Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йилдан «маҳалла бюджети» тизими жорий этилишини, «ҳар бир маҳалла ўз муаммоларини мустақил ҳал қилиши»ни маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари сешанба куни бўлиб ўтган йиғилишда гапирди.

1 январдан бошлаб ҳар бир вилоятнинг солиқ ундирилиши паст бўлган биттадан туманида, тажриба тариқасида, аҳолининг мол-мулк ва ер солиғини ундириш маҳалланинг ўзига ўтказилади. Ундирилган мол-мулк ва ер солиғи маҳалла бюджетида қолади.

Ҳар йили 1 февралга қадар ҳокимлар маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчилари билан бирга маҳалла бюджети ҳисобидан ҳал қилинадиган лойиҳалар рўйхатини туман Кенгашларига тасдиқлаш учун киритади.

«2023 йил якунида ушбу тажриба барча ҳудудларда жорий қилинади», — деб ёзади президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Мутасаддиларга ушбу маблағларни шакллантириш, сарфлаш ва назорат қилиш тартибини ишлаб чиқиш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев маҳаллалар қошида бюджет тузиш режалари ҳақида ўтган йилнинг сентябр ойида гапирган эди.

«Охирги йиллардаги ҳаракатларимиз туфайли ҳокимликларда маҳаллий бюджет пайдо бўлди. Бу йўқ эди. Энди маҳаллаларда бюджет ташкил қилишни режалаштирганмиз. Тасаввур қилинглар, ўзининг пули бўлса, маҳалла қандай ўзгаради — йўлини тўғрилайди, сув олиб келади, шохобча очади. Келгусида маҳаллага пул ҳам киради, талаб ҳам бошқача бўлади», — деганди президент.