Шавкат Мирзиёев 22 декабрдаги фармони билан Фанлар академиясининг 16 нафар янги ҳақиқий аъзосини тасдиқлади.

Давлат раҳбари худди шундай қарорни роппа-роса олти йил аввал — 2017 йилнинг декабрида ҳам имзолаганди, ўшанда Фанлар академиясининг 32 нафар янги аъзоси тасдиқланган. Бунгача академиянинг ҳақиқий аъзолари сайлови 22 йил давомида, яъни 1995 йилдан бери ўтказилмаганди.

Бу йил Фанлар академияси ўзининг 80 йиллигини нишонламоқда. Муассаса 1943 йил 4 ноябрда ташкил этилган. 2022 йил ҳолатига кўра, у 40 дан ортиқ илмий бўлимларни ўз ичига олади. Академиянинг учта ҳудудий филиали — Қорақалпоғистон ва Навоий филиаллари, шунингдек, Хоразм Маъмун академияси мавжуд.

2012 йил февраль ойида ҳукумат қарори билан (биринчи президент Ислом Каримов имзолаган) Фанлар академиясининг бир қатор илмий муассасалари (жумладан, Самарқанд вилояти филиали ва тўртта илмий марказ — Андижон-Наманган, Бухоро, Қашқадарё-Сурхондарё (Жанубий) ва Фарғона марказлари тугатилди. Бошқалари эса — қайта ташкил этилди.

2017 йил февраль ойида Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан илгари олий ўқув юртларига ўтказилган бир қатор институтлар Фанлар академиясига қайтарилди. Жумладан, Тарих институти, Ядро физикаси институти, Механика ва иншоотлар сейсмик барқарорлиги институти, Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ва бошқалар (рўйхат).

2018 йил апрель ойида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон илмий жамоатчилик вакиллари билан учрашган, улар илм-фанни ривожлантириш бўйича қатор таклифлар билдирган, муаммолар ҳақида сўзлаган эди.

Ўша йиғилишда президент «чорак аср давомида академияга эътибор берилмагани»ни «катта хато» деб атаган. «Агар биз интенсив ва прогрессив ривожланишга интилмасак, [бошқа мамлакатларга] етиб ололмаймиз», — деганди у йиғилишда.

ФАнинг янги ҳақиқий аъзолари

Физика-математика фанлари бўйича

Ахмедов Бабомурот Жураевич — Фанлар академияси Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти лаборатория мудири;

Абдуллаев Фатхулла Хабибуллаевич — Фанлар академияси Физика-техника институти бош илмий ходими;

Розиков Уткир Абдуллоевич — Фанлар академияси В.И. Романовский номидаги Математика институти директори ўринбосари;

Кимё фанлари бўйича

Туляганов Дилшат Убайдуллаевич — Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети кафедра мудири;

Сагдуллаев Шамансур Шахсаидович — Фанлар академияси С.Ю. Юнусов номидаги Ўсимлик моддалари кимёси институти директори;

Турабжанов Садритдин Махаматдинович — Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ректори;

Реймов Ахмед Мамбеткаримович — Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори;

Биология фанлари бўйича

Давранов Кахрамон — Фанлар академияси Микробиология институти директори;

Техника фанлари бўйича

Садиков Илхам Исмаилович — Фанлар академияси Ядро физикаси институти директори;

Қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича

Намазов Шадман Эргашович — Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари;

Тарих фанлари бўйича

Зиё Азамат Хамид ўғли — Фанлар академияси Тарих институти директори;

Иқтисодиёт фанлари бўйича

Тухлиев Нурислам — Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессори;

Филология фанлари бўйича

Сирожиддинов Шуҳрат Самариддинович — Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори;

Педагогика фанлари бўйича

Ибраимов Холбой — Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти директори;

Тиббиёт фанлари бўйича

Мусабаев Эркин Исакович — Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг Вирусология илмий-тадқикот институти директори;

Психология фанлари бўйича

Шаумаров Гайрат Бахрамович — «Профи университети» нодавлат таълим ташкилоти ректори.