Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси 1 млрд 258 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар қилди.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги «Ўзенергоинспекция» томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва газ таъминоти корхонаси мутахассислари билан ҳамкорликда Тошкент вилоятидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ)да ўтказилган назорат тадбирларида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида жойлашган «Б.Э.Г.700» МЧЖга қарашли АГТКШ томонидан газнинг ҳақиқий сарфини камайтириб кўрсатиш мақсадида ҳисобга олиш приборига ташқи таъсир кўрсатган ҳолда унинг схемалари ўзгартирилгани маълум бўлди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур АГТКШ томонидан давлат манфаатларига жами 1 млрд 258 млн сўмлик зарар етказилгани аниқланди. Қоидабузар истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилган.

Аввалроқ Тошкент шаҳри ва вилоятидаги 3 та газ «заправка» 34 млрд 640 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланганди.