Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин Украинадаги урушда қатнашишдан бош тортган мигрантларни Россия фуқаролигидан маҳрум қилишни таклиф этди. Бу ҳақда у 19 октябрь куни Россия ҳарбий етакчилари клубининг ҳарбий-илмий конференциясида маълум қилди. Тадбир мигрантлар ўртасидаги жиноятчиликка бағишланди.

«Махсус ҳарбий операция давом этаётган бир пайтда (Россия ҳукумати Украинага бостириб киришни шундай атайди — таҳр.), менимча, уларни [мигрантларни] махсус ҳарбий операцияга жалб қилиш керак. Агар сен Россия Федерацияси фуқароси сифатида ҳарбий бурчингни бажаришга тайёр бўлмасанг, бундай шахсни фуқароликдан маҳрум қилиш тўғрисида қарор қабул қилишингиз керак», — деди Бастрикин.

Россия Тергов қўмитаси раҳбари биринчи марта Украинадаги урушга Россия паспортига эга хорижликларни жалб қилишга чақираётгани йўқ. Жорий йилнинг январь ойида «Российская газета»га берган интервьюсида Бастрикин 2022 йилнинг биринчи ярмида Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг 60 мингдан ортиқ вояга етган фуқаролари Россия фуқаролигини қабул қилганини ва шу билан бирга «мамлакатни ҳимоя қилиш конституциявий бурчи» эканлигини таъкидлаган эди. «Шу муносабат билан махсус ҳарбий операция вазифаларини амалга оширишда қатнашиш учун фуқароликка қабул қилинган фуқароларни биринчи навбатда юбориш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир», деган эди у.

Россиянинг қатор ОАВлари 20 октябрь куни Россия хавфсизлик кучлари Москва вилоятидаги масжидга келганларни қўлга олиб, мажбуран Москва вилоятидаги военкоматга олиб кетилгани ҳақида хабар берди. Военкоматда уларнинг ҳужжатлари олиб қўйилиб, тиббий кўрикдан ўтишга, Россия Мудофаа вазирлиги билан шартномалар тузишга мажбурланган. «Портфель Генштаба» Telegram каналига маълумотларига кўра, қўлга олинганлар «Россия паспортини олишга улгурган» мигрантлардир.

2022 йил сентябрь ойида Россияда Россия армиясида хизмат қилиш учун шартнома имзолаган чет элликлар олти ойлик жанговар ҳаракатларда қатнашгандан сўнг тезлаштирилган тартибда Россия фуқаролигини олишлари мумкин бўлган ўзгартиришлар қабул қилинди. 2023 йил май ойида Россия президенти Владимир Путин фуқароликка соддалаштирилган қабул қилиш шартларини ўзгартирди. Унга кўра, «махсус операция» даврида бир йил муддатга ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома тузган чет элликлар фуқароликка даъвогарлик қилишлари мумкин бўлади.

Август ойида «Медиазона» Россиянинг бир қанча ҳудудларида яқинда Россия фуқаролигини олган хорижликларга қарши «рейдлар» ўтказилганини маълум қилди. Нашр маълумотларига кўра, хавфсизлик кучлари военкомлар билан биргаликда бозорлар ва сабзавот омборларига бориб, чақирув қоғозлари тарқатган, айрим эркаклар военкоматларга олиб кетилиб, ҳарбий рўйхатга олинган. Ҳуқуқ ҳимоячиси Татьяна Котлярнинг хабар беришича, Калуга вилоятида мигрантлар Украинадаги урушда қатнашиш учун шартнома имзоламагунча Россия фуқаролигини олиш учун ҳужжатлар рад этилган.

Аввалроқ Буюк Британия Мудофаа вазирлиги Россияда 2024 йилги президентлик сайловлари арафасида ҳукумат хорижликларни ёллаш орқали мамлакат ичида мобилизациядан қочишга уринаётгани ёзган эди. Вазирлик хулосасида айтилишича, камида жорий йилнинг май ойидан бери Россия тезкор фуқаролик ва юқори маошларни ваъда қилиб, Марказий Осиё давлатларидан келган мигрантларни фаол равишда лламоқда. «РФда камида олти миллион марказий осиёлик мигрантлар истиқомат қилади, эҳтимол Кремль уларни потенциал ёлланганлар деб билади», — дейилади ҳисоботда.