Пойтахтдаги Амир Темур ва Алишер Навоий кўчаларида автобуслар ҳаракати учун ажратилган махсус А йўлакларда йўл ҳаракати қоидаларини бузиш ҳолатларини қайд этувчи бешта камера ўрнатилиб, бир кунда — 24 декабрь куни 175 та автомобиль ҳайдовчисига жарима солинди. Бу ҳақда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси хабар берди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128−6-моддасига асосан тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик учун жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари ёки 680 минг сўмни ташкил этади.

Октябр-ноябрь ойлари давомида мазкур икки кўчага жами 30 дона смарт-камера ўрнатилган. Декабрь бошидан фақат бештаси ишлай бошлаган.

Ажратилган йўлакка фақат ўнгга бурилиш (чизиқ узилган жойларда), шунингдек, жамоат транспорти ҳаракатига халақит бермасдан йўловчиларни миндириш ва тушириш учун кириш мумкин.

Аввалроқ Ўзбекистон пойтахтида 44 км жамоат транспорти йўлаклари борлиги, уларад кунига 16 минг автобус қатнови амалга оширилиши ҳақида хабар қилинганди.