1 декабрдан Тошкент шаҳрида йўналишли транспорт воситаларининг ҳаракати учун мўлжалланган («A» ҳарфи чизилган) тасмаларда қоидабузарликларни қайд этувчи камералар ишга тушди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар қилди.

Камералар махсус ажратилган йўлакда сабабсиз ўтиб тўхтаган, ҳаракатланган, автобусларнинг ҳаракатига халақит берган, қолдириб кетилган транспорт воситаларини қайд этади. Қоидани бузганларга нисбатан белгиланган тартибда жарима қўлланилади.

Махсус ажратилган йўлаклар

Ўтган йил охирида Тошкент шаҳрида жамоат транспорти учун алоҳида йўлаклар ташкил этила бошланганди. Бугунги кунга қадар улар кўплаб марказий кўчаларда мавжуд.

Президент 2023 йил январ ойида Тошкентдаги 73 та кўчада автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилиши ҳақида маълум қилди.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Пойтахт транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа бошқармаси директори Мурод Обидов «Газета.uz»га 2023 йилда пойтахтдаги мавжуд 34 та асосий кўчаларнинг 13 тасида алоҳида ажратилган йўлакларни жорий этиш, шунингдек, мазкур йўлакларда жойлашган чорраҳаларни мувофиқлаштирилган ҳолда бошқариш учун «ақлли» светофорлар ўрнатиш режалаштирилганини маълум қилганди. Ўшанда «Ишнинг бажарилиши молиявий сабаблар туфайли кечикиши мумкин», дея огоҳлантирганди Мурод Обидов.

Махсус ажратилган йўлаклар ташкил этилган ва режалаштирилган кўчалар.Махсус ажратилган йўлаклар ташкил этилган ва режалаштирилган кўчалар.