«Ўзбекнефтгаз» АЖ Аи-80 маркали бензин ишлаб чиқаришдан бутунлай воз кечишни режалаштирмоқда, дея хабар берди компаниянинг матбуот хизмати.

Хабарга кўра, «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев ва «Ишчи гуруҳ» аъзолари Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига ташриф буюрди. Қайд этилишича, М.Абдуллаев завод мутахассислари ҳамда заводни модернизация қилиш ва реконструкция қилиш лойиҳасини амалга оширувчи гуруҳ билан учрашиб, лойиҳа истиқболларини муҳокама қилди.

Маълум қилинишича, заводни модернизация қилиш ва реконструкция қилиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш натижасида Аи-91, Аи-93, Аи-95 маркали юқори октанли бензин ишлаб чиқариш ва Аи-80 маркали бензин ишлаб чиқаришдан бутунлай воз кечиш, шунингдек Евро-5 талабларига жавоб берадиган дизель ёқилғисини ишлаб чиқаришга ўтиш кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан маҳаллий нефтни қайта ишлаб чиқарувчи корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадида бензин маҳсулоти импортига акциз солиғини 5 фоиздан 20 фоизга ошириш таклифи билан чиққанди.

Ўз ўрнида, Монополияга қарши курашиш қўмитаси мамлакатда соғлом рақобат муҳитининг таъминланиши ва истеъмолчилар манфаатларини кўзлаган ҳолда акциз солиғини оширилиш мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисоблашини билдирган эди.

Шу билан бирга, Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгаши мазкур «ставканинг таклиф этилаётган ўзгариши халқаро мажбуриятлар ва амалиётга мос келмаслиги сабабли кўриб чиқилиши ва қўлланилиши мумкин эмас», дея изоҳлаганди.