир кеча ётдик. Кейин қарасам, боланинг ҳолати орқага кетяпти. Ўзим реанимацияга олишларини талаб қилиб чиқдим. Реанимацияга олишди. Боланинг оғзи ва кўзи тортишишни бошлади. Реанимацияда шок ҳолатига тушди. «Мияси қабул қилмаяпти, сезмаяпти», дейишди. Даво чораларини кўришди.

Наманган шаҳридан, Гўзал [номли шифохона]дан бир врач чақиришди. У келиб кўрди-да, «Боланинг ҳолати ёмон, Наманган шаҳри шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига олиб ўтиш керак», деди. Ўша куни кундузи реанимацияда бўлдик, кечқурун соат 7−8 лар атрофида тез ёрдам машинаси билан Наманган шаҳридаги болалар шифохонасига олиб бордик.

У ерда беш кун ётдик. Бешинчи куни кечқурун, 24 декабрь соат 19:40 лар атрофида болам вафот этди.

Судья: Тушунарли. Муножотхон, дорини айнан ким тавсия қилганини айтмадингиз.

Жабрланувчи: Дорихона ходими тавсия қилган.

Судья: Дорихонага Тошхўжа исмли қариндошингиз борган, тўғрими?

Жабрланувчи: Ҳа

Судья: Лекин «Док-1 Макс» сўрамаган, ўзлари тавсия қилган, шундайми?

Жабрланувчи: Шундай.

Судья: Дорини неча кун, неча маҳал, неча грамдан ичирдингиз?

Жабрланувчи: 2−3 маҳал, 5 миллиграммдан ичирдим. Неча кун ичирганим аниқ эсимда йўқ. Ё тўрт, ё беш кун ичирдим. Унақа кўп эмас. Боланинг ҳолати ёмонлашгандан кейин ичирмадим, касалхонага олиб бордим.

Судья: Дорининг қолгани нима бўлди?

Жабрланувчи: Қолганини билмайман. Мен касалхонадалигимда онам Умра зиёратига кетгандилар. Келганларида ҳам касалхонада эдик. Қариндошлар уйимизга келганда бир нима қилишганми, боргач топа олмадим.

Прокурор: Судланувчиларга нисбатан даъвойингиз борми? Моддий-маънавий, жазо масаласида.

Жабрланувчи: Даъвойим бор. Энг олий жазони қўллашингизни сўрайман. Моддий таъминот билан ҳам қоплаб беришингларни сўрайман.

Прокурор: Аниқ суммани айта оласизми?

Жабрланувчи: 500 миллион сўм.

Адвокатлардан бири: Дорихона ходими билан телефонда гаплашганингизда қанақа дозада бериш кераклигини айтдими?

Жабрланувчи: Йўқ, айтмади. «Шу яхши эффект беради», деди.

Адвокат: Унда беш миллиграммдан бериш ҳақидаги хулосага қандай келдингиз?

Жабрланувчи: Йўриқномасидан ўқиб, шу дозада бердим.

Адвокат: Йўриқномада беш [миллиграмм] кўрсатилган эканми?

Жабрланувчи: Уч ёшгача бўлган болага 4−5 миллиграмм деб кўрсатилган эди, шекилли. Аниқ эсимда йўқ. Касалхонага кўп қатнайвериб, қанақа дорини, қанчадан берганимни эслолмаяпман.

Адвокат: 3 ёшгача деган кўрсатма йўриқномада умуман йўқ-да. Икки ёшдан бошланади. Икки ёшдан олти ёшгача бўлган болаларда 2,5 миллиграммдан кўрсатилган экан, сиз кўпроқ бериб юборган экансиз-да. Охирги марта кўрганингизда идишида қанча қолганди?

Жабрланувчи: Яримдан кўпроқ қолганди.

Адвокатлар илтимосномалари

Суд давомида адвокатлар бир нечта илтимослар киритишди. Уларнинг айримлари суд томонидан қабул қилинган бўлса, айримлари рад этилди.

Адвокатлардан бири: Бизнинг ҳимоямиз остидаги А.А ва Н.М.га эълон қилинган айбловнинг 4-эпизоди бор. Ҳиндистоннинг 11 та дорисини рўйхатдан ўтказиш бўйича 205−209-моддалар қўйилган. У дорилар кун тартибига киритилган, муҳокама қилинган, у бўйича қанақадир ишлар ҳам олиб борилмаган. Лекин шу айб эълон қилинган. А.А. ўзининг кўрсатувларидаги бир нечта жойда Фармакологиянинг врач ўринбосари Маҳфуза Амирова шу иш бўйича кўрсатиб бера олади, деб гувоҳлик берган. Шунинг учун қўшимча гувоҳ сифатида Маҳфуза Амировани чақиришни сўраймиз. Буни ўзимизнинг зиммамизга оламиз. Вақтини айтсангиз, ўша пайтда келиши мумкин.

Судья: Марҳамат, муҳтарам прокурор.

Прокурор: Эътироз йўқ.

Судья: Адвокатларимизда-чи?

Залдаги адвокатлар бир оғиздан эътирози йўқлигини билдиришди. Судланувчилардан бири эътироз йўқлигини билдириш баробарида ўша ишлар иш юритуви тўғридан-тўғри Маҳфуза Амировага йўналтирилгани учун ҳам гувоҳликка чақириш тўғри бўлишини таъкидлади.

Судья: Қолган судланувчиларимизда эътирозлар йўқми? Адвокат, рақамларини беринг, биз ўзимиз боғланамиз, шуниси қонуний бўлади. Агар кела олса, тушликдан кейинга таклиф қилиб кўрамиз.

Шунингдек, бир адвокат ўз ҳимояси остидаги судланувчига нисбатан қўшимча суд-тиббий экспертизаси бўйича илтимоснома киритди. Унда судланувчининг кардиолог, эндокринолог, травмaтолог ҳамда МСКТ текширувларидан ўтиши кераклиги ифодаланган эди. Суд эса илтимосномани қўллаб, ажрим қилди. Қўшимча комиссион тиббий экспертиза тайинлади. Экспертиза ўтказиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги Суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиали экспертлари зиммасига юклатилди. Мутахассислиги бўйича шифокор кардиолог, эндокринолог, травматолог, ортопед бириктирилди.

Мутахассисларнинг олдига қуйидаги саволлар қўйилди: Судланувчида эндокринологик касалликлар мавжудми? Кардиологик касаллик мавжудми? Касаллик мавжуд бўлса, унинг ҳаёти учун хавфлими? Бу касаллик диагностикаси қандай? Инструментал ва лаборатор текширувлар амалга ошириш лозимми? Бемор шифокорнинг доимий назоратида бўлиши талаб этиладими? Аниқланган касалликларга кўра, судланувчи стационар даволанишга муҳтожми? Унда аниқланган касаллик унинг суд мажлисида иштирок этишида монелик қиладими? Унга қандай даво ва муоложалар қўлланилиши лозим? Судланувчи ўз вақтида даволанмаса, касаллик қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Судланувчида аниқлаган касалликлар белгилари унга озодликдан чеклаш жазосини ўташга монелик қиладими?

Адвокатлардан бири: Ҳурматли раислик қилувчи, неча ойдан бери мазкур жиноят ишини кўриб келяпмиз. Жиноят иши матераиалларининг 90-жилди, 189−220-иш варақларида Ҳиндистоннинг Marion Biotech корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган дори воситаларини Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш бўйича Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертиза стандартлаштириш марказига топширилган досьеларнинг экспертизалари мавжуд.

Яъни бу экспертизани ССВ ходимлари ўтказган. Ва уларнинг хулосалари жиноят ишидаги 70 фоиз судланувчиларнинг айбловида мавжуд. Шунинг учун ушбу экспертизани ўтказган мутахассисларни судга чақиртиришингизни сўраймиз.

Булар: ССВ комплекс бўлими бошлиғи Бахтиёр Ҳажиханов, ССВ инсонпарварлик ёрдами ҳамда дори воситаларининг тиббий буюмларни тиббий техник бошқариш бўлими бошлиғи Ҳилола Ғаниева, Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти директори Абдураҳмон Ашуров, Тошкент фармацевтика институти Фармакология ва клиник фармация кафедраси профессори Рустам Тўлаганов, Дори воситалари, тиббий буюмлар, ва тиббий техника экспертизаси стандартлаштириш маркази етакчи мутахассиси Фарҳод Маматмусаев.

Судья: Ҳимоянгиз остидаги шахсга уларнинг хулосаси бўйича айб эълон қилинмаган. Улар дорини, «Док-1 Макс»нинг кириб келишини олиб қолиш учун бир неча марта, 12 марта имкониятга эга бўлган деган ҳолатни асослаш учун ўша текширув бўлган. Ҳамма билади. Шу ҳолат бўйича айбланган. Улар сўроқ қилинган, хулосаси олинган. Агар йўқ демасангиз, ўзимиз баҳо берамиз. 12 та ҳолат бўйича суд уларни сўроқ қилмасдан туриб ҳам баҳо бериб кетиши мумкин. «Йўқ, чақиринг десангиз», ҳеч бўлмаса, биттасини чақирайлик, вақтни кўп олмайлик.

Адвокат: [Унда] Бахтиёр ака Ҳажихановни чақирайлик.

Судья: Эътирозлар йўқми?

Залдаги судланувчилардан бири: Ҳажиханов юрист, ишдан кетган.

Адвокат: Унда Фарҳод Маматмусаев.

Судланувчилардан бири: У етакчи мутахассис эди, бир ой олдин Рўйхатдан ўтказиш бўлимига ўтказишган. У химик. 20 йилдан бери бизнинг лабораторияда ишлайди.

Бошқа судланувчи: Ҳилола Ғайратовна ўша ерда бор эдилар. Улар консалтинг фирмада ҳужжатлар топширадилар, қисман тушунадилар. Химикнинг [бу иш ҳақида] умумий тушунчаси йўқ.

Адвокат: Бўлмаса, нега бунақа хулоса берганлар?

Судланувчи: Биз ҳам ҳайратдамиз.

Судья: Менинг ўзим шу хулосанинг тўғри-нотўғрилигига баҳо бериб кетсам бўлмайдими?

Адвокат: Унда қанақа бўлади?

Бошқа адвокат: Ҳурматли раислик қилувчи, бу ерда бир нечта мутахассисларнинг фикри жамланган-да. Қолаверса, рус тилида ёзилган. Ҳозир биз бунинг қайси бири қайси қисмига жавоб беришини билмаймиз. Олдиндан айтиб ўтмоқчиманки, [хулосаларимиз давомида] уларда хатоликлар кузатиляпти. Шуни аниқлаштирмасак, бу [ишга] жуда таъсир қилади деб ҳисоблаймиз.

Судья: Бўлди, Ҳилола Ғайтартовнани тушдан кейин имкон қадар таклиф қиламиз, бўладими?

Адвокат: Бўлади.

Бошқа адвокат: Камчилик камомадлари бўйича бухгалтер Саодат опа Шукуровани гувоҳ гувоҳ сифатида чақиришингизни сўраймиз.

Судья: Бизга нима аниқлик киритади?

Адвокат: 205, 209-моддалар бўйича қўйилган камомаднинг ўзи борми-йўқми? Улар ҳисобдан ўтганми-ўтмаганми?

Судья: Тушунарли. Илтимоснома бўйича фикр. Марҳамат, прокурор.

Прокурор: Топилмаган, давлат манфаатларига етказилган зарар деб айтяптилар-ку.

Суд залидаги адвокатлар ва судланувчилар бир овоздан илтимосномани қўллаб-қувватлашини билдирди.

Судья: Муҳтарам суд иштирокчилари, суд ажрим қилиб, илтимосномани рад қилди. Асосни эшитинг. Биринчидан, жиноят иши ҳужжатлари ҳаммасида мавжуд. Бу бўйича ортган дориларни ортиб қолса, нима қилиш тўғрисида ҳам ҳужжат турибди. Тўғри-нотўғрилигига суднинг ўзи баҳо беради. Шунинг учун бухгалтернинг «юридик томондан мана бунақа қилиш керак экан» деган тавсиясига муҳтож эмас. Бу бўйича савол-жавобларда ҳам тушунтиришлар берилди. Ортган дори давлатга кетиши керакми деган масалада қабул қилинган қарор бор. Шундан келиб чиқиб, суд квалификация тўғри-нотўғрлигига баҳо беради.

Адвокат Нормурод Собиров: Ҳурматли раислик қилувчи, ҳимоям остидаги Ж.Э. бўйича қўлланилган қамоқ чорасига ўзгартириш беришингизни сўрайман.

Маълумот учун, «Док-1 Макс» ишини кўриб чиқаётган суднинг 2023 йил 22 сентябрь куни давом этган мажлисида «Кураракс» дори воситасини инспекцион текширувдан олиб ташлаш бўйича 33 минг доллар олди-бердисида воситачилик қилгани айтилган айбланувчига қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиб, судланувчи суд залидан қамоққа олинганди.

Судья: Суд маслаҳатда кўриб чиқди ва ажрим чиқарди. Илтимоснома қаноатлантирилмади. Бизга жиноят иши бўйича расмий кирим бўлган ДХХнинг хати турибди. Мен уни бир ўйладим, сўров бериб, «Нима бўлди экан?» деган масалани кўтарайми дедим-да. Ўзи индамай турган ҳолатни мен қўзғаб қўяманми, деган фикр бўлди ўзимда ҳам. Ҳозир илтимоснома киритиб, яхшилик қилиш ўрнига ёмон нарсага дучор бўлмайлик, деган нарса бўлди. Ҳам ўта оғир жиноятларни содир этганликда айблаяпти. Шунинг учун биз барвақт деган тўхтамга келдик. Ҳали жиноят ишини тезроқ кўрамиз, деган масалага келяпмиз. Ўша даврга келиб, жиноят иши қўзғатилган-қўзғатилмаганини расмий тартибда билиб, кейин тўхтамга келамиз.

Гувоҳ Маҳфуза Амирова кўрсатмаси

Адвокатлардан бири томонидан киритилган илтимосномага кўра гувоҳ сифатида Маҳфуза Амирова суд залига етиб келди.

Гувоҳ Маҳфуза Амирова 1988 йил Самарқанд вилояти Иштихон туманида туғилган. Фармакология қўмитаси раиси ўринбосари сифатида ишлайди.

Судья: Умумий ҳолат бўйича 21 та дори воситаси билан боғлиқ ҳолат бўйича судланувчи А.А кўрсатма бериб ўтган. 2022 йил декабрь ойида бўлган экан. Ўша бўйича қисқача гапириб ўтинг.

Гувоҳ: 2022 йил декабрь ойида, адашмасам, 25 ёки 26 декабрдамиди хат «регистрация» бўлимидан бизга тушган. Ўша вақтда раис ўринбосари сифатида фаолият юритаётганимга бир ҳафта бўлганди. Бу ҳужжатларни ўзим текширмоқчи бўлдим. Ўша ерда узоқ йиллардан бери бирга ишлаётган экспертлар билан биргаликда текширганмиз. Шунда бир эмас, 20 та ҳужжатга эътироз бўлган.

2022 йил 2 та йўлланма билан препаратлар досьеларини қабул қилганмиз. Буларни эксперт қилган жараёнимизда «документлар»да етарлича ҳужжатлар бўлмаганлиги, «признания» йўли билан топширишга тўғри келмаслигини аниқлаганимиздан кейин мен тўғридан-тўғри А.A.га мурожаат қилганман. Бу йўлланмалар билан бирга А.A. қонуний ёндашишимни айтиб ўтган.

Қонуний ёндашишим фақат хат асосида келган йўлланмаларни илова қилган ҳолда камчиликларни кўрсатиб, Регистрация бўлимига хат билан мурожаат қилганман. 29 декабрда камчиликлари, досьелари келтирилган чиқиш хати Фармакология қўмитасидан чиқиб кетган. Досьеларини, папкаларини беришим керак эди. Йўқолиб қолади деб ўйлаб, бермаганман. 2023 йили 3 январь куни ДХХдан келганлар папкаларни олиб кетган.

Судья: [Улар] олиб кетганининг ичида ҳужжатингиз борми?

Гувоҳ: Йўқ, акт қилиб олишган. У балки раҳбариятда тургандир. Шахсан менинг қўлимга беришмаган.

Судья: Папкангизни беринг.

Гувоҳ судьяга папка тақдим этди.

Судланувчи Ш. Ш.: Маҳфуза опа, сизнинг хизмат вазифаларингизга нималар киради? Шуни айтиб ўтсангиз.

Гувоҳ: Функционал вазифамга рўйхатдан ўтказиш жараёнини назорат қилиш, «регистрация» жараёнидаги дори воситаларини ходимлардан кейин яна бир карра текшириб ва уларнинг тўғри-нотўғрилигини текшириш киради.

Судланувчи Ш. Ш.: Декабрь ойида «назначения» бўлганман деяпсиз. Нима сабабдан ўша лавозимга қўйилганингиз, нима сабабдан Фармакология қўмитаси ходимлари ротация қилиб ташлаганини тушунтириб берсангиз.

Гувоҳ: Ротация қилингани тўғри. Адашмасам, 9 декабрда эди. Ундан олдин ротация қилинган бўлса ҳам буйруқ менга шу куни чиққан. «Регистрация» жараёнида узоқ йиллар, 10−15 йилдан бери фақат битта лавозимда, фақат битта функционал вазифани бажариб келувчи ходимлар бўлган. Улар «болничний» [олганда] ёки хизмат сафарига кетганда вазифасини ҳеч ким қилмас, очиқ қоларди. Чунки уларнинг «замена» ишлайдиган ходими ҳар доим бўлиши керак эди. Кўпинча шунақа ҳолатлар бўлганки, улар бўлмаса, хатлар ёки топшириқлар вақтида бажарилмай қолган. Регистрация жараёнида сабабсиз кўп турган, сунъий равишда турган препаратлар ҳам бўлган. Ёш кадрларга ўргатиш, устозлик қилиш [анъанаси] бўлмаган. Шу [анъанани] йўлга қўйиш мақсадида раҳбарият ротация қилиш, ходимлар алмаштиришни лозим топган.

Судланувчи Ш. Ш.: Ҳурматли раислик этувчи, жавобларини эшитиб, бир изоҳ бериб кетмоқчи эдим. Айнан мана шу 21 та препарат, менга қўйилган 11 та препарат айблови бўйича cудланувчи С.С.: «Менга буни ўтказиб юбориш учун топшириқ берди», деган кўрсатма берганлар. Бу туҳмат. Сабаби мана, рўйхатдан ўтказиш бўйича қўйилган, координация қиладиган ва назорат қилиш учун масъул ходим белгиланган. Адвокатим томонидан ҳам ўша ҳужжатлар тақдим этилади. Айнан бу ҳужжатларнинг масъуллиги Маҳфуза Амировага юклатилган. Назорат қилиш улар томонидан белгиланган бўлган. Мен С.C.га бундай кўрсатма бермаганман.

Иккинчи изоҳ. Мана «Wаllаce»нинг учта препаратини юқорида хатда кўриб чиқдингиз. Агар ишлаб чиқарувчиси нотўғри ёки тегишли ўринда экспертизадан ўтмаган бўлса, Фармакология қўмитаси томонидан шунақа тартибда ҳужжатлар қайтарилиб, экспертиза жараёни тўхтатилиб, тадбиркорга юборилиши керак бўлган. Шуни ҳам инобатга олишингизни сўрайман.

Судланувчи Ш. Ш. — гувоҳга: Фармакология қўмитасидан рўйхатдан ўтган дори воситаларини қайта рўйхатдан ўтказиш, масалани тан олиш, «регистрация», ҳужжатлар экспертлар кенгашидан ўтгандан кейин ҳужжатларни архивга қанча муддатда топширасизлар?

Гувоҳ: Ҳозир берган саволингиз менинг функционал вазифамга кирмайди. Жавоб бермасликка ҳаққим борми?

Судья: Йўқ.

Гувоҳ: Мисол учун, архив билан ўша ҳолатда мен шуғулланмаганман. Лекин…

Судланувчи Ш. Ш.: Бошқа ходим томонидан топширилишидан хабарингиз борми?

Гувоҳ: Йўқ. Мен ҳеч қачон уни назорат қилмаганман. У менинг вазифамга кирмайди.

Судланувчи Ш. Ш.: Камчилик хат берилгандан кейин, тадбиркор пул тўлаб бўлгандан кейин, тадбиркор камчиликка 862-фармон бўйича 15 кун ичида жавоб бериши керак, тўғрими? Агар жавоб бермаса, бир томонлама ёпилади. Қандай ҳужжатларни қайтаришингиз керак? Бирор жойда ёзилганми? Адашмасам, пул ёпилса, Фармакология архивга топшириши керак.

Гувоҳ: Ёзилган.

Судланувчи Ш. Ш.: 15 йил давомида деяпсиз, камчилик топилгандан кейин 25−30 йил давомида ҳам рўйхатдан ўтказиш бўлимига ҳужжатлар қайтариб берилмаган. Бу асос бўлиб туриб, папкада тикилиб, архивга топширилиб, пули бир томонлама ёпилган. Ҳурматли раислик қилувчи, ҳозир Маҳфуза опа айтганларидек камчилик бўлгандан кейин тадбиркорга камчилик хати юборилиши керак. Камчилик хати Фармакология қўмитасидан Рўйхатдан ўтказиш бўлимида берилади. Рўйхатдан ўтказиш бўлими ҳеч қачон ҳужжатларни қайтариб олмаган. Бунга ҳаққи ҳам, ваколати ҳам йўқ.

Гувоҳ: Хўп, сиз хатни берганмисиз ўшанда?

Судланувчи Ш. Ш.: Мен сизга бермагансиз демаяпман. «Wallace»да…

Гувоҳ: «Wallace» билан мен ишламаганман.

Судланувчи Ш. Ш.: Йўқ, сизга айтмаяпман, Маҳфуза опа. Сиздан олдинги бошқа [гувоҳлар] камчилик хати берилмайди деганига қўшимча қилиб кетяпман. Сизга [эътирозим] йўқ. Шунчаки аниқлик киритиб кетяпман.

Судланувчи С.С. кўрсатмаси

Судья: Судланувчи С.С., келинг. [11 та препарат айблови бўйича С.C.га] кўрсатма бермаганман деяптилар, нима дейсиз?

Судланувчи С.С.: Ушбу экспертиза жараёнлари натижаси билан мен ўзим танишиб чиққанман. Бу экспертлар кенгашида муҳокама қилинмаган. Экспертиза жараёнининг ўзида камчиликлари аниқланиб бартараф қилинишига ва ушбу ҳолатда, яъни тан олиш бўйича рўйхатдан ўтказилиши рад қилиниши бўйича шунақа билдирги ёзилган. Мен Амированинг кўрсатувларини тасдиқлайман.

Судья: Сизга [11 та препарат]ни ўтказиш бўйича топшириқ бўлганми?

Судланувчи С.С.: Бу бўйича учта дорининг ўзида ҳам бўлган. Бу бўйича ҳам суҳбат бўлган. Дорининг ўтказилиши кераклиги тўғрисида. Лекин биз бу нарсани қатъий рад қилишга олиб чиққанмиз. Аммо адашмасам, рўйхатдан ўтказиш бўйича гувоҳнома бунга расмийлаштирилмаган. Ва эксперт кенгашига бу нарса олиб чиқилмаган.

Судланувчи Ш. Ш.: Ҳозир Маҳфуза опадан сўраган саволларимнинг жавобларини эшитдингиз. Раислик қилувчига ҳам, адвокатларга ҳам кераклича жавоб бердингиз. Агар қонун доирасида ишлаган бўлсангиз, қандай тушуниш мумкин? Мана, ҳозир айтяпсиз, камчилик бўлгандан кейин камчилик хатлари Рўйхатдан ўтказиш бўлимига топширилган. Камчилик хатларини рўйхатдан ўтказиш бўлимидан кейин тадбиркорларга бериб юбордингиз, тўғрими? Иккинчи муносабатда эса «Экспертлар кенгашига чиқардим, ҳужжатларни қайтариб бердим, камчилик хати ёзиш шарт эмас, экспертлар кенгашида кўриб чиқаман», дедингиз.

Бу ерда икки хил кўрсатма бўляпти. Мен шунчаки ҳақиқатни сўраяпман, сизга айбдорсиз демаяпман. Рўйхатдан ўтказиш бўлимини нега бу даражада айблаяпсизлар, тушунмаяпману, бундан олдингиси ҳам, бундан кейингиси ҳам ҳозир кўтариб чиқсангиз, ҳаммасига камчилик хати ёзилган. Рўйхатдан ўтказиш бўлими ҳам олган камчиликни ёзиб берган. Шу асос бўйича сенга (тадбиркорга — таҳр.) 45 кун, 15 кун вақт, агар қилиб беролмасанг, бир томонлама ёпилади. Эртага прокуратура, Адлия келганда ёпилишига асос бўлиши учун ўша хатлар тикилади. Фармакология қўмитаси сиздан олдин ҳам, сиздан кейин ҳам ҳужжатлар қайтариб бермайди. У асос бўлиб қолиши учун архивга топширилади.

Сиз бу ерда икки-уч хил кўрсатма беряпсиз-да, фақат тўғри тушунинг, мен сизни айбдор демаяпман, лекин ўзингизнинг кўрсатмангиз икки хил бўляпти. Нега биттасига хат ёзяпсиз-да, камчилик хатига расман чиқиб кетяпти, иккинчисига ёзилмаяптию, Рўйхатдан ўтказиш бўлимига важ қилиб қўйяпсиз?

Судланувчи С.С.: Рўйхатдан ўтказиш бўлимини ёки бошқа бўлимларни айбдор қилиш менинг вазифам эмас. Мен Яратгандан фақат айбсизликни сўрайман. Ҳеч қайси кўрсатмам, гапимда сизларни айбдор қилган жойим йўқ.

Судланувчи Ш. Ш.: Кўрсатма бўйича жавоб беринг, бўлди.

Судланувчи С.С.: Гапингизга жавобан айтяпман-да. Ушбу ҳолатда ҳали эксперт кенгашига олиб чиқилмаган. Хатнинг қатъий равишда ўзимизнинг тарафимиздан берилиши эксперт кенгашига олиб чиқилмаслигига йўл қўйиш эди. Энди ҳалиги учта бўйича саволга жавобни берганман. Мен яна қайтариб ўтаман, бу рўйхатдан ўтказиш бўлимининг айби эмас. Бу 365-[қарор]да ёзилган нарса, хат билан олиб чиқилиши керак эди. 862-[қарор] бўйича ўзингиз ўқигансиз-ку, биз ўшандан муҳокамага олиб чиққанмиз. Бу саволга жавоб ҳам кўп марта берилган. Бир марта эмас, икки марта муҳокамага олиб чиқилган.

Судланувчи Ш. Ш.: Такрор гапни эшитяпман. Ҳозир раислик қилувчи тушуниши учун [айтаман], иккита бир хил дори, иккита бир хил камчилик [бор-да], биттасини бермаяпсиз-да, Рўйхатдан ўтказиш бўлимига важ қилиб беряпсиз, иккинчисига камчиликлар бериляпти, тадбиркорга юбориляпти.

Судланувчи С.С.: Мақсад — қатъий равишда уни эксперт кенгашига олиб чиқмаслик, ушбу дори воситаларини қатъий равишда рад қилишини сўраш бўлган. Шунинг учун биз билдирги ёзишга мажбур бўлганмиз.

Судланувчи Ш. Ш.: Хатни берсангиз бўлардию.

Судланувчи С.С.: Қайси хатни?

Судланувчи Ш. Ш.: 862 бўйича камчилик хати ёзиб беришингиз керак эди

Судланувчи С.С.: Нима бўйича? Дорилар бўйичами?

Судланувчи Ш.Ш: Сиз кўрсатган дори бўйича. Мана ҳозир Маҳфуза опа келганларида ҳам айтдилар. Камчилик чиқди, камчиликни биз тадбиркорга ёзиб юбордик. Рўйхатдан ўтказиш бўлими 862-қарор бўйича тадбиркорга «15 кун ичида тўғрила, тўғриламасанг, ёпилади» деган хат чиқариб юборади, деяптилар. Мен шуни айтяпман: нега бўлмаса иккита бир хил дорига икки хил хат йўналиш бўляптию, охирида биз айбдор бўлиб қоляпмиз?

Бир нарсани тушунтиринг. Ҳужжатларни қайтарганмисизлар? Фармакология қўмитаси «регистрация»си шу 15−20 йиллик тажрибада рўйхатдан ўтказиш бўлимига ҳужжат қайтиб кетганми, йўқлигини кўрсата оладими?

Судланувчи С.С.: Менинг тажрибам бир ярим йиллик бўлган. Бу вақт ичида кўп нарсаларни рад қилишга олиб чиққанмиз. Таклифлар берилган.

Судланувчи Ш. Ш.: Ҳужжатлар рўйхатдан ўтказиш бўлимига қайтиб кетганми?

Судланувчи С.С.: Ушбу ҳолатда бизнинг ёзишувимизнинг асосий [мақсади] — учта дори бўйича ҳолат қайтарилмаслигининг олдини олиш бўлган. Жудаям юқори ишонч билан айтаман, ушбу билдиргининг ёзилиши ва қатъий равишда олиб чиқилиши ҳам сизларнинг хат ёзишингизга, тергов жараёнининг бошланганлиги ҳам ушбу ҳолатнинг рад этилишига асос бўлган.

Судланувчи Ш. Ш.: Ака, сизга ўзингиз учун бир янгилик айтаман. Жиноят ишида турибди. Сиз қилган билдирги бирор санасиз, тергов иши бошлангандан кейин қилинган.

Судланувчи С.С.: Қайси билдиргини гапиряпсиз?

Судланувчи Ш. Ш.: Фаррух Толипов билан қилган билдирдингиз. Айнан «Wаllаce» бўйича билдирги қилдирганман дегандингиз.

Судланувчи С.С.: «Wаllаce» ўзининг пайтида тушган.

Судланувчи: Нима учун санаси йўқ? Билдирги шаблон бўлади.

Судланувчи С.С.: Эҳтимол, санаси ўша пайтда ёзилмагандир. Лекин ўзининг вақтида бу нарса айтиб ўтилган, ўзининг вақтида олиб чиқилган.

Судланувчи Ш. Ш.: Ҳурматли раислик қилувчи, мен ўзимнинг саволимга жавоб олмадим. Ашёвий далил масаласида билдиргининг санасини кўрса бўлади. Ҳамма билдиргилар, ҳамма кўриб чиқилган ҳужжатлар, айнан «Wаllаce»да ҳам қилинган билдиргини тергов ишлари давомида буларнинг ўзи қилиб берган. Сана, ой, йил кўрсатилмаган. Иккаласи бир хил дори бўлса ҳам икки хил кўрсатма бериб туҳматни менга қолдириб кетишяпти. Марҳамат, 15−20 йилнинг ичида папкани қайтарган бўлсалар, тақдим қилишсин. Менинг сизга эътирозим йўқ. Шунчаки менда қолиб кетиши нотўғри.

Иккинчи саволим: ўша пайт мана бу нарсалар пайдо бўлганда рости, мана, тепада Худо, Сарвар деган ходим тан олиш бўйича шартнома қилади. Қайтариб ўтаман «Wаllаce» дори воситаси шартномасида менинг хонамга олиб кирилмаган, менинг имзойим йўқ. Майли, бунга ҳам кўз юмиб турибмиз.

Сизга, экспертлар кенгашига чиқиб, шартномани тан олиш бўйича «Агар Фармакология экспертизани ўзи қилса, ўзига [олиб қўярканми?]», деб хонангизда айтганманми? Ҳеч бўлмаса, шуни айта оласизми? Фаррух Толипов хонангизда ўтирганда мен хонангизга кирдим, Ирина опа ўтирганда, «С.С. ака, сизнинг амалиётингиз катта. Мана шу счёт-фактурани экспертлар кенгашига чиқариб олинг. Менда база йўқ», деб айтганманми? Хонангизда бўлган нарсани айтяпман.

«Экспертлар кенгашига чиқиб кўрсатаман», дегансиз. «Мен олиб ташланг деб Сарварга айтдим, Худо хоҳласа, бир ой ичида, тан олишни Фармакология ўзининг бўйнига олади. Менда қолиб кетмасин, менда база бор-йўқлигини кўраман фақат», деб айтганман. Мен шунчаки ҳақиқатни сўраяпман, сизда ёлғон ахборот беришингизни сўрамаяпман. Шу нарса бўлганми?

Судланувчи С.С.: Мен шу пайтгача ёлғон кўрсатма бермадим.

Судланувчи Ш. Ш.: Шу нарса бўлганми, йўқми?

Судланувчи С.С.: Билдирги бўйича ҳолат эксперт кенгашига олиб чиқилган. Санаси ёзилмаган бўлмаса ҳам, ўша билдиргидаги мазмунлар ҳаммаси қайтарилган. Бу «записда» ҳам, тергов материалларида ҳам [айтилди]. Бу ҳеч бир кейинги ёки олдинги ҳолат билан боғлиқ бўладиган нарса эмас. Бу — биринчидан. Иккинчидан, Фармакология қўмитаси ўзининг вазифасини бажарди, экспертлар ўзининг ишини қилди. Экспертиза натижасида бор камчиликлар аниқланди ва бу эксперт кенгашига олиб чиқилди.

Судланувчи Ш. Ш.: Ҳурматли раислик қилувчи, мен аниқ саволимга жавоб олмадим. Ўзим сизга қўшимча сифатида айтиб ўтаман. Бу нарса пайдо бўлишидан олдин бир неча бор мен олдиларига кирганман. Гувоҳлик бўйича тан олиш бўйича шартномани қилиб берган ходимим, Фаррух Толипов ва С.С. аканинг ўзлари бўлганлар. Олдиларига кирганман-да, «Агар бўлмаса экспертизани беринг ёки кўриб чиқинг, менга бу шартнома керак эмас, мен кўролмайман бу нарсани», деб айтганман. Шартномада менинг имзойим йўқ.

Мана бу икки хил дорини ўзингиз кўриб чиқишингиз мумкин: иккита бир хил дори кетяпти, иккита бир хил камчилик чиқяпти, рўйхатдан ўтказиш бўлими 862-қарордан чиқмаган, қонун доирасида кўриб чиққан, экспертиза учун чиқариб юборган кундан кейин биттасига хат келган, иккинчисига келмаган. Мен келмаганига жавоб бермайман. Менга «Мана бу ҳужжатларнинг камчилиги бор. Сен нимага камчилик ёзмагансан?», деб айблов қўйиляпти. Рўйхатдан ўтказиш бўлимининг ҳеч қанақа расмий сайт ҳам йўқ. У фақат нотариал ҳужжатлар бор-йўқлигини кўради, холос. Мен қонун ва қонуности ҳужжатлари билан ишлаганман. Илтимос, шуни инобатга олишингизни сўрайман.

Судланувчи А.А.: С.C.ака, битта нарса қизиқ бўляпти, мана шу учта «Wаllаce» препарати бўйича тергов пайтида, суддаги тергов пайтида, гувоҳлар келиб кўрсатма бераётганда ва бошқа жараёнларда ҳам шу учта препаратни ўтказиб юборсин деб топшириқ берган деб айтмадингиз. Кўрсатмаларингизда шу нарса йўқ-да. Ҳозир 11 та препаратни сиз «ўтказиб юборгин» деб айтган гапингизнинг ёлғонлигини мана шу гувоҳ билан келтириб берганимдан кейин сиз шу ерда ҳозир қўшимча равишда «учта препаратни ҳам ўтказворгин», деб кўрсатма берган деб айтяпсиз. Шунга қанақа изоҳ берасиз?

Судланувчи С.С.: Бу нарса бўйича сизнинг кўрсатмангиз борлиги тўғрисида гап бўлгани йўқ. Бу дори воситаси бўйича суҳбат бўлган ва суҳбатга жавобан мен бу дори воситаларининг талабга жавоб бермаслигини ва тан олиш бўйича ўтмаслигини айтганман. Шу суҳбатни ўзингиз эшитгансиз.

Судланувчи А.А.: Йўқ, сиз «Ўтказиб юбориш бўйича кўрсатма берган», деб айтдингиз-да. Бу ёқда «запис» ҳам кетяпти. Энди суд ўзлари ҳам эшитадилар. Мен шунчаки қизиқтираётган нарса шу: 3 та, 11 та препарат бўйича мен топшириқ бермаганимни биламан. Шунинг учун гувоҳни чақирдик.

Судланувчи С.С.: Ҳар сафар сиз савол бераётган вақтизда ушбу дори воситаларини «нима бўлди, нима қилинди, нима ҳолат бўлди», деган саволни берардингиз.

Судланувчи А.А.: Ҳурматли раислик этувчи, кўрсатмаларга ўзингиз баҳо беришингизни сўрайман. Раҳмат.

Адвокатлардан бири: Ҳозир сиз суҳбат бўлганди деяпсиз. Бу суҳбатда ким-кимлар иштирок этган?

Судланувчи С.С.: Аниқ эслолмайман. Лекин А.А. билан шу бўйича суҳбат бўлган.

Адвокат: Қаерда бўлган?

Судланувчи С.С.: Унисини ҳам аниқ эслолмайман. Лекин бу ҳолат бўйича «Аниқ нима бўлди?» дейилган савол қўйилган.

Адвокат: Қачон бўлган?

Судланувчи С.С.: Экспертиза якунланиб, эксперт хулосалари ёзилиши арафасида бўлган. Лекин досьелар ўша пайт текширилиб, ҳаммаси бўйича ўша пайт камчилик аниқланган.

Адвокат: Қачон бўлган? Ойини айтинг.

Гувоҳ: Мен ойини, кунини ҳам аниқ эслолмайман.

Эксперт Элеонора Пак кўрсатмаси

Элеонора Пак — Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази Материаллар, ашёлар ва буюмлар криминалистик экспертизаси лабораторияси бош эксперти. Кимёгар, 10 йиллик тажрибага эга эксперт.

Эксперт ўтказган тадқиқотлари ва аниқланган натижаларини айтиб ўтди. ДХХ томонидан тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган «Амбронол», «Док-1 Макс» сиропларининг таркиби ўрганишга берилиб, унга «Дори воситаси таркибида заҳарли моддалар мавжудми? Мавжуд бўлса, ушбу моддалар қандай моддалар эканлиги ва миқдори аниқлансин», деган саволлар қўйилган. Эксперт «Амбронол» таркибидан дециленгликол, глицерин, сорбитол, шакар, углеводлар ва амброксол аниқлангани, «Док-1 Макс» таркибидан этиленгликоль, лимонен, дециленгликол, ментол, глицерин, парацетамол, сорбитол, бензоатлар, гвайфенозин аниқлаганини айтиб ўтди.

Ўз ўрнида адвокатлар томонидан текшириш методлари, моддалар миқдори, дори таркиби, хулосалар тўғрисида саволлар берилди. Икки соатга яқин давом этган ушбу мунозаранинг аввалида адвокатлар ўзларининг саволларига жавоб олаётган эди. Кейинчалик судьяга бир қанча эътирозлар ҳам билдиришди.

Адвокатлардан бири: Ҳурматли судья, бизга таркиб миқдори муҳим. «Таркибидан аниқланган миқдор ўлимга олиб келадими йўқми?» деган саволга жавоб керак. Эксперт гапни айлантириб олиб қочяпти.

Судья: Суд баҳо беради

Адвокатлар саволларини яна давом эттирди. Эксперт айрим саволларга жавоб бериш ўзининг вазифаси эмаслигини айтиб ўтди.

Адвокатлардан бири: Бунинг кимёвий таркиби ишлаб чиқарувчи томонида «заявление» бўлиб турибди. «Заявление» билан улар ўзи ҳақиқатдан бор-йўқлигини, компания сифатида [фактни] барибир текшириб кўриш шартли деб ҳисоблаяпти. Ҳозир шу нуқтаи назардан савол бериляпти. Ва бу экспертизага тааллуқли.

Адвокат Даврон Аҳмадов: Ҳурматли раислик этувчи, ушбу экспертни қасддан саволларга жавоб бермаётганлиги ва ёлғон кўрсатма бераётганлиги учун ишончсиз эксперт деб топишингизни ва бизга бошқа эксперт тақдим қилишингизни сўраймиз. Ҳамма саволларга компетенциямга кирмайди деб қасддан нотўғри жавоб беряпти. Шунинг учун экспертни суддан четлаштиришингиз ва бошқа эксперт чақиришингизни сўраймиз.

Бу илтимосноманинг муҳимлиги нимадан иборат? Суд тергови давомида ҳаммамизга маълум бўлдики, Европа фармакопеясига асосан этиленгликоль ёки децилингликолнинг ўша препаратда бўлиши мумкин бўлган, белгиланган миқдорий нормаси бор. Шунинг учун ҳозир миқдор аниқланиши керак. Ҳақиқатдан ўша миқдордан ошганми, йўқми? Шу савол атрофида ярим соатдан бери айланяпмиз. Эскперт эса қасддан жавоб бермаяпти.

Судья: Айнан қаери? Сизнинг қайси саволизга [жавоб бўлмади]?

Адвокат: Деярли ҳамма саволларга компетенциямга кирмайди деб жавоб беряпти. Шунинг учун эксперт сифатида четлатишингизни сўрайман.

Судья: Марҳамат, илтимосномани ҳал қилиб оламиз. Прокуроримиздан фикр?

Прокурор: Адвокатлар берган саволларига адвокатлар хоҳлагандақа жавоб бермаганлиги компетентмаслигидан далолат бермайди. Эксперт ҳамма саволларга ўзининг ваколат доирасидан келиб чиқиб жавоб беряпти. Илтимосномани рад этишингизни сўрайман.

Адвокат Менглиқулов: Ҳурматли раислик этувчи, прокуроримиз «Адвокатлар хоҳлаган саволларга хоҳлаган жавобни олмаяпти», деяптилар. Мана ҳаммамиз суд мажлиси залида ўтирибмиз. Берилаётган савол аниқ. Тергов органи томонидан мутахассисга қўйилганидек, «Биринчидан, [дори таркибида] ҳақиқатдан ёт жисмлар борми, йўқми? Бўладиган бўлса, унинг миқдори ҳақида [айтинг]», деб тўғри савол бериляпти. Лекин ҳозир экспертимиз жавоб беришдан бош тортмоқда. Бизнинг компетенцияга кирмайди деяптилар. Бу айнан химикнинг компетенциясига кирмаса, кимнинг компетенциясига киради? Лекин агар бўладиган бўлса, айнан тергов органи қўйган саволга жавоб берилиши керакми, йўқми? Шунинг учун илтимосномани қаноатлантиришингизни сўрайман.

Адвокат Мадаминов: Илтимосномани қаноатлантиришингизни сўрайман. Биринчидан, суд экспертининг хулосасига қарайдиган бўлсак, фойдаланилган адабиётлар рўйхатига суд экспертизаси тўғрисидаги қонунни ҳавола қиляпти. Суд экспертизаси тўғрисидаги қонуннинг 16-моддасида суд экспертнинг мажбуриятлари ёзилган. Бу мажбуриятларда учинчи хатбошида, «Суд эксперти ўзига тақдим этилган текшириш объектларини ҳар томонлама ва тўлиқ текширишдан ўтказиши, ўз олдига қўйилган саволлар юзасидан асосли ва холисона хулоса бериши керак», деб ёзиб қўйилган. Ҳозир кўриб турибмиз, экспертиза хулосасида ҳолатга қараб туриб 5−6 та қисман моддалар аниқланяпти, холос. Бу [эскпертизанинг] тўлиқ ўтказилмаганлигидан далолат беради. Бу — биринчидан.

Яна эксперт хулосасига мурожаат қиламиз. Хулосанинг мен очган варағи, 174-жилднинг 146-бетида «Синтезлаш қисми» деган жойидан кейин эксперт: «Иккинчи ва учинчи саволлар экспертнинг, эксперт-химикларнинг ваколатига кирмаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 185-моддаси ва «Суд экспертизаси тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасига кўра, хулоса беролмаймиз», деяпти.

Энди суд экспертизаси, яъни бевосита буларнинг фаолиятини тартибга соладиган қонуннинг 24-моддасига ҳавола қиладиган бўлсак, у ерда қуйидагича норма келяпти: «Хулоса беришнинг иложи йўқлиги. Агар суд эксперти қўйилган саволлар унинг махсус билимлари асосида ҳал қилиниши мумкинмаслигига ёки унга тақдим этилган текшириш объектларининг, ёҳуд материалларининг яроқсизлиги, ёки хулоса бериш учун етарли эмаслиги ва уларни тўлдириб бўлмаслиги, ёҳуд фан ва суд экспертлик амалиётининг ҳолатда қўйилган саволларга жавоб беришдан тортиш имкониятини бермаслигига ишонч ҳосил қилса, у хулоса беришнинг иложи йўқлиги тўғрисида асослантирилган ҳужжат тузади ҳамда уни суд экспертизаси тайинланган органга юборади».

Бизда эса суд экспертизаси хулосасига яна қайтадан эътибор берамиз, фақатгина шу моддага ҳавола қиляпти. Модда альтернатив, яъни асосларини санаб ўтяпти. Бир-бирини инкор қилувчи асосларни санаб ўтяпти. Биз экспертга бу саволларни берсак, нима деяпти? «Бу менинг ваколатимга кирмайди, бу менинг ваколатимга кирмайди». Яхши, ваколатига кирмаса, суд экспертизаси хулосасида Кимё бўлимининг низоми бўлса, ўша низомнинг тегишли бандига, ўзининг хизмат йўриқномасининг тегишли бандига ҳавола қилиб, «Бу менинг ваколатимга кирмайди», деб ёзиши керак эди. Қонуний нормасини эмас.

Кўриб турибсиз, модда кимёвий экспертиза учун юборилган. Модданинг таркибида зарарли, заҳарли модда борлигини фақатгина кимёвий экспертиза йўли билан аниқлаш мумкин, холос. Бунинг учун эксперт «Химтехнология»ни битириш шарт эмас. Мактабдаги кимё курсини битирсак бўлди. Керак бўлса, кимё дарслигини олиб келиб берамиз.

Экспертимиз эса мазкур ҳолатда қасддан жавоб бермаяпти, жавоб бермаслик ҳолатини асослантирмаяпти. Аниқлаган моддалари мана бу ердаги инструкциядаги моддалар билан тўғри келиш-келмаслигини ҳам аниқламаяпти. 16-моддани ҳам, 24-моддани ҳам бузяпти. Бундай ҳолатда экспертиза хулосаси ишончсиз далил бўлиб қолади. Шунинг учун илтимосномани қаноатлантиришингизни сўрайман.

Қолаверса, эксперт хулосасига эътибор қаратадиган бўлсак, бу экспертиза ускуналарда амалга оширилган. «Agilent technology», биттаси [Б]ТР 64, биттаси ГС… уёғи давом бўлиб кетяпти. Экспертиза хулосасининг иловасига мазкур ускуналар сифат сертификати илова қилинмаган. Бу ускуналарнинг экспертиза ўтказиш учун яроқлилиги ҳам сўроқ остида турибди.

Адвокат Худойберганов: Ҳурматли раис этувчи, биз оламшумул нарсани аниқлашга ҳаракат қилмаётгандик. Мақсадимиз шу экспертлардан ўзининг хулосасидаги биз тушунмай турган ҳолатларга аниқлик киритишни сўраётган эдик. Бу нафақат бизга керак, балки эртага суднинг ҳам маслаҳатдан олдин шу ҳужжатларга асосланиб, якуний тўхтамга келиши керак бўлган жойлари бор. Саволларни ҳам мантиқан, ҳам она тили адабиёт [тарзидан] келиб чиққан ҳолда тушунарлироқ беришга ҳаракат қилдик.

Эксперт эса барибир ҳар саволларимизни рад қилиб, ўзининг берганларини эталон сифатида жавобни ўртага ташлаяпти. Биз ўшандан ўтолмаяпмиз. Бу ҳолатда биз аниқламоқчи бўлган масалалар очиқ қолиб кетяпти. Шунинг учун ҳам шу илтимосномани қаноатлантириб беришингизни [сўраймиз]. Бу ерда бошқа экспертлар ҳам кўрсатилган. Балки уларда аниқроқ масалага эришармиз.

Адвокат Саидов: Ҳурматли раис этувчи, мана қаранг, уларнинг берган жавоби. Боя ҳамкасбларим айтганидек таркиби ҳақида савол бериляпти. Эксперт эса «Менда бор бўлган лаборатория техник ҳужжатлар асосида таркиби бешта моддадан иборат», деяпти. Бўлмаса шунақа деб кўрсатинг эди. «Менда бор бўлган ҳужжатлар лабораторияси асосида фақат беш хилдаги моддалар келиб чиқди», деяпсиз. Қолган 10 тасини кўрсатмаяпсиз. Бу ерда ҳақиқатдан ҳам ўзининг берган кўрсатмасига ўзи нотўғри жавоб беряпти. Шунинг учун бу адвокатимизнинг илтимосномасини қўллаб-қувватлайман.

Адвокатлардан бири: Ҳозир сўраб кўриш жараёнида эксперт бир нарсага эътибор бериб ўтди. Ҳар бир олиб келинган суюқликнинг бир қисмини олиб текшириш натижасида [таҳлил] қилиш имконияти борлигини айтди-да, лекин миқдорни аниқлаш имкониятини айтмади. Иш бўйича миқдорни аниқлаш жиноят ишига жудаям тааллуқли бўлгани сабабли ва пропелингликоль таркибида этиленгликоль мавжудлиги бундан олдинги экспертлар томонидан ҳам аниқланган. Лекин улар иш бўйича айбдор сифатида жалб қилинганини инобатга олиб, улар номақбул далил бўлишини назарда тутсак, бошқа экспертиза қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Шунинг учун, бошқа экспертни жалб қилиш керак, деб ҳисоблайман ва [ҳамкасбимизнинг илтимосномасини] қўллаб-қувватлайман.

Суд залидаги барча адвокатлар ҳамкасбининг илтимосномасини қўллаб-қувватлашини билдирди. Судланувчиларнинг уч нафари бу масалани судга ҳавола қилишини, қолганлари эса адвокатнинг илтимосномасини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Судья: Иш бўйича экспертни четлатиш масаласида суд ўз ўрнида ажрим қилди. Бу илтимоснома рад этилди. Қуйидаги асосларга кўра: эксперт хулосасини бериб бўлган. Ҳозир савол-жавоб қиляпмиз. Эксперт берган хулосасининг асосли ёки асоссизлигини ўрганяпмиз. Бунинг учун ҳозир эксперт хулосаси берган экспертни четлатиб қўйиб, унинг хулосасига баҳо бериш мантиқан тўғри келмайди.

Савол-жавоб қиламиз, керакли саволига жавоб ололмаган ва қўшилмаган ҳолатларда судга асосланган фикр берилса, суд ушбу экспертиза хулосасининг асосли-асосли эмаслиги, қўшилиш-қўшилмаслигини мустақил ҳал этади. Қонун талаби шундай. Марҳамат, саволлар бўлса, саволларда давом этамиз.

Яна бир нарса, бизда лаборатория мудирлари бор, сўроқ қилинди. Ўзи аслида бу модданинг таркибида этиленгликоль бўлиши керак эмас. «Бўлса агар миқдори қанча?» [саволи]. Лекин бўлиши керак эмас деган фикр берилди. Шуни ҳам инобатга олинглар.

Яна адвокатлар ва эксперт, судланувчилар ва эксперт ўртасида савол-жавоб давом этди. Адвокатлар дори воситалари устидан текширув ўтказган яна бир нечта мутахассисларни суд залига таклиф этиш учун илтимоснома киритишди. Суд уларни таклиф этиш чораларини кўришини айтиб ўтди.