C1 даражага эга профессионал таълим муассасалари ва академик лицей ўқитувчиларига 50 фоиз устама берилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълум қилди.

Вазирликнинг Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан қўшма қарорига кўра, 2023 йил 1 сентябрдан профессионал таълим муассасалар (касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникум) ва академик лицейнинг халқаро тан олинган ва миллий баҳолаш тизимида берилган камида C1 даражадаги сертификатларга эга умумтаълим фан ўқитувчилари базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорда устама ҳақ тўлаш йўлга қўйилади.

Шунингдек, қарор билан:

  • миллий баҳолаш тизими мувофиқ бўлиши лозим бўлган халқаро стандартлар рўйхати;
  • таълим соҳасида хизмат кўрсатуви ваколатли халқаро ташкилотлар рўйхати;
  • халқаро тан олинган ва миллий баҳолаш тизимида берилган сертификатлар (уларнинг комбинацияси) рўйхати тасдиқланди.

Президентнинг 2022 йилдаги қарорига кўра, мактабларда халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган педагогларга 50%, миллий тест тизимида олинган сертификатга эга ўқитувчиларга 20% устама тўланиши белгиланган.