Ўзбекистон давлат бюджетидан автомобилларни экспорт қилишда «йўл харажатлари»ни қисман қоплаш учун 200 млрд сўм ажратилади. Бу Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, шунингдек, президент томонидан маъқулланган 2023 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришларда назарда тутилган. «Газета.uz» ҳужжат билан танишиб чиқди.

Биз аввалроқ маблағларнинг катта қисми сарфлаб бўлинган бўлса-да, депутатлар ва сенаторлар томонидан йил якунига кўра давлат харажатларини қарийб 2 млрд долларга ошириш бўйича ўзгартиришлар кўриб чиқилгани ҳақида хабар бергандик. Ҳукумат яна харажатлар чегарасини ушлаб туролмади, шунинг учун ташқи қарзлар ва бюджет тақчиллиги бўйича лимит оширилди.

Автомобиль ишлаб чиқарувчиларга тушган маблағни 2022 йил охиридаёқ «Ўзавтосаноат» корхоналари — UzAuto Motors ва Самарқанд автомобиль заводига (SamAuto, 51,9 фоизи UzAuto Commercial Vehicles Management) ажратмоқчи бўлишганди.

Ўшанда ҳукумат маҳаллий автомобиль ишлаб чиқарувчиларга улар автомобилларни экспорт қиладиган мамлакатларда утилизация йиғимларини тўлашлари учун 224,5 млрд сўм ажратишни таклиф қилганди. Депутат Дониёр Ғаниев буни шундай таърифлаганди: бу бошқа давлатлар аҳолиси сотиб оладиган автомобилларга ўзбекистонлик солиқ тўловчилар тўлайдиган, тадбиркорлар ўз автомобилларини хорижда арзонроқ сота олиши учун йиғим.

Ўшанда парламент аъзоси монополист корхоналарни қўллаб-қувватлаш қанчалик устувор ва тўғри қарор эканлигига ҳам қизиққанди.

Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов бу нафақат UzAuto Motors, балки маҳаллий экспортчиларнинг транспорт харажатлари билан боғлиқ, деб жавоб берганди.

«Газета.uz»нинг вазиятдан хабардор манбасига кўра, собиқ молия вазири Тимур Ишметов (ҳозирда Президент администрациясида ишлайди) бюджетда маблағ йўқлиги сабабли бу мақсадлар учун пул ўтказмаган.

2023 йилда бюджет тақчиллиги янада катталашганига қарамай, якунда бу суммани ажратишга қарор қилинди. Қўшимча ҳужжатларда бунинг асоси сифатида «ёпиқ қарор» кўрсатилган.

Шу билан бирга, 2024 йилдан 2021 йилда бошланган автомобилларни экспорт қилишда утилизация харажатларини қоплаш учун давлат бюджетидан маблағ ажратиш амалиётини тўхтатиш режалаштирилмоқда, дея таъкидлади «Газета.uz» манбаси.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг тўққиз ойида UzAuto Motors`нинг даромади ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 26,5 трлн сўмдан 38,1 трлн сўмгача (+11,5 трлн сўм, 43,5 фоиз) ошди, маҳсулот таннархи эса 22,3 трлн сўмдан 33 трлн сўмгача ошди (+47 фоиз). Соф фойда 1,84 трлн сўмдан 1,93 трлн сўмга (+5,2 фоиз) ошган.

«Газета.uz» Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда UzAuto Motors`га сўровлар юборди ва жавоб кутмоқда.