Тошкент вилояти Келес шаҳридаги хусусий болалар боғчаларининг бирида 4 ёшли қизга жинсий тегажоғлик содир этилгани айтилмоқда. Бу ҳақда Болалар омбудсманига унинг ота-онаси томонидан мурожаат келиб тушди.

Болалар омбудсмани мазкур мурожаатни Бош прокуратура билан биргаликда ўрганган. Ҳолат юзасидан 15 декабрь куни Жиноят кодексининг 129-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

«Газета.uz»га маълум бўлишича, мазкур ишда боғча мудирининг ўғли, 24 ёшли З.Б. гумонланмоқда. У боғчада ишлаган ёки ёрдам бериб юрган.

Қайд этилишича, Тошкент тумани Келес йўли кўчасида З.Х. ўзи яшаб келаётган уйида 2023 йил 1 декабрдан бошлаб рухсатнома олмасдан, ҳеч қандай лицензиясиз болалар боғчаси ташкил этган️. Туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими бу ерда санитария қоидалари жиддий равишда бузилгани ва боғчада ишлаган Г.Қ., З.Х.лар тиббий кўрикдан ўтмаганини аниқлаган.

Тергов давомида фуқаро З.Х. нинг лицензия олмасдан мактабгача таълим муассасаси очиб фаолият кўрсатгани ҳолатига ҳам ҳуқуқий баҳо берилмоқда.

Мазкур жиноят иши тергови вилоят прокуратураси, Бош прокуратура томонидан назоратга олинган ҳамда Болалар омбудсманининг бола манфаатлари юзасидан кузатуви остида, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, май ойида Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги 230-сонли болалар боғчасида директорнинг 15 ёшли ўғли 4 нафар қизчага, улар ухлашга ётган вақтида тегажоғлик қилгани айтилганди. Бунга камида 3−4 нафар бола гувоҳ бўлиб қолган. Директор эса буни «туҳмат» деб атамоқда ва қизчаларнинг ўзини тарбиясизга чиқарган.

«Газета.uz» суриштирувидан сўнг ҳолат бўйича жиноят иши очилган. Кўп ўтмай Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 230-сонли боғча директори «хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашиб, болалар ҳаётини хавф остига қўйгани учун» ишдан бўшатилганини маълум қилган.