Қизириқ туманига қарийб 1 йил раҳбарлик қилган иқтисодчи Рустам Пардаев суғориладиган ерларни талон-торож қилганликда айбланмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz» махсус мухбири Аброр Курбонмуратов Сурхондарё вилоятидан хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, Термиз шаҳар 9-сонли тергов ҳибсхонаси ходимлари Рустам Пардаев сақланаётганини тасдиқлашган. Унинг яқинлари айтишича, жиноят иши судга оширилган.

Собиқ ҳокимнинг адвокати Руслан Қалқонов ҳимояси остидаги шахс қарийб 3 ойдан бери ҳибсда ушланиб турганини маълум қилди.

«Термиз тумани судида Пардаевга оид жиноят иши кўрилаяпти. Жиноят кодексининг 167 моддаси 3-қисми, 205-модданинг 2-қисми, 209-моддасининг 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган, сизга бошқа маълумотлар бера олмайман, узр», — деди у «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда.

«Газета.uz» Жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди раиси Одилбек Бегимқулов билан ҳам боғланди.

«Ҳа, Қизириқ тумани собиқ ҳокими Рустам Пардаевга оид жиноят ишини кўряпмиз. Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Суд очиқ бўлиб ўтмоқда. Кейинги суд 3 ноябрь куни бўлади» — деди Одилбек Бегимқулов.

Судьянинг сўзларига кўра, собиқ ҳоким Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари бўйича айбланмоқда:

  • 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш);
  • 168-моддаси (Фирибгарлик),
  • 209-модда (Мансаб сохтакорлиги);
  • 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш).

Маълумот ўрнида, Рустам Пардаев 1979 йил 7 апрелда Қизириқ туманида туғилган. 2006 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги — иқтисодчи.

2007−2017 йилларда «Микрокредитбанк» АТБ Жарқўрғон филиали бошқарувчиси ва вилоят филиали бошлиғи лавозимларида фаолият юритган. 2017 йилдан Сурхондарё вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи, Сурхондарё вилояти инвестициялар бош бошқармаси бошлиғи, вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи, вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари лавозимларида хизмат қилган. 2020 йилдан 2022 йилнинг январь ойигача Денов тумани ҳокими лавозимида ишлаган. 2022 йилнинг 31 январида Қизириқ тумани ҳокими Юсупов Илҳом Элмуродович ўрнини Рустам Пардаев эгаллаганди.

Бироқ, Сурхондарёнинг собиқ ҳокими Тўра Боболов 2022 йилнинг 26 декабрида лавозимидан озод қилинганидан кўп ўтмасдан, вилоятнинг 13 тумани ҳокими қаторида Рустам Пардаев ҳам (2023 йилнинг 25 январида) ишдан бўшатилди. Ҳозирда унинг лавозимини Шерзод Ражабов эгаллаб келмоқда.

Улуғбек Қосимов вилоятга ҳоким сифатида таништирилган кунда президент Шавкат Мирзиёев 13 туманга бир кунда янги ҳокимлар тайинлангани юзасидан ҳам фикр билдирганди.

«Энг асосийси, одамларимиз ва тадбиркорларда келажакка ишонч пайдо бўлди. Энди кўнглимдаги битта гапни айтсам. Агар яна бир-икки йил биргаликда қаттиқ ишласак, Сурхондарёда жуда катта ривожланиш, ўсиш бўлади. Шу боис 13 та туман ҳокими лавозимига республика идораларида ишлаган, малакали кадрларни қўйдик», — деганди давлат раҳбари.