Қиш — ис газидан заҳарланишлар, шунингдек, бунинг оқибатида вафот этишлар кўпаядиган мавсум. Аммо ҳали қиш келмай, бундай ўлимлар хабари келди. Масалан, 15 октябрда Самарқанд вилояти Оқдарё туманида уч киши, 21 ноябрда Қўқон шаҳрида яшовчи эр-хотин ис газидан заҳарланиб вафот этди.

15 декабрда Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманида яшовчи бир оиланинг етти нафар аъзоси ис газидан заҳарланиб, уларнинг беш нафари вафот этди. 16 декабрга ўтар кечаси Янги Наманган туманида бир оиланинг 4 аъзосини ис гази ҳаётдан олиб кетди.

Ис гази нима? Ундан заҳарланиш қандай юз беради? Бундай ҳолларда (ёки заҳарланмаслик учун) нима қилиш керак? «Газета.uz» тегишли ташкилотлар — Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш ҳамда Энергетика вазирликларининг бу бўйича тавсияларини жамлади.

Ис гази

Ис гази (углерод оксиди) рангсиз, ҳидсиз заҳарли бирикма бўлиб, углероди мавжуд бўлган ҳар қандай ёқилғи: табиий газ, бензин, дизель, мазут, кўмир, ўтин чўғларининг чала ёниши оқибатида ҳосил бўлади. Тутун таркибида 3 фоиз, ишланган газда 13 фоиз, портловчи газлар таркибида эса 50−60 фоизгача ис гази бўлади.

Қандай ҳолларда ис газидан заҳарланиш мумкин?

Шамоллатиш тизими яхши ишламайдиган органик моддалар ишлаб чиқарадиган корхоналар, автотураргоҳлар, янги бўялган ва шамоллатилмаган хоналарда, печка билан иситиладиган уйлар, ҳаммомлар, дам олиш палаткаларида, шунингдек, уй шароитларида табиий газ чиқиб турганда ёнувчи модданинг тўлиқ ёнмаслиги оқибатида ис газидан заҳарланиш мумкин. Ис газининг энг кам миқдори ҳам заҳарланиш учун етарли бўлади. Инсон ўзида ҳолсизланиш аломатларини ҳис қилмагунича унинг борлигини сезмайди.

Инфографика: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»Инфографика: Шаҳзод Ҳабибуллаев / «Газета.uz»

Нималар ис газидан заҳарланишга сабаб бўлади?

  • газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик;
  • ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;
  • дудбуронларни нотўғри ўрнатиш;
  • газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари ҳамда газ баллонларини ухлаш хоналарига олиб кириш;
  • ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;
  • ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш туйнукларни беркитиб қўйиш;
  • етарли ҳаво айланмайдиган шароитда газга мослаштирилган қурилмаларнинг ҳавони тортиш механизми ишдан чиқиши ёки вентиляция каналларига ҳаво етарлича кириб туриши;
  • двигателни чекланган жойда, масалан, гараждаги машинада ишлатиш;
  • газ мосламасида тўғри ўрнатилган ҳаво айлантириш тизимининг мавжуд эмаслиги;
  • газ плитасидан бинони иситиш ва унинг устида кийимларни қуритишда фойдаланиш;
  • газ плитасини ёқилган ҳолатда назоратсиз ташлаб қолдириш;
  • газ баллонларини иссиқлик манбаига яқин жойда қолдириш;
  • болаларни газ ускуналаридан фойдаланилувчи жойларда назоратсиз қолдириш;
  • қувурлардан табиий газ сизиб чиқиши;
  • печлар қопқоғини ёпмаслик ҳолатларида ис газидан заҳарланиш мумкин. Ёниш майдонида етарли кислород бўлмаса, заҳарланиш исталган муҳитда, ҳатто газ плита духовкаси ишлаб турганда ҳам содир бўлиши мумкин.

Ис гази организмга қандай таъсир қилади?

Ис гази организмга нафас аъзолари орқали таъсир этиб, аввало, қонга киради ва гемоглобин ҳужайраларини зарарлайди. Шундан сўнг гемоглобин кислород ташиш қобилиятини йўқотади. Одам бу газдан қанча кўп нафас олса, унинг қонида гемоглобин шунчалик камаяди ва танада кислород етишмовчилиги — гипоксия пайдо бўлади. Ис газидан заҳарланишдан сўнг гемоглобин ҳужайраларини тиклаш учун кўп вақт талаб этилади.

Ис газидан заҳарланиш аломатлари

Углерод оксидидан заҳарланиш қисқа муддатда ёки секинлик билан юзага чиқиши мумкин. Бу ўша муҳитда ҳаво таркибидаги газ концентрациясига боғлиқ. Агар унинг миқдори кам бўлса, инсонда мушаклар бўшашиши, бош айланиши ва оғриқ, кўкрак қафасидаги оғриқлар, қулоқларда шовқин, эшитиш қобилиятининг йўқолиши, кўнгил айниши, қусиш, уйқучанлик кузатилади.

Юқори концентрацияда заҳарланиш тезда юзага чиқади ва ҳушдан кетиш, тутқаноқлар, нафас тўхташи билан намоён бўлади. Энг ёмони, нафас марказининг фалажланиши оқибатида ўлим ҳолати юз бериши мумкин. Баъзида заҳарланишдан 2−3 ҳафта ўтиб ҳам беморларнинг вафот этиш ҳолатлари қайд этилган.

Газ ҳидини сезганда нима қилиш керак?

Газ ҳидини сезган заҳоти газ авария диспетчерлик хизматига хабар бериш, барча газ кранларини ёпиш, очиқ оловдан фойдаланмаслик, дарҳол эшик ва деразаларни очиб, хонани шамоллатиш, электр жиҳозларини ёқмаслик ва ўчирмаслик керак.

Биринчи ёрдам

Ис газидан заҳарланганда биринчи ёрдам кўрсатиш заҳарланган одамнинг ҳаётини сақлаб қолишда ниҳоятда муҳим. Аввало, газ тарқалган жойдан жабрланувчини тезлик билан тоза ҳавога олиб чиқиш керак. Жабрланувчи ҳушидан кетган бўлса, нашатир спиртини ҳидлатиш, сунъий нафас бериш, танани ишқалаш, иссиқ чой ва кофе ичириш ва, албатта, тез тиббий ёрдамни чақириш керак.

Газ билан боғлиқ ёнғин ва заҳарланишлар содир бўлганда қўнғироқ қилиш мумкин бўлган рақамлар:

  • 101 — ёнғин хавфсизлиги хизмати;
  • 104 — газ авария диспетчерлик хизмати;
  • 103 — тез тиббий ёрдам хизмати;
  • 1050 — қутқарув хизмати.