Самарқанд вилояти Оқдарё туманида 3 киши ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда «Миллий» телеканалининг «Миллар» дастурида хабар қилинди.

Ҳодиса 15 октябрь куни Оқдарё тумани «Тараққиёт» маҳалласидаги дала ҳовлида содир бўлган.

«Булар кўчиб келишган. Шанба-якшанба кунлари келиб, бир хабар олиб кетади. Газ трубаси тўлиб қолган эканми, ўғли дод-вой қилди. Кириб ёрдам кўрсатдик. Кеч кирган эканмиз, ҳамма ўлганди… Кирганимизда хона газ ҳиди билан қопланганди», — деди қўшнилардан бири.

Туман газ таъминоти бўлими ходими Абдулла Кубаевнинг айтишича, воқеа содир бўлган уйга аввал бир неча марта боришган, аммо доим қулф бўлган.

Бош прокуратуранинг «Газета.uz»га маълум қилишича, воқеа сабаб 53 ёшли аёл ва унинг 9 ва 3 ёшли набиралари вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» банди (одам ўлимига сабаб бўлган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.