Фарғона вилоятидан фуқаро О.П. бир гуруҳ маҳалла фуқаролари номидан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга автоҳалокат хавфи юқори бўлган чорраҳаларга светофор ўрнатишга ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда омбудсман матбуот хизмати хабар берди.

Аризачи Марғилон шаҳридаги «Хўжа порсо» маҳалла фуқаролар йиғини биноси, 4-оилавий поликлиника ва 10-мактаб йўл ёқасига яқин жойлашганини таъкидлаган. Ҳудуднинг 7 мингдан ортиқ аҳолиси, жумладан, болалар чорраҳани кесиб ўтишга мажбур бўлган.

Мурожаатни омбудсман ўз назоратига олгач, унинг Фарғона вилоятидаги вакили Марғилон ҳокимлиги билан биргаликда ҳолатни кўриб чиқди.

«Ҳақиқатдан ҳам, мазкур чорраҳада автомобиллар оқими жуда юқори ҳамда поликлиника ва мактаб йўл ёқасига яқин жойлашгани сабабли ҳудуддаги аҳоли йўл кесишмасидан ўтишда кўплаб қийинчиликларга дуч келаётгани аниқланди», — дейилади хабарда.

Омбудсманнинг «тегишли ташкилотлар»га мурожаатидан сўнг Марғилон шаҳрининг Алишер Навоий кўчасидаги чорраҳага светофор ўрнатилди.

Омбудсман идораси хабарида таъкидланишича, президентнинг 2022 йил 4 апрелдаги қарорига мувофиқ, светофор қурилмаси ўрнатилиши режалаштирлаётган чорраҳа ёки йўл участкаси шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мослиги нуқтаи назаридан ўрганилади, шунингдек, ушбу жойдан ўтадиган пиёдалар ва транспорт воситаларининг ҳаракат жадаллиги ҳисобланади. Мазкур жой амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига жавоб берса, светофор қурилмасини ўрнатиш бўйича ижобий хулоса қилинади.