Ўзбекистонда миллий сертификатга эга бўлган ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига келгуси ўқув йилидан бошлаб 50 фоиз устама тўланади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилинди.

Йиғилишда президент ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига ҳам халқаро сертификатга эга бўлган бошқа фан ўқитувчиларидан кам бўлмаган миқдорда қўшимча ҳақ тўланиши адолатдан бўлишини таъкидлади.

Шунингдек, ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси ўтказилиши, ғолиб ва совриндорлари пул мукофоти билан тақдирланиши ҳамда олийгоҳларга ўзбек тили филологияси йўналиши бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, президент қарори билан 2025 йил 1 январга қадар чет тили фанидан камида С1 даражадаги миллий сертификатга эга бўлган мактабдаги педагог кадрларга ҳар ойлик устама 50 фоиз миқдорида тўланиши жорий этилганди.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги касб-ҳунар мактаби, коллеж, техникум ва академик лицейларнинг C1 сертификатига эга ўқитувчиларига ҳам 50 фоиз устама берилиши йўлга қўйилган.