2019 йил сентябридан 2023 йил январигача Сурхондарё вилояти Шўрчи тумани ҳокими лавозимида ишлаб келган Бахтиёр Худойбергановга шу йилнинг сентябрь ойида 2 йил муддатга давлат иштирокидаги корхона, муассаса ва ташкилотларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 4 йилга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган. Бу ҳақда Олий суд 27 декабрь куни хабар қилди.

Жиноят ишлари бўйича Олтинсой тумани суди 4 сентябрь куни 47 ёшли Бахтиёр Худойбергановни Жиноят кодексининг 167-моддаси «а», «в» ва «г» бандлари (Бир гуруҳ шахслар томонидан, кўп миқдорда, мансаб мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 184−1-моддаси 2-қисми (Бюджет ва смета-штат интизомини жуда кўп миқдорда бузиш), 209-моддаси 2-қисми «а» банди (Такроран мансаб сохтакорлиги) ва 229−4-моддаси 2-қисми «а», «б» бандларида (Такроран, суғориладиган ерлар қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқишига сабаб бўладиган ер бериш тартибини бузиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди.

Сурхондарё вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 7 ноябрдаги ажрими билан биринчи инстанция суди ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Январ ойи охирида Сурхондарёда бир кунда 13 та туман, жумладан, Шўрчи ҳокими алмаштирилганди. Ўшанда Бахтиёр Худойберганов лавозимига Улуғбек Зокиров тайинланган.

Бахтиёр Худойберганов бунгача Музработ тумани ва Термиз шаҳри ҳокимликларининг молия бўлимлари бошлиғи, шунингдек, вилоят ҳокимлиги молия бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган.