Ноябрь ойида Ўзбекистон Хитойга 54,59 миллион долларлик табиий газ экспорт қилди, бу аввалги икки ойдаги ҳажмлардан кўп. Бу бўйича «Газета.uz» Хитой божхона бош бошқармаси маълумотларини ўрганди.

Аввал хабар берганимиздек, апрель ойида Ўзбекистон «мовий ёнилғи» экспортини қайта тиклаган, ўша ойда ҳажм 40,47 млн долларни ташкил этган. Май ойида етказиб бериш ҳажми 78,16 млн долларга кўтарилди, июнда эса 85,27 млн доллар, июлда 91,39 млн доллар, августда 75,27 млн доллар, сентябрда 41,6 млн доллар, октябр 42,25 млн долларни ташкил қилди.

Йил бошидан буён жами газ экспорти 509,03 млн долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига — 1,03 млрд долларга нисбатан икки баравар кам. Буни январь-март ойларида Ўзбекистондаги энергетика инқирози фонида газ экспорти тўхтатилгани ва ушбу ёнилғининг маҳаллий ишлаб чиқарилиши камайгани билан изоҳлаш мумкин.

Бир ойлик кўрсаткичлар солиштирилганда, 2022 йил ноябрь ойида 114,2 млн долларлик газ етказиб берилган.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон 11 ой ичида 509,4 млн долларлик газ экспорт қилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига (910,9 млн доллар) нисбатан қарийб 2 баробар камдир. Ноябрь ойида «мовий ёнилғи» экспорти 51,2 миллион долларни ташкил этган.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2023 йилнинг 11 ойи давомида газ қазиб олиш ҳажми 42,75 млрд куб метрни ташкил этгани ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,6 фоизга ёки 4,56 млрд куб метрга камайгани хабар қилинганди. Ноябрь ойида расман 1 млн долларлик газ импорт қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бош вазири 2020 йилда мамлакат 2025 йилгача газ экспортини бутунлай тўхтатмоқчи эканини айтганди. Газни қайта ишлаш, қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш режалаштирилган.

«Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистондан Хитойга газ етказиб бериш бўйича статистикалар бир неча каррасига фарқ қилаётгани ҳақида ёзганди. Кейинроқ энергетика вазири буни Хитой статистикада туркман газининг транзитини ҳисобга олгани билан изоҳлаган. Бироқ «Газета.uz» ҳисоблаб, ҳатто транзитни қўшганда ҳам статистика кескин фарқ қилаётганини аниқлаган.

Шунингдек, Иқтисодиёт вазирлиги олти ойда 2,6 млрд куб метр — 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 7,2 баробар кўп газ импорт қилган. Бу Статистика агентлиги маълумотларидан фарқ қилади ва МБ раҳбарининг газ импорти туфайли бюджет тақчиллиги ошгани ҳақидаги сўзларига қисман ойдинлик киритиши мумкин.