7 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Термиз тумани суди Сурхондарё вилояти ҳокимининг собиқ биринчи ўринбосари, Денов ва Қизириқ туманларининг собиқ ҳокими Рустам Пардаевга оид жиноий ишни кўриб чиқишни якунлади. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди. «Газета.uz» октябрь ойида Пардаев иши ҳақида ёзганди.

44 ёшли Рустам Пардаев Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдордаги ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-моддаси 4-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдордаги фирибгарлик), 205-моддаси 2-қисми «а» банди (Жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми «а» бандида (Такроран мансаб сохтакорлиги) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

Суд унга 2 йил 6 ой муддатга давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 8 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган.

Рустам Пардаев ва унинг ҳимоячилари биринчи инстанция судининг қарори устидан шикоят тайёрламоқда, деди Азиз Абидов.

Рустам Пардаев 2007—2017 йилларда «Микрокредитбанк»нинг Жарқўрғон тумани филиали бошқарувчиси ва вилоят филиали бошлиғи лавозимларида ишлаган. Кейин Сурхондарё иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш, инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаларига раҳбарлик қилган. Вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлган.

2020 йилдан 2022 йил январигача Денов тумани ҳокими лавозимида ишлаган, 2022 йил январь ойида Қизириқ тумани ҳокими этиб тайинланган. Тўра Боболов 2022 йил 26 декабрда вилоят ҳокими лавозимидан озод этилганидан бир ой ўтиб, 2023 йил 25 январда Сурхондарёнинг 13 та тумани ҳокимлари бир кунда алмаштирилганди, жумладан, Рустам Пардаев ҳам.

Аввалроқ Сурхондарёнинг Шўрчи тумани собиқ ҳокими Бахтиёр Худойбергановнинг озодлиги 4 йилга чеклангани ҳақида ёзган эдик. Ўша куни вилоятда ишдан бўшатилган 13 нафар ҳоким қаторида у ҳам бор эди.