Россия президенти Владимир Путин 14 ноябрь куни чет эл фуқароларини мамлакат армиясида хизмат қилишга руҳсат беришни кўзда тутувчи фармонни имзолади.

Ҳужжат билан 1999 йилда тасдиқланган «Ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисида»ги низомга ўзгартиришлар киритилган. Хусусан, энди хорижликлар ҳам Россия фуқаролари каби шартнома асосида армияда хизмат қилишлари мумкин.

Россия фуқароларида бўлгани каби, тергов остида бўлган, судланган ёки айблов олиб ташланмаган хорижлик билан шартнома тузиб бўлмайди, дея аниқлик киритади РБК нашри.

Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилгани учун маъмурий жазога тортилган чет эл фуқароси билан ҳам жазо муддати тугагунга қадар шартнома тузилиши мумкин эмас.

Бундан ташқари, иккинчи фуқароликка эга бўлган россияликлар ҳам ҳарбий хизматга армияга чақирилади. Илгари хизматга фақат Россия фуқаролари чақирилар эди.

Низомнинг янги таҳрирдаги ўзгаришларга кўра, ҳарбий хизмат «фуқаролиги бўлган аскарлар, денгизчилар, сержантлар, кичик офицерлар, шу жумладан чет давлат фуқаролари ёки яшаш учун рухсатнома, фуқаронинг чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи бошқа ҳужжатга эгалар томонидан чақирув асосида амалга оширилади.

Фармон эълон қилингач, Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги РФ ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларидан Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятли ҳудудларга жалб қилиш ҳақидаги даъватларга эргашмасликни, зиддиятли ҳудудларга бормасликни ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўраб мурожаат қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154 прим 1-моддасида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.

Сентябрь ойида Россия Давлат Думаси РФ армиясида шартнома бўйича хизмат қиладиган чет элликлар мамлакат фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олишлари мумкинлиги тўғрисидаги ўзгартишларни маъқуллаганди. Унга мувофиқ,муҳожирлар яшаш рухсатномасини олмасдан туриб Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олиши мумкинлиги белгиланди.

Бунга жавобан, Ўзбекистон Бош прокуратураси хориждаги ватандошларни чет эл давлатлар қуролли кучлари сафига қўшилмаслик ва жанговар ҳаракатларда қатнашмасликка чақириб, бунинг учун жиноий жавобгарликдан огоҳлантирди.