Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманида бир оиланинг 5 аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

15 декабрь куни соат 11:45 атрофида туманнинг «Кенес» овулида яшовчи фуқаро М.Б. хонадонида ўзи ва 6 нафар оила аъзосининг ҳушсиз ҳолатда ётгани қўшнилари томонидан аниқланган ва тез тиббий ёрдам шифокорлари чақиртирилган.

Текширув давомида ушбу хонадонда яшаган 66 ёшли М.Б. (эркак), 62 ёшли З.М. (аёл), 37 ёшли С.Б. (аёл), 15 ёшли А.А. (аёл) ва 12 ёшли М.А. вафот этгани маълум бўлган. Шунингдек, 28 ёшли Т.О. (эркак) ва 23 ёшли А.Б. (аёл) ҳушсиз ҳолатда туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу ҳолатда ис газидан заҳарланиш аломатлари мавжуд бўлиб, уйнинг иситувчи қозонхонаси уй ичида ёниб турган, дейилади хабарда.

Ҳолат бўйича Чимбой тумани прокуратураси томонидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Ҳозирда терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда ва ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.