Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний 19 декабрь куни Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро мукофотни топшириш маросимида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Тошкент шаҳрида бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Қатар амири ташаббуси билан таъсис этилган мукофот билан 2016 йилдан буён ҳар йили глобал миқёсда коррупцияга қарши курашга қўшган ҳиссасининг эътирофи сифатида таниқли жамоат арбоблари, экспертлар ва журналистлар тақдирлаб келмоқда.

Ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар ҳам бўлиб ўтади, дейилади хабарда.

Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 1−2 октябрь кунларидаги Қатарга давлат ташрифи давомида, энг аввало, сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва маданий-гуманитар соҳаларда эришилган келишувларнинг амалга оширилиши кўриб чиқилади. Халқаро ва минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилади.

Президент 15 декабрь куни Қатар қонун устуворлигини таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича маркази Васийлик кенгаши раиси Ал Муҳсин ал-Маррий бошчилигидаги делегацияни қабул қилганди.