Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Jizzakh Auto ўртасида имзоланган шартномага мувофиқ, 103 тез тиббий ёрдам хизматига навбатдаги 100 дона А тоифали Volkswagen Caddy автомашиналари топширилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

volkswagen caddy, тез тиббий ёрдам

Автомобиллар Республика тез тиббий ёрдам марказининг Бухоро, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри филиалларига тақсимланади.

Ноябрда ССВга 108 та Volkswagen Caddy тез ёрдам автомобили топширилганди. Сентябрда Республика тез тиббий ёрдам марказининг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларидаги филиалларига 100 та машина етказилган.

Август ойида А тоифали 50 та Volkswagen Caddy Қашқадарё ва Хоразм вилояти соғлиқни сақлаш бошқармалари тизимидаги 103 шохобчаларига топширилганди.

Мазкур ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳа президент қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. Бунга Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилма инвестициялари банки имтиёзли кредитлар ажратган.

Маълумот учун, янги автомобиллар барча сўнгги талаблар асосида замонавий ва қулай техникалар билан жиҳозланган, улар самарали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишни кафолатлайди. Автомобиль тиббий салонида шовқин ва тебраниш изоляцияси, беморни намлантирувчи кислород билан таъминлаш тизими, дастакли инфузион тизим, беморни ташиш учун кўп функцияли носилкалар ҳамда кондиционер тизими бор.